Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума куни Оли Имрон номли сурани ўқиса, Аллоҳ ва Унинг фаришталари қуёш ботгунча унга салавот айтиб турадилар», – дедилар (Табароний ривоят қилган).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни бомдод намозида «Алиф лам мим. Танзилу…»ни – Сажда(сураси)ни – ва «Ҳал ата ъалал-инсани»ни қироат қилар эдилар» (Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган).
Ибн Абу Сайф Яманий «Ал-ламъа фи рағоиби явмил жумуъа» китобида Термизийнинг қуйидаги гапларини келтиради:
«Тасбеҳ намозини жума куни завол пайтида ўқиш мустаҳабдир. Биринчи ракъатда Фотиҳадан кейин Такосурни ўқийди, иккинчисида Вал асрни, учинчисида Кофирунни, тўртинчисида Ихлосни ўқийди». Сўнг охирида ўқиладиган қўшимча дуони ҳам келтирган.
«Жума ҳақидаги оят ва ҳадислар» китобидан
Ҳанафий мазҳабимизга кўра, такбири таҳрима билан намозга киришда ўнг қўлни чап қўл устига қўйиб, қўлларини боғлайди ва киндик остига қўяди. Бу амални уламоларимиз суннат деганлар.
Алқама ибн Воил оталари Воил ибн Ҳужрдан ривоят қилади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам намозда ўнг қўлларини чап қўллари устига қўйиб, киндик остига қўйганларини кўрдим”.
Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Намозда қўлни қўлнинг устига қўйиб, киндик остига қўйиш – суннатдир” (Имом Абу Довуд ривояти).
@AhliSunnaValJamoaUz