Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Август, 2026   |   8 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:12
Қуёш
05:38
Пешин
12:26
Аср
17:14
Шом
19:18
Хуфтон
20:39
Bismillah
21 Август, 2026, 8 Рабиъул аввал, 1448
Мақолалар

Таомнинг энг ёмони

27.01.2025   8183   3 min.
Таомнинг энг ёмони

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: شَرُّ الطَّعَامِ طَعَامُ الْوَلِيمَةِ يُمْنَعُهَا مَنْ يَأْتِيهَا وَيُدْعَى إِلَيْهَا مَنْ يَأْبَاهَا، وَمَنْ لَمْ يُجِبِ الدَّعْوَةَ فَقَدْ عَصَى اللهَ وَرَسُولَهُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Таомнинг энг ёмони келган одам ман қилиниб, бош тортган одам даъват этиладиган валийма таомидир. Ким даъватга ижобат қилмаса, батаҳқиқ, Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлур», дедилар».

وَكَانَ أَبُو هُرَيْرَةَ عُمَرَ ñ يَقُولُ: شَرُّ الطَّعَامِ طَعَامُ الْوَلِيمَةِ يُدْعَى لَهَا الْأَغْنِيَاءُ وَيُتْرَكُ الْفُقَرَاءُ. وَمَنْ تَرَكَ الدَّعْوَةَ فَقَدْ عَصَى اللهَ وَرَسُولَهُ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُمَا الثَّلَاثَةُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу:

«Таомнинг энг ёмони бойлар даъват қилиниб, камбағаллар тарк қилган валийма таомидир. Ким даъватни тарк қилса, батаҳқиқ, Аллоҳга ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлибди», дер эдилар.

Икковини учовлари ривоят қилдилар.

Шарҳ: Исломда валиймалар, умуман, бировга таом бериш маросимларидан асосий мақсад ҳожатманд кишиларни таомлантириш, уларнинг кўнглини кўтаришдир. Валийма қилган одам унга келган камбағалга қарамай, бойларнинг эшигига бориб, «Менинг валиймамга бир қадамингиз етиб қолса, бахтиёр бўлар эдим», деб илтижо қилиши жуда ўринсиз ишдир.

Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ундай валийманинг таомини энг ёмон таом, демоқдалар. Демак, валийма қилувчи киши ҳам кимларни чақиришни билиши керак. Кўпроқ камбағал, бева-бечораларни даъват қилса, улар зиёфатдан қорни тўйиб, қайғуси кетиб, кўнгли кўтарилиб кетса, эҳсон ўрнига тушади. Бойлигига зеб берган, бировни назар-писанд қилмайдиган манманларни даъват қилишдан эса фойда йўқ.

Афсуски, валийма қилаётганимизда ушбу набавий насиҳатларни ёдимиздан чиқариб қўямиз. Валиймамизга иложи борича казо-казоларни чақиришга ҳаракат қиламиз. Эшикларига бориб, ёлворамиз. Юзимизни сарғайтирамиз. Фақиру фуқароларни эса айтгимиз келмайди. Агар улар ўзлари келиб қолсалар ҳам кўнглимизга оғир ботади.

Аввал билмасак, энди билиб олдик. Бундан буён Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисларига амал қилиб, валийма – зиёфатларимизга камбағалларни ҳам даъват қилишни унутмайлик.

Ҳадиснинг иккинчи қисмида «Ким даъватга ижобат қилмаса, батаҳқиқ, Аллоҳ ва Унинг Расулига осий бўлур», дейилиши валиймага қилинган даъватни қабул қилиб, унга бориш вожиб эканлигини англатади. Чунки Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлиш тарки вожиб туфайли содир бўлади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Имом Бухорий юртида буюк алломалар мероси илм, маърифат ва тадқиқотлар билан янада бойимоқда

21.08.2026   10619   5 min.
Имом Бухорий юртида буюк алломалар мероси илм, маърифат ва тадқиқотлар билан янада бойимоқда

Шу кунларда жойларда Ватанимиз давлат мустақиллигининг 35 йиллигини нишонламоқда. О‘тган йилларга назар ташласак, истиқлол нафақат сиёсий ва иқтисодий мустақиллик, балки буюк аждодлар мероси ва ма’навий илдизларига қайтиш имконини берганини янада чуқур ҳис этамиз.
 
Айниқса, кейинги йилларда Янги О‘збекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илм-ма’рифат, диний та’лим ва буюк алломаларимиз меросини о‘рганиш соҳасида амалга оширилаётган кенг ко‘ламли ислоҳотлар бу борада мутлақо янги босқични бошлаб берди.

Президентимиз 2017 йилдаёқ юртимизда шаклланган буюк илмий мактабларни қайта тиклаш, хусусан, Самарқандда ҳадисшунослик мактабини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди. Орадан ко‘п о‘тмай бу эзгу г‘оя амалий ифодасини топди. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-ма’рифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари то‘г‘рисида»ги Фармони асосида Самарқандда Ҳадис илми мактаби ташкил этилди. Шу йилнинг 1 ноябрида қабул қилинган Ҳукумат қарори билан унинг фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари белгилаб берилди.

Бу воқеа, бизнингча, шунчаки янги та’лим муассасасининг очилиши эмас эди. Бу – Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий каби буюк муҳаддисларни етиштирган заминда ҳадис илмининг узоқ асрлик ан’аналарини замонавий асосда давом эттириш ё‘лидаги тарихий қадам бо‘лди.

Ҳадис илми мактаби олдига Қур’они карим ва ҳадисларнинг асл моҳиятини теран англайдиган, ҳадис илмининг илмий-назарий асосларини пухта эгаллаган, буюк муҳаддисларимиз меросини чуқур о‘рганадиган ва мустақил илмий тадқиқот олиб бора оладиган етук мутахассисларни тайёрлаш вазифаси қо‘йилди. Энг муҳими, ҳадисларда мужассам бо‘лган эзгулик, ҳалоллик, адолат, баг‘рикенглик, ватанпарварлик, ота-онага эҳтиром, инсон қадрини улуг‘лаш сингари умуминсоний г‘ояларни халқимиз, айниқса, ёш авлодга то‘г‘ри ва илмий асосда етказиш та’лим даргоҳининг муҳим вазифаларидан бирига айланди. Бугун Ҳадис илми мактабида та’лим жараёни назарий билим бериш билан чекланиб қолмай, амалий машг‘улотлар билан ҳам узвий бог‘ланган. Талабалар ҳадисларни тахриж қилиш, я’ни уларнинг асл манбаларини аниқлаш, ривоят ё‘ллари ва санадларини о‘рганиш, ҳадис матнларини шарҳлаш ва илмий таҳлил қилиш, уларни мавзу ва мазмунига ко‘ра таснифлаш, шунингдек, ҳадис манбалари ва илмий асарларни тадқиқ қилиш бо‘йича амалий ко‘никмаларни эгалламоқдалар.

Айни пайтда, Ҳадис илми мактабининг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ёнма-ён фаолият юритаётгани ҳам о‘зига хос илмий-ма’рифий муҳитни юзага келтирмоқда. Буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳазратларининг бой илмий меросини о‘рганиш, уни жаҳон илм аҳлига етказиш, замонавий тадқиқотлар билан бойитиш ё‘лида амалга оширилаётган ишлар ёшларимиз учун улкан илмий мактаб вазифасини о‘тамоқда.
Бугун Самарқанд заминида Имом Бухорий номи билан бог‘лиқ улкан бунёдкорлик ишларининг амалга оширилиши ҳам халқимизнинг о‘з буюк аждодига бо‘лган юксак эҳтиромининг ифодасидир. Имом Бухорий мажмуасининг замон талаблари асосида қайта бунёд этилиши, уни илм-ма’рифат, тарбия ва зиёрат масканига айлантиришга қаратилган ишлар нафақат юртимиз, балки бутун ислом олами учун катта аҳамиятга эга.
Янги О‘збекистонда диний-ма’рифий соҳага бо‘лган муносабатнинг энг муҳим жиҳати шундаки, аждодлар мероси фақат тарихий фахр сифатида эмас, балки бугунги ва келажак авлод тарбиясига хизмат қиладиган улкан ма’навий хазина сифатида о‘рганилмоқда. Имом Бухорийнинг илмга садоқати, ҳақиқатни излашдаги матонати, ҳадисларни қабул қилишдаги юксак илмий мезонлари бугунги ёшларимиз учун ҳам ибрат мактабидир.
Со‘нгги йилларда юртимизда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Баҳовуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби каби қатор илм ва ма’рифат масканларининг ташкил этилгани ҳам ушбу сиёсатнинг узвий натижасидир.

Буларнинг барчаси замирида битта буюк мақсадни ко‘риш мумкин: ма’рифатли, о‘з тарихини биладиган, аждодлари мероси билан фахрланадиган, айни пайтда замонавий билим ва тафаккурга эга авлодни вояга етказиш. Биз, Ҳадис илми мактаби жамоаси, яратиб берилаётган бундай имкониятларни катта ишонч ва юксак мас’улият сифатида қабул қиламиз. Чунки буюк муҳаддислар юртида ҳадис илмини о‘рганиш ва о‘ргатиш фақат касбий вазифа эмас, балки аждодлар олдидаги ма’навий бурч ҳамдир.

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида ортга назар солиб, бугунги натижаларни сарҳисоб қилар эканмиз, истиқлолнинг қадрини яна бир бор теран ҳис этамиз. Агар мустақиллик халқимизга о‘з тақдирини о‘зи белгилаш ҳуқуқини берган бо‘лса, Янги О‘збекистондаги ислоҳотлар миллий ва диний-ма’рифий меросимизни чуқур о‘рганиш, уни дунёга муносиб тарзда намоён этиш учун янги имкониятлар эшигини очди. Эндиликда бизнинг вазифамиз – ана шу имкониятлардан самарали фойдаланиб, Имом Бухорий ва бошқа буюк алломаларимиз қолдирган илмий меросни янада чуқур тадқиқ этиш, унинг инсонпарварлик ва ма’рифатпарварлик г‘ояларини ёш авлод қалбига етказишдир. Зеро, о‘з о‘тмишини англаган, илмни қадрлаган ва ма’рифатга таянган халқнинг келажаги ҳамиша порлоқ бо‘лади.

Барот Амонов, Ҳадис илми мактаби ректори.

О‘збекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари