Шу йил 23 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг Уламолар Кенгаши йиғилишида ҳожиларнинг “Янги Ўзбекистоннинг фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз” ташаббуси доирасидаги кўрсатмасига асосан ўтказиб келинаётган намунавий-амалий тадбирларнинг навбатдагиси Бухоро вилояти Пешкў туманида ўтказилди.
Шу куни Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир домла Элов раҳбарлигида Пешку туманида фаолият кўрсатаётган масжидлар имом-хатиб, имом-ноиб, маҳалла домлалари, отинойилар, мутаваллилар ва нуроний отахонлар иштирокида сайёр йиғилиш бўлиб ўтди. Унда имомлар маҳаллалардаги ёшлар тарбиясига катта эътибор қаратиш, илм-маърифатга қизиқтириш алоҳида таъкидланди.
Шундан сўнг 8 та масжид имом-хатиблари нуронийлар билан ўзларига бириктирилган 37 та маҳаллага чиқиб, 80 дан ортиқ хонадон ҳолидан хабар олди. Жумладан, “Садр” маҳалласида яшовчи юз ёшни қаршилаган меҳнат фахрийси Иброҳим бобо Тоҳировни зиёрат қилди. Сўнг “Мустақиллик” маҳалласида истиқомат қилувчи биринчи гуруҳ ногирони, тадбиркор Барчиной Авезова ва бошқа ижтимоий кўмакка муҳтожларлар ҳолидан хабар олиниб, ҳомийлар иштирокида моддий жиҳатдан кўмак берилди.
Шунингдек, тумандаги замонавий лойиҳалар асосида қурилган 130 ўринли “Махтобой” мактабгача таълим масканида жажжи болалар билан учрашиб, уларга хурсандчилик улашилди.
Сўнгра “Янги бозор” маҳалласида жойлашган “TJS МED” шифохонсида даволанаётган беморлардан кўнгил сўралиб, даволаниш ва дори-дармон учун моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Куннинг иккинчи ярмида вилоят бош имом-хатиби Жобир домла Элов тумандаги Хўжа Рушнои жоме масжидида, туман имом хатиблари ўзларига бириктирилган масжидларда пешин намозини адо қилиб, қавмга муҳим мавзуларда маъвиза қилиш баробарида жамоат билан эл-юртимиз ҳаққига дуои хайрлар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Истиғфор инсоннинг Аллоҳ таолодан гуноҳларини кечиришини сўраши ва унинг раҳматига юзланишидир. Ислом таълимотида истиғфор нафақат гуноҳларнинг кечирилишига, балки инсон ҳаётида барака, хотиржамлик ва яхшиликлар кўпайишига сабаб бўлувчи амал сифатида таъкидланган.
Бир киши Тобеъинларнинг буюк олимларидан Ҳасан Басрий ҳузурларига келиб: Эй имом! осмондан ёмғир ёғмаяпти, деди.
У зот: Аллоҳдан мағфират сўранг (истиғфор айтинг), – дедилар.
Кейин бошқа бир киши келиб: Хотиним фарзанд кўрмаяпти, – деди.
У зот: Аллоҳдан мағфират сўранг, – дедилар.
Яна бир киши келиб: ҳаёт қийинчиликларидан, қашшоқликдан шикоят қиламан, – деди.
У зот: Аллоҳдан мағфират сўранг, – дедилар.
Шунда мажлисдаги кишилардан бири: Ажаб экан, эй имом! Ким қандай ҳожат билан келмасин, ҳаммасига истиғфор айтишни буюряпсиз, – деди.
Ҳасан Басрий бундай жавоб бердилар: Аллоҳ таолонинг ушбу сўзини ўқимадингизми?
“Бас, Парвардигорингиздан мағфират сўранглар. Албатта, У ўта Мағфиратлидир. Шунда У сизларга осмондан кетма-кет ёмғир ёғдиради. Мол-дунё ва фарзандлар билан мадад беради, сизлар учун боғлар ва анҳорлар ато этади” (Нуҳ сураси, 10–12-оятлар).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар билан ишлаш бўлими мутахассиси
Ҳумоюддин Хусниддин ўғлининг таржимаси.