Таъкидлаш керакки, Малайзия халқаро ислом университети халқаро ислом университетлари рейтингида 2-ўринда туради. Ушбу университет хорижий тилларда дебат қилиш бўйича дунёнинг энг кучли университетлари рейтингида 41-ўринни эгаллаган.
Тадбирда Малайзия халқаро ислом университети билан Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўртасида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди.

Проректор Муҳаммад Фавзан Нуриддин барча йўналишларда Ўзбекистон билан ҳамкорликка тайёр эканини таъкидлади.
Шунингдек, Малайзия халқаро ислом университети Ислом билимлари факультети декани Шукран Абдураҳмон билан учрашув бўлиб ўтди.
Малайзия томонига Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида кенг қамровли маълумот берилди.
– Президент Шавкат Мирзиёев томонидан диний соҳада амалга оширилаётган лойиҳалар мени ҳайратлантирди, – деди Шукран Абдураҳмон ўз сўзида. – Қисқа вақт ичида бу каби кенг кўламли ишларни ташкил этиш камдан-кам раҳбарнинг қўлидан келади. Ўзбекистон – ислом цивилизациясининг бешиги. Агар Ўзбекистон томони имконият берса, мен ҳам бу қадимий ўлкага бориб илмий тадқиқот қилган бўлар эдим.
Мулоқот самимий ва конструктив руҳда бўлиб ўтди.
Н.Усмонова,
ЎзА мухбири
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Шайх Нуриддин Холиқназар ташаббуслари билан Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Қорақалпоғистон мусулмонлари қозияти ва қозиётга қарашли барча масжид имом-хатиблари томонидан нуроний кексалар, меҳнат фахрийлари ҳамда ёрдамга муҳтож оилаларнинг ҳолидан хабар олинди. Тадбир доирасида муҳтож оилаларнинг турмушини енгиллаштириш мақсадида бир оилага замонавий қуёш панели ўрнатиб берилиб, қўшимча байрам совғалари топширилди. Бундай хайрия ташаббуслари жамиятда ўзаро аҳиллик, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти