Дунё илм-фани тараққиётида мусулмон олимларининг ўрни беқиёс. Турли соҳалар ривожига тамал тошини қўйган олимларимизнинг бугунги кундаги авлодлари ҳам уларнинг ишини давом эттирмоқдалар. Мисол учун, тиббиёт, астрономия, математика, география, ахборот технологиялари ва физика каби жабҳаларда кўплаб ихтиролар қилинди. Замондош мусулмон олимларимиз ҳам илмий салоҳиятда пешқадам. Уларнинг баъзи ихтиролари ҳақида сўз юритамиз.
You tube платформаси дунёдаги энг катта видео-омбори ҳисобладани. Бутун дунёдан миллионлаб фойдаланувчилар ундан ҳар куни фойдаланади. Ушбу платформани бангладешлик Жавед Карим яратган. Платформадаги биринчи видео Карим томонидан 2005 йил 23 апрелда You tube каналига юкланган “Мен ҳайвонот боғида” видеоси бўлди. Дунёдаги энг йирик видеоплатформа сифатида You tube жаҳон воқеаларини, турли фойдали видеоларни шакллантириш ҳамда кенгроқ аудиторияни қамраб олиб кўплаб соҳалар ривожига ўз таъсирини ўтказди. Бугунга келиб дастур орқали хорижий тиллар ва замонавий касбларни уйда ўтирган ҳолда бепул ўрганса бўлади. Танганинг иккинчи тарафи бўлганидек, кўнгилочар видеоларни томоша қилиб вақтимизни зое қилишимиз хам мумкин. Болаларимиз қандай мақсадда фойдаланаётганига эътиборли бўлайлик. Танлов ўз қўлимизда.
Эронлик муҳандис Ҳусайн Яссайи томонидан 2001 йилда Мобил график ишлов бериш блокини яратди. Бу кейинчалик iPhoneнинг видео технологияси учун асос бўлиб, смартфонлар инқилобига йўл очди. 2000 йиллардан бошлаб то ҳозирги кунгача бўлган машҳур мобил телефонларнинг кўпчилиги 3D графикларни таъминлаш учун айнан ушбу ихтиродан фойдаланиб келмоқда. Бу эса тасвир сифатини яхшилади ва кўплаб имкониятларни очиб берди.
Покистонлик олим Навид Саид кремний микрочипида қайта боғланадиган мия ҳужайралари тармоғини ўстириш мумкинлигини исботлади. У мия ҳужайралари фаолиятини аниқ кузатувчи янги технологияни ишлаб чиқди. У 2003 йилда биринчи нейро-чипни ихтиро қилган ва уни 2004 йилда кенг оммага намойиш этди. У мия ҳужайраларини кремний чип билан боғлаган биринчи олим эди. 2024 йил январ ойида Neuralink инсон миясига илк нейрочипни жойлаштирди. Бу айнан Навид Саиднинг тадқиқотига асосланган эди.
Вирусологияда яманлик олим Шайх Aбдул Мажид Зиндоний Қуръони карим ва ҳадислардан фойдаланиб ОИВ ва ОИТСни даволаш йўлини топди. 2007 йилда у Иймон университетида олиб борган илмий ва тиббий тадқиқотларида беморларни муваффақиятли даволаган. Йигирма ҳолатда вирус ҳеч қандай ножўя таъсирларсиз бутунлай йўқ бўлган.
Шайх Музаффар Шукур ҳам космонавт, ҳам жарроҳ бўлган. У 2007 йилда коинотда тиббий тадқиқотлар олиб борди. Унинг фазо кемаси бортида ўтказган тиббий тажрибалари асосан жигар саратони ҳужайраларининг ўсиши, космосда турли оқсиллар ва микробларнинг кристалланиши билан боғлиқ эди. Жигар саратони ҳужайралари ва микроблар билан боғлиқ тажрибалар тиббий тадқиқотлар учун фойдали бўлди.
Мурод Нурал томонидан 2007 йилда Туркияда ихтиро қилинган “Вертикал кўтарилувчи нарвон” Нюрнбергдаги IENA ихтиро кўргазмасида олтин медални қўлга киритди. У баланд нуқталарга кўтарилиш ва у ерда туришни осонлаштириш учун мўлжалланганди. Бу алпинистлар учун фойдали ихтиро сифатида топилди.
Бу каби ихтироларнинг рўйхати талайгина. Биз мусулмонлар илм-фан соҳасида етакчиликни ҳеч кимга бермай ривожланишда бардавом бўлишимиз шарт. Азиз ўқувчи, сиздан илтимос фарзандларингизни ўқитинг ва илмлилар қаторида бўлишини таъминланг. Бу сизу биз учун ҳам фарз, ҳам қарз. Аллоҳ барчамизни ушбу йўлда собитқадам айласин.
Интернет манбалари асосида
Шоҳруҳ УБАЙДУЛЛАЕВ тайёрлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари Ислом ишлари ва вақфлар бош бошқармаси ҳамкорлигида ўзбекистонлик имом-хатиблар учун БААда малака ошириш ўқувлари бошланди. Бу ҳақда мазкур жараёнда иштирок этаётган Масжидлар билан ишлаш бўлими хабар берди.
Мазкур ўқув курсларининг асосий мақсади икки қардош мамлакат диний соҳа вакиллари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, илғор маърифий ёндашувлар, замонавий иш усуллари ҳамда долзарб диний-ижтимоий масалалар юзасидан фикр алмашишдан иборатдир.
Сафар доирасида бўлиб ўтган навбатдаги илмий-амалий машғулот давлатчилик асослари, бағрикенглик маданияти ва замонавий диний-ижтимоий ёндашувлар мавзусига бағишланди. Унда БААнинг тараққиёт йўли, қонун устуворлиги ва жамият барқарорлигида «васатийя» (мўътадиллик) тамойилининг ўрни муҳимлиги таъкидланди. 200 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч-тотув истиқомат қилаётган ушбу мамлакатда инсон қадри ва ўзаро ҳурмат асосий мезон эканига урғу берилди.
Ўз навбатида, БАА томони Ўзбекистоннинг бой цивилизацияси ва дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимиз меросини юксак эҳтиром билан тилга олди.
Малака ошириш жараёнида иштирокчилар масжидлар фаолиятини ташкил этиш, жамиятда маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, хусусан, маъруза ва суҳбатларни замонавий ахборот технологиялари — интерактив тақдимотлар ва проекторлар орқали кўргазмали етказиш бўйича илғор амалиётлар билан яқиндан танишмоқдалар.
Тадбир давомида БАА раҳбариятининг глобал миқёсдаги инсонпарварлик ва хайрия ташаббуслари ҳам алоҳида эътироф этилиб, икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва диний соҳа ходимларининг касбий салоҳиятини оширишга қаратилган мазкур манфаатли сафарни ташкил этган мутасаддиларга самимий миннатдорлик билдирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати