Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Савол: Вафот этганлар тирикларнинг, яқинларининг амалларидан хабардор бўлиб турадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Марҳумларнинг руҳига, Аллоҳ таоло истаса, унинг тирик қариндош-уруғларининг амаллари ва ҳолатларидан хабар берилади. Бу ҳақда бир қанча ҳадиси шарифлар келган. Уларда агар марҳумнинг қариндош-уруғлари яхши амаллар қилса, унинг руҳи хурсанд бўлиши, ёмон амаллар қилса, хафа бўлиши баён қилинган.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллалоҳу алайҳи васаллам: «Албатта сизларнинг амалларингиз вафот қилган қариндош-уруғларингизга кўрсатилади. У(амал)лар яхши бўлса, хурсанд бўладилар. Агар ундай бўлмаса: “Аллоҳ, уларни бизни ҳидоят қилганингдек ҳидоят қилмагунингча вафот эттирмагин”, дейишади», дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Ибн Абу Дунё раҳимаҳуллоҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Марҳумларингизни ёмон амалларингиз билан шарманда қилманглар, чунки бу (амаллар) қабрдаги яқинларига кўрсатилади”, деганлар.
Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.