Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Сентябр, 2026   |   9 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:49
Қуёш
06:08
Пешин
12:17
Аср
16:35
Шом
18:28
Хуфтон
19:43
Bismillah
20 Сентябр, 2026, 9 Рабиъус сони, 1448

Меърож кечаси қачон?

24.01.2025   44873   5 min.
Меърож кечаси қачон?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Исро нима дегани?

“Исро” (الإسراء) Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кечанинг бир бўлагида Маккадаги Масжидул Ҳаромдан Қуддусдаги Масжидул Ақсога сайр қилдиришидир.


Меърож нима дегани?

“Меърож” (المعراج) эса, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Қуддуси шарифдан юқорига, яъни, Ўзининг Ҳузурига кўтаришидир.


Исро ва меърож кечаси қачон бўлган?

Исро ва Меърож ҳодисаси юз бергани ҳақида Ислом умматида мутлақо ихтилоф йўқ. Бу ҳақда Қуръони каримда: «(Ўз) бандаси (Муҳаммад)ни, унга мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжидул Ҳаромдан (Қудсдаги) Биз атрофини баракотли қилган Масжидул Ақсога тунда сайр қилдирган Зотга тасбеҳ айтилур. Дарҳақиқат, У эшитувчи ва кўрувчидир» (Исро сураси, 1-оят), дейилган.

Аммо қачон содир бўлгани ҳақида турлича қарашлар бор. Аллома Муборакфурий раҳимаҳуллоҳ “Ар-Раҳийқул махтум” китобида “Исро ва Меърож” воқеаси қачон содир бўлгани тўғрисида айтилган қуйидаги олти хил қарашни келтирган:

  1. Исро Аллоҳ таоло у зотни нубувватга мушарраф этган йили бўлган.
  2. Пайғамбар бўлганларидан беш йил кейин бўлган.
  3. Нубувватнинг ўнинчи йили ражаб ойининг 27-кечасида бўлган.
  4. Ҳижратдан ўн олти ой олдин нубувватнинг 12-йили рамазон ойида бўлган.
  5. Ҳижратдан бир йилу икки ой олдин нубувватнинг 13-йилида муҳаррам ойида бўлган.
  6. Ҳижратдан бир йил олдин нубувватнинг 13-йилида робиъул аввал ойида бўлган.
     

Бу кечанинг ҳикматлари кўп. Улардан бири –

Исро ҳодисаси Ислом даъватининг энг оғир ва машаққатли даврида содир бўлди. Бу вақтда мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кучли тазйиқ ўтказишарди. Уларнинг зулмидан ҳимоя қилувчи Абу Толиб, Хадийжа бинти Хувайлид онамиз ҳам вафот этганди.

Шундай қийин ва маҳзунли бир дамда Исро ва Меърож кечаси содир бўлди. Бу нарса у зотдаги ғам-ташвишни кетказиш, даъват йўлида собитқадам бўлиш, қалбга сурур бағишлаш учун тасалли бериш эди.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам осмонга қандай қилиб кўтарилдилар?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Менга Буроқ келтирилди. У эшакдан баландроқ, хачирдан эса пастроқ ҳайвон бўлиб, югурганда туёғини кўзи етган жойга ташлаб сакрар эди. Унга миниб бир лаҳзада Байтул Муқаддасга етдим. Масжидга кириб, икки ракат намоз ўқиб чиқдим. Менга Жаброил бир идишда шароб, иккинчи идишда сут келтириб тутди. Мен сутни олган эдим, Жаброил: (Соф) фитратни танладингиз”, деди. Кейин биз осмонга кўтарилдик...” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
 

Набий алайҳиссалом самода қайси пайғамбарлар билан учрашдилар?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “...Биринчи осмонда мен Одам алайҳиссалом билан кўришдим.
Иккинчи осмонда Исо ва Яҳё алайҳимассалом билан учрашдим.
Учинчи осмонда Юсуф алайҳиссаломни кўрдим.
Тўртинчи осмонда Идрис алайҳиссаломни,
бешинчисида Ҳорун алайҳиссаломни,
олтинчисида эса Мусо алайҳиссаломни зиёрат қилиб, дуоларини олдим.
Еттинчи осмонда Иброҳим алайҳиссаломни Байтул Маъмурга суяниб турганларини кўрдим”.
 

“Байтул Маъмур”дан “Сидратул мунтаҳо”га

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Байтул Маъмурга ҳар куни етмиш минг фаришта кириб, зиёрат қиладиб кетар экан. Сўнг “Сидратул мунтаҳо” дарахти ёнига келдим. Аллоҳнинг амри билан бу дарахт шундай гўзал ҳолга келган эди, уни таърифлашдан инсон тили ожиз эди”.


5 маҳал намозда 50 маҳал намознинг савоби бор...

Набий алайҳиссалом: “Аллоҳ шу ерда менинг умматимга эллик вақт намозни фарз қилди. Мен Мусо алайҳиссаломнинг ёнига тушдим ва умматимга буюрилган фарз амални айтдим.

Мусо алайҳиссалом: “Умматингиз бу амални бажаролмайди, Аллоҳдан енгиллатишини сўранг”, деб қайтарди. Мен Мусо алайҳиссалом билан Аллоҳ ўртасида бир неча марта қатнадим, ниҳоят Аллоҳ: “Эй Муҳаммад, сизнинг умматингиз учун ҳар кеча-кундузда беш вақт намозни фарз қилдим ва уни эллик вақт ўрнида қабул қиламан”, деб марҳамат қилди.

Мусо алайҳиссалом яна мени қайтарди. Мен энди Аллоҳдан ҳаё қиламан, деб беш вақт намознинг фарзлигига рози бўлдим”.


Бу кеча яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нималар берилди?

Бу кеча – беш вақт намоз фарз бўлди, Аллоҳга шерик қилмай, гуноҳларига тавба қилганларнинг кечирилиши ҳақидаги хушхабар берилди ва “Бақара” сурасининг сўнгги уч ояти нозил бўлди...

Даврон НУРМУҲАММАД

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Мурувватли бўлиш — олий фазилат ва инсоний бурчдир

18.09.2026   81119   1 min.
Мурувватли бўлиш — олий фазилат ва инсоний бурчдир

Бугун, 18 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафари давомида Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидида жума намозини адо этдилар.

Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга “Мурувватли бўлиш — олий фазилат!” мавзусида манфаатли маъруза қилиб бердилар.

Маърузада таъкидланганидек, мурувват — меҳр-шафқат, саховат ва муҳтожларга ёрдам бериш каби энг гўзал инсоний фазилатлардан саналади. Ўзини саховатли деб билган инсон ўз манфаатини ўзгалардан устун қўймаслиги, кексалар ҳолидан хабар олиши, йиқилганни суяш орқали қалбан хотиржамлик топади.

Шунингдек, бугунги тезкор замонда бир-биримизга бағрикенг бўлиш жамиятда тинчлик, барака ҳамда ҳамжиҳатликни барқарор қилиши, ушбу олий фазилатни ўзимизда шакллантириб, фарзандларимизга мерос қолдириш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлиги алоҳида уқтирилди.

Файзли суҳбат якунида юртимизга тинчлик-омонлик ва хонадонларимизга барака тилаб хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари