Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Азон ва иқоматни эшитган киши муаззин нима деса, ўшани такрорлайди. Фақат «Ҳаййа ъалал солаҳ, Ҳаййа ъалал фалаҳ», деганда:
لاَ حَوْلَ وَلاَ قُوَّةَ إِلاَّ بِاللهِ
«Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ», деб айтади.
«Ассолату хойрум минан навм», деса:
صَدَقْتَ وَبَرَرْتَ
«содақта ва барорта» ёки
صَدَقَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، الصَّلاَةُ خَيْرٌ مِنَ النَّوْمِ
«содақа Расулуллоҳ ассолату хойрум минан навм», дейди. Агар «қод қоматис солаҳ», деса:
أَقَامَهَا اللهُ وَأَدَامَهَا
«ақомаҳаллоҳу ва адамаҳа», дейди. Агар «ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ», деса, «ва ана ашҳаду анна Муҳаммадар росулуллоҳ», деб, ортидан:
رَضِيتُ بِاللهِ رَبًّا وَبِمُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَسُولاً وَبِالإِسْلاَمِ دِينًا
«Розийту биллаҳи Роббан ва биМуҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллама росулан ва бил Ислами дийна», дейди. Азоннинг ҳаммасини эшитиб бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиб, ортидан мана бу дуони ўқийди:
اللهُمَّ رَبَّ هَذِهِ الدَّعْوَةِ التَّامَّةِ وَالصَّلاَةِ القَائِمَةِ آتِ مُحَمَّدًا الوَسِيلَةَ وَالفَضِيلَةَ وَابْعَثْهُ مَقَامًا مُحْمُودًا الَّذِي وَعَدْتَهُ
«Аллоҳумма робба ҳазиҳид даъватит таммаҳ вассолатил қоимаҳ, ати Муҳаммаданил васийлата вал фазийлаҳ вабъасҳу мақомам маҳмуданиллазий ваъадтаҳ» (Эй бу комил дуонинг ва қоим бўлган намознинг эгаси Аллоҳим, Муҳаммадга васила ва фазилат бер, у зотни ваъда қилганинг мақтовли мақомда тирилтир). Сўнгра хоҳлаганича дунёвий ва ухровий дуоларни қилаверади.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон азонни эшитсанглар муаззин нима деса, ўшани айтинглар», дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло айтади: “Ким Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур”, (Талоқ сураси, 2-оят).
Изоҳ:
- Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ояти кариманинг “чиқиш йўли” қисмини “дунё ва охиратдаги ҳар турли ташвишлардан уни қутқаради”, деб тафсир қилганлар.
- Али ибн Солиҳга кўра, “чиқиш йўли” Аллоҳ таолонинг ўша бандага ризқ бериш билан уни хушнуд этишидир.
- Калбий оятни бундай тафсир қилади: “Ким мусибат пайтида сабр қилиб, Аллоҳдан қўрқса, Парвардигор унга дўзах оташидан жаннат сари бир чиқиш йўли кўрсатади”.
- Абул Олия оятни: “Турли машаққат ва ташвишлардан чиқиш йўли”, дея шарҳлаган бўлса,
- Рабиъ ибн Ҳайсам: “Одамни сиқадиган ҳамма нарсадан унга чиқиш йўли кўрсатади”, шаклида тафсир қилган.
- Ҳусайн ибн Фазлга кўра, оят тафсири бундай: “Ким фарзларни адо этиш борасида Аллоҳдан қўрқса, Аллоҳ унга жазоланишдан қутулиш йўлини кўрсатади”.