Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Июл, 2026   |   16 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:08
Қуёш
04:54
Пешин
12:29
Аср
17:42
Шом
20:04
Хуфтон
21:45
Bismillah
01 Июл, 2026, 16 Муҳаррам, 1448
Мақолалар

Таомнинг энг ёмони

27.01.2025   7321   3 min.
Таомнинг энг ёмони

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: شَرُّ الطَّعَامِ طَعَامُ الْوَلِيمَةِ يُمْنَعُهَا مَنْ يَأْتِيهَا وَيُدْعَى إِلَيْهَا مَنْ يَأْبَاهَا، وَمَنْ لَمْ يُجِبِ الدَّعْوَةَ فَقَدْ عَصَى اللهَ وَرَسُولَهُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Таомнинг энг ёмони келган одам ман қилиниб, бош тортган одам даъват этиладиган валийма таомидир. Ким даъватга ижобат қилмаса, батаҳқиқ, Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлур», дедилар».

وَكَانَ أَبُو هُرَيْرَةَ عُمَرَ ñ يَقُولُ: شَرُّ الطَّعَامِ طَعَامُ الْوَلِيمَةِ يُدْعَى لَهَا الْأَغْنِيَاءُ وَيُتْرَكُ الْفُقَرَاءُ. وَمَنْ تَرَكَ الدَّعْوَةَ فَقَدْ عَصَى اللهَ وَرَسُولَهُ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُمَا الثَّلَاثَةُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу:

«Таомнинг энг ёмони бойлар даъват қилиниб, камбағаллар тарк қилган валийма таомидир. Ким даъватни тарк қилса, батаҳқиқ, Аллоҳга ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлибди», дер эдилар.

Икковини учовлари ривоят қилдилар.

Шарҳ: Исломда валиймалар, умуман, бировга таом бериш маросимларидан асосий мақсад ҳожатманд кишиларни таомлантириш, уларнинг кўнглини кўтаришдир. Валийма қилган одам унга келган камбағалга қарамай, бойларнинг эшигига бориб, «Менинг валиймамга бир қадамингиз етиб қолса, бахтиёр бўлар эдим», деб илтижо қилиши жуда ўринсиз ишдир.

Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ундай валийманинг таомини энг ёмон таом, демоқдалар. Демак, валийма қилувчи киши ҳам кимларни чақиришни билиши керак. Кўпроқ камбағал, бева-бечораларни даъват қилса, улар зиёфатдан қорни тўйиб, қайғуси кетиб, кўнгли кўтарилиб кетса, эҳсон ўрнига тушади. Бойлигига зеб берган, бировни назар-писанд қилмайдиган манманларни даъват қилишдан эса фойда йўқ.

Афсуски, валийма қилаётганимизда ушбу набавий насиҳатларни ёдимиздан чиқариб қўямиз. Валиймамизга иложи борича казо-казоларни чақиришга ҳаракат қиламиз. Эшикларига бориб, ёлворамиз. Юзимизни сарғайтирамиз. Фақиру фуқароларни эса айтгимиз келмайди. Агар улар ўзлари келиб қолсалар ҳам кўнглимизга оғир ботади.

Аввал билмасак, энди билиб олдик. Бундан буён Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисларига амал қилиб, валийма – зиёфатларимизга камбағалларни ҳам даъват қилишни унутмайлик.

Ҳадиснинг иккинчи қисмида «Ким даъватга ижобат қилмаса, батаҳқиқ, Аллоҳ ва Унинг Расулига осий бўлур», дейилиши валиймага қилинган даъватни қабул қилиб, унга бориш вожиб эканлигини англатади. Чунки Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлиш тарки вожиб туфайли содир бўлади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Азон дуосини ҳар ким ўзи қиладими?

29.06.2026   6959   1 min.
Азон дуосини ҳар ким ўзи қиладими?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Савол: Азон дуосини ҳар ким ўзи қиладими ёки имом ё муаззин ўқиса, бошқалар омин деб турадими? Чунки бу ҳолат турли жойларда турлича экан.

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Азонга жавоб бериш, дуоларини қилиш шариатимизда жорий этилган ва ҳар бир шахс айтиши керак бўлган зикр ҳисобланади. Ҳожатхонага кириш ва чиқишдаги, тонгги ва кечки дуолар ҳам шу туркумдаги зикрга киради. Яъни ҳар бир шахс алоҳида қилиши афзал саналади. Шу боис ҳам айрим фуқаҳолар азон тугагач, унинг дуосини муаззин ҳам, эшитувчи ҳам ўқийди, деганлар. Шуни унутмаслик лозимки, бу ишнинг асоси фарз ёки суннат амалга эмас, балки афзалликка бориб тақалади.

Агар қавмдан кўпчилик азон дуосини билмаса, имом ёки муаззин бир муддат таълим учун баланд овозда ўқиб туришида гуноҳ йўқ, лекин доимий равишда баланд овозда бир киши ўқиб беришни одат қилиб олмаслик тавсия қилинади. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

 

Азон дуоси: Аллоҳумма, Робба ҳазиҳид даъватит тааммати вас-солатил қоимати ати Муҳаммаданил василата вал фазилата вабъасҳу мақомам маҳмудан аллазий ваъадтаҳ