Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Май, 2025   |   25 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:19
Қуёш
04:58
Пешин
12:25
Аср
17:29
Шом
19:45
Хуфтон
21:18
Bismillah
23 Май, 2025, 25 Зулқаъда, 1446
Мақолалар

Сен намоз ўқиганинг йўқ!

16.01.2025   9803   8 min.
Сен намоз ўқиганинг йўқ!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Аркон» кўплик сийғасидаги сўз бўлиб, унинг бирлиги рукндир. «Рукн» луғатда бурчак маъносини англатади. Худди бурчак уйдаги асосий нарсалардан бўлганидек, рукн ҳам намоздаги асосий нарсадир. Рукнларсиз намоз бўлмайди. Рукнлар намознинг аввалидан охиригача адо этилиши шарт, уларни қасддан ёки унутиб ёхуд билмасдан қолдириб бўлмайди.

Ҳанафий мазҳабида рукн лафзи ўрнига фарз ва вожиб лафзлари ишлатилади. Қуйидаги ҳадиси шарифларда намознинг фарз ва вожиб амаллари ҳақида сўз боради.

عَنْ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّمَا الْأَعْمَالُ بِالنِّيَّاتِ، وَإِنَّمَا لِكُلِّ امْرِئٍ مَا نَوَى. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига ниятига яраша бўлади», дедилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу ҳадис ва унинг тўлиқ шарҳи «Ният» китобида ўтган. Ҳадиси шарифнинг бир қисмини бу ерда келтиришдан мурод, намозда ният фарз эканлигини билдиришдир. Намоз ўқувчи ният қилиши фарз, аксинча, намози намоз бўлмайди. Агар ниятини тилига олиб айтса, яна ҳам яхши.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ دَخَلَ الْمَسْجِدَ فَدَخَلَ رَجُلٌ فَصَلَّى ثُمَّ جَاءَ فَسَلَّمَ عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَرَدَّ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَلَيْهِ السَّلَامَ، فَقَالَ: ارْجِعْ فَصَلِّ فَإِنَّكَ لَمْ تُصَلِّ، فَصَلَّى ثُمَّ جَاءَ فَسَلَّمَ عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، فَقَالَ: ارْجِعْ فَصَلِّ فَإِنَّكَ لَمْ تُصَلِّ ثَلَاثًا، فَقَالَ: وَالَّذِي بَعَثَكَ بِالْحَقِّ مَا أُحْسِنُ غَيْرَهُ فَعَلِّمْنِي، فَقَالَ: إِذَا قُمْتَ إِلَى الصَّلَاةِ فَكَبِّرْ، ثُمَّ اقْرَأْ مَا تَيَسَّرَ مَعَكَ مِنَ الْقُرْآنِ، ثُمَّ ارْكَعْ حَتَّى تَطْمَئِنَّ رَاكِعًا، ثُمَّ ارْفَعْ حَتَّى تَعْتَدِلَ قَائِمًا، ثُمَّ اسْجُدْ حَتَّى تَطْمَئِنَّ سَاجِدًا، ثُمَّ ارْفَعْ حَتَّى تَطْمَئِنَّ جَالِسًا، ثُمَّ اسْجُدْ حَتَّى تَطْمَئِنَّ سَاجِدًا، ثُمَّ افْعَلْ ذَلِكَ فِي صَلَاتِكَ كُلِّهَا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَزَادَ أَبُو دَاوُدَ: فَإِذَا فَعَلْتَ هَذَا فَقَدْ تَمَّتْ صَلَاتُكَ، وَمَا انْتَقَصْتَ مِنْ هَذَا شَيْئًا فَإِنَّمَا انْتَقَصْتَهُ مِنْ صَلَاتِكَ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кирдилар. Бир одам ҳам масжидга кирди ва намоз ўқиди. Сўнгра келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг саломига жавоб бердилар ва:

«Қайт, бориб намоз ўқи. Сен намоз ўқиганинг йўқ», дедилар. У бориб, намоз ўқиди. Сўнгра келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берди. Бас, у зот:

«Қайт, бориб, намоз ўқи. Сен намоз ўқиганинг йўқ», дедилар. Уч марта шундай бўлди. Бас, шунда ҳалиги одам:

«Сизни ҳақ ила юборган Зот ила қасамки, бундан яхши ўқий олмайман, менга ўргатинг», деди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон намозга турсанг, такбир айт. Сўнгра ўзингга муяссар бўлганича Қуръондан қироат қил, сўнгра рукуъ қил ва рукуъда тин ол, сўнгра ғоз туриб, тиклан. Сўнгра сажда қил ва саждада тин ол. Кейин (бошингни) кўтар ва ўтириб тин ол. Сўнгра сажда қил ва саждада тин ол. Кейин намозингнинг ҳаммасида шундай қил», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Абу Довуд:

«Бас, қачон шуни қилсанг, намозинг тўлиқ бўлади. Бундан бирор нарсани кам қилсанг, намозингдан кам қилган бўласан», деган зиёдани келтирган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф муҳаддис ва фақиҳ уламолар орасида «намозини ёмон ўқиган одамнинг ҳадиси» номи билан машҳур бўлган. У намознинг сифати ҳақидаги ўта муҳим ҳукмларни ўз ичига олган буюк ҳадисдир.

Унда «масжидга кириб келиб, намоз ўқиди» де­йилган кишининг исми Холид ибн Рофеъ бўлиб, Насаий қилган ривоятга кўра, у икки ракъат намоз ўқиган.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Масжидга кирган одам аввало намоз ўқиши кераклиги.

2. Бошлиқ ўзига тобелар қилаётган иш шариатга мосми-йўқми, қараб туриши лозимлиги ва хато бўлса, тузатиб қўйиши.

3. Намоз ўқиб бўлгач, масжиддагиларга салом бериш.

4. Саломни эшитган киши дарҳол алик олиши. Саломга алик олишнинг вожиблиги шу ҳадисдан олинган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аввал саломга алик олиб, сўнг хатони тўғрилашга киришганлар.

5. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қайт, бориб, намоз ўқи. Сен намоз ўқиганинг йўқ» деганларини уламолар икки хил таъвил қилганлар.

Баъзилари «Унинг намози бутунлай намоз бўлмаган», десалар, бошқалари «Унинг намози комил намоз бўлмаган, чунки ҳадиснинг охирида «Бундан бирор нарсани кам қилсанг, намозингдан кам қилган бўласан», демоқдалар», дейишади.

6. Бир нарсани яхши билмаган одам эътироф қилиб, билган одамдан ўргатиб қўйишини сўраши кераклиги.

7. Билган одам эса аввал билмаган одамнинг иши хато эканлигини мулойимлик билан тушунтириб қўйиши лозимлиги.

8. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қачон намозга турсанг, такбир айт» деганлари намозга кириш такбир билан бўлишини ва такбир фарз эканлигини билдиради.

9. «Сўнгра ўзингга муяссар бўлганича Қуръондан қироат қил» деганларидан намозда қироат фарз эканлиги ва у муяссар бўлинганича ўқилиши келиб чиқади.

Ҳанафий уламолар шуни далил қилиб, «Намозда Фотиҳа сурасини ўқиш фарз эмас, балки муяссар бўлганича оятлар ўқиш фарздир», дейдилар.

10. «Тин ол» дейилганидан рукуъ ва саждада хотиржам бўлгудек ҳолат вожиблиги келиб чиқади.

Бунинг энг кам миқдори Ҳанафий мазҳабида рукуъда «Субҳана роббиял азим»ни, саждада «Субҳана роббиял аъла»ни шошмай, уч мартадан айтиш билан белгиланади.

Кўпчилигимиз бу нарсага унча эътибор бермаймиз. Ҳадисдаги намозни камчилик билан ўқиган одамга ўхшаб рукуъ ва саждани номига, тез-тез қиламиз. Аслида эса рукуъда ҳам, саждада ҳам тасбеҳларни ўн бир мартадан айтиш керак.

11. Шунингдек, рукуъдан ҳам ғоз туриб, қоматни ростмана тўғрилаш лозим. Баъзиларга ўхшаб, бошни кўтариб, кўкракни бир оз тўғрилаб, саждага кетавериш керак эмас.

12. Биринчи саждадан бошни кўтарганда ростмана, хотиржам бўлиб ўтириш лозимлиги.

13. «Кейин намозингнинг ҳаммасида шундай қил» деганларидан ҳар бир ракъат намозда юқорида зикр қилинган нарсалар такрорланиши лозимлиги билинади.

14. Намознинг арконларидан бирортасини бузган одам уни қайта ўқиши вожиблиги.

15. Олим одам билмаганларга шариат амалларини сабр билан ўргатиши зарурлиги.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Аллоҳнинг ёрдами яқин

16.05.2025   6354   3 min.
Аллоҳнинг ёрдами яқин

Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бир ажойиб ҳолат ҳақида фикр юритдим: баъзида мўминнинг бошига бир иш тушса, у астойдил дуо қилади, аммо дуоларининг ижобати кўринмайди. Умидсизликка тушай деганда, унинг қалбига қаралади. Агарда у Аллоҳнинг фазлидан умидини узмагани ҳолда тақдирига рози бўлса, дуонинг ижобати тезлашади. Бу маънолар Аллоҳ таоло нозил қилган ояти каримада ўз ифодасини топган: «...Ҳатто Пайғамбар ва иймонли кишилар: “Аллоҳнинг ёрдами қачон (келар экан)?» деган эдилар. Огоҳ бўлингки, Аллоҳнинг ёрдами (ҳамиша) яқиндир”»[1].

Шундай ҳолат Яъқуб алайҳиссалом билан ҳам бўлган. У зотнинг ўғиллари Юсуф алайҳиссалом дом-дараксиз йўқолиб қолганида, кушойиш келишидан ноумид бўлмаганлар. Кейинги ўғиллари ҳам тортиб олинганида, у зот Аллоҳнинг фазлидан умидларини узмаганлари ҳолда: «...Шоядки, Аллоҳ уларнинг (Юсуф, Бинямин ва Мисрда қолган ўғлимнинг) барчаларини (бағримга) қайтарса...»[2], деганлар.

“Дуойимнинг ижобат бўлиш муддати узайиб кетди”, деб қайғурманг. Аллоҳ таоло сизнинг тазарруингиз, ялиниб-ёлворишларингизни кўришни ирода қилмоқда. Сизни қилган сабрингизга ажр ила мукофотламоқчи. Сиз шайтон билан жанг қилишингиз учун ҳам дуойингизнинг ижобатини кечиктириш ила сизни синаяпти.

Гоҳида Аллоҳ таоло сизнинг азиймат, қатъиятингиз нақадар қувватли экани ва балога қанчалик сабрли эканингизни кўриш учун ҳам дард бериб имтиҳон қилади. Агар сабр қила олсангиз, демак, сиз итоаткор бандалар сафидасиз. Борди-ю, иродасизлик қилсангиз, зиёнкорлардан бўласиз. Сабрдан кейин фақат ва фақат ечим, ёруғ кунлар бор.

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу  анҳу: “Сабр қилсанг, ажрга эга бўласан, барибир ёзилгани бўлади. Сабрсизлик қилсанг, гуноҳкор бўлиб қоласан, барибир ёзилгани бўлади”, деганлар.

Шоир айтади:

Балою имтиҳон келса, аларга ҳар он ризо кўрсат,
Синов берган сиҳатни ҳам Ўзи бергай аниқ, албат.
Бандасига не ҳукм этса, ҳикмати бор, итоат қил,
Битганидан қутулмоқлик чорасиздир, бил, эй ғофил!
Ноумидлик ханжарини кўкрагингга урма аммо,
Ки Аллоҳнинг қудратила ечилгайдир ҳар муаммо.

 Аллоҳдан умидингизни узманг. Синовларга сабр қилинг, шундагина улкан ажрларни қўлга киритасиз. Фазл ибн Саҳл айтади: “Касалликларда неъматлар бор”. Бу борада қуйидагиларга эътиборли бўлинг:

– гуноҳлардан тозалаш;
– савобни қўлга киритиш;
– ғафлатдан уйғониш;
– соғлик неъматини эслаб қўйиш;
– тавбага шошилиш.

Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Бақара сураси, 214-оят.
[2]  Юсуф сураси, 83-оят.