Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан самимий мулоқоти кўплаб муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда. Жумладан, фуқаролар қабули давомида ҳар бир мурожаат эътиборга олиниб, ўз ечимини топаётгани қувонарли ҳол.
Ана шундай қабуллардан бири бугун, 22 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари фуқароларни қабул қилиб, мурожаат, арз ва таклифларини эшитдилар. Қабул чоғида улар томонидан кўтарилган масжидлар ҳолати, имом-хатиб фаолияти, ҳаж ва умра, оилавий масалалар, диний таълим ҳамда моддий ёрдам олиш сингари масалаларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.
Жумладан, оилавий муносабатларда келганларга муаммолар ечими бўйича маслаҳатлар, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди.
Мана шундай самимий қабул ва ғамхўрликдан мамнун бўлган фуқаролардан кўрсатилган эътибордан кўнгиллари шод бўлишиб, хайрли дуолар қилишди.
Бу каби қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларида ҳам ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Мадинаи мунаввара шаҳридаги «Zamzam Pullman» меҳмонхонасида бўлиб турган зиёратчилар билан суҳбатлашдилар. Юртдошларимиздан соғликлари, кайфиятлари, ибодатларини қандай адо этаётганлари, меҳмонхонадаги шароитлар ҳақида фикр-мулоҳазаларини сўрадилар.
Бўлажак ҳожилар зиёрат ва ибодатларни бекаму кўст адо этишлари учун кўрсатилаётган хизматлардан ниҳоятда мамнунлигини билдиришди. Айниқса, меҳмонхона Ҳарами шарифга жуда яқинлиги ёши улуғ кишилар учун ҳам қулай бўлаётгани, беш маҳал намозни Масжиди Набавийда адо этишнинг шукуҳи ҳақида сўзладилар. Малакали имом-хатиблардан ташкил топган элликбошилар, ишчи гуруҳи, шифокорлар туну-кун шай туришганини алоҳида эътироф этишди.
Муқаддас заминда тоат-ибодатларини хотиржам бажараётган зиёратчилар яқинлари, оила аъзолари қаторида тез-тез эл-юртимиз, давлатимиз раҳбари ва бошқа мутасаддилар ҳақларига дуолар қилиб, офият ва фаровонлигимиз бардавомлигини Аллоҳдан сўрашмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати