“Салафийлик” тушунчаси араб тилидаги “салаф” сўзидан олинган. “Салаф” сўзи “аввал яшаб ўтганлар”, “аждодлар” деган маъноларни билдиради. Ҳадисларга кўра, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам замонида ва ундан кейинги икки асрда яшаган мусулмонлар “салафи солиҳ”, яъни “солиҳ аждодлар” ҳисобланади. Шунга кўра, Ислом уламолари саҳобий, тобеин ва табаа тобеинларни “солиҳ аждодлар” деб ҳисоблашда якдилдирлар. Кейинги даврларда яшаган мусулмонларга нисбатан “салаф” ёки “салафийлар” тушунчаларини ишлатиш тўғри бўлмайди. Аксинча, уларга “халаф” яъни, кейинги келганлар дейиш тўғри бўлади.
Қайд этиш жоизки, тарихда яшаб ўтган Ислом уламоларининг асарларида “салаф” сўзи кўп учрайди. Аммо, бундан мурод ҳозирги давримизда алоҳида ажралиб чиққан, ўзларини “салафий” деб атаётган тоифалар назарда тутилган эмас.
Сўнгги вақтларда “салафи солиҳларга эргашиш” иддаоси остида ўзларини гўёки “салафларнинг издошларимиз”, деб ҳисоблайдиган ўта мутаассиб, тўғри йўлдан адашган сохта салафийлар пайдо бўлганини алоҳида қайд этиш лозим.
Йигирманчи асрнинг йирик уламоларидан Шайх Муҳаммад Ғаззолий ўзининг “Мусулмонларнинг ягона маърифий дастури” номли мақоласида “Салафийлик”нинг ҳақиқати ҳақида бундай ёзади:
“Салафийлик бу араб ярим оролининг маълум бир жойида яшайдиган, муайян бир ижтимоий тарзда ҳаёт кечирадиган одамлар гуруҳи эмас. Биз бу тарзда тушунишни рад этамиз ва унга мансуб бўлишни инкор этамиз.
Салафлик — ақлий ва ҳиссий туйғу бўлиб, саодат асри билан боғланади, Аллоҳнинг Китоби ва Пайғамбарнинг суннатига содиқликни чуқурлаштиради ҳамда Аллоҳнинг каломини юксалтириш учун моддий ва маънавий саъй-ҳаракатларни амалга оширади. У ирқ ёки рангга эътибор бермайди. Исломни тушуниши ва унга амал қилиши эса унинг умумийлиги, абадийлиги, фитратга мувофиқлиги ва ақлга таянганлиги даражасида бўлиши лозим.
— Мен айрим одамларни кўрдим, улар салафийликни Аҳмад ибн Ҳанбалнинг фиқҳи деб тушунадилар, бу хато. Аҳмаднинг фиқҳи Ислом маданиятидаги кўплаб фикрий йўналишлардан бири бўлиб, у турли диёр имомлари ва бошқаларни ўз ичига олади.
— Баъзи одамлар салафийликни фақат ҳадисга асосланган мактаб деб тушунадилар. Бу ҳам хато. Чунки ақлий мактаб (раъй мактаби) ҳам ҳадис мактаби сингари Исломдан олиб, унга таянади. Улардан баъзилари ўзларини “аҳли ҳадис” деб атайдилар ва ривоятларни нотўғри тушунишлари сабабли ҳаромда фитна чиқарадилар. Ҳадис бирор бир гуруҳнинг хусусий мулки эмас, у барча мазҳаблар учун асосий манба ҳисобланади.
— Айрим одамлар илмий кашфиётларни ёқтирмайди ва улардан Ислом даъвати ҳамда таълимотини ҳимоя қилишда фойдаланишни билмайдилар. Масалан, улар телевидениеда суҳбат қилишни рад этадилар. Чунки, экранда суратнинг кўринишини ҳаром дейдилар. Улар астрономия, география каби фанларни масхара қиладилар ва инкор қиладилар. Бу тоифа аслида салаф ҳам эмас, халаф ҳам эмас. Уларнинг қалблари ва ақллари қайта ишланишга муҳтож.
— Баъзи одамлар қийин ва қаттиқ фатволар беришни ўзларига вазифа қилиб олганлар. Улар одамларга фақатгина оғир ва машаққатли ҳукмлар чиқаради, ҳаётларини қийинлаштиради ва уларнинг дунёдаги ривожланишларини ортга суриб, уларни қоронғу ғорларга ҳибс этади. Бу тоифа ҳам на салаф ва на халаф. Улар дин илмларига нисбатан номақбул кишилардир, уларнинг аксарияти виждон ва фикрда нуқсонлидир.
Мен айтаман: “Бу салафийлик эмас! Бу даъват соҳибининг гапи эмас, бу йўлтўсарларнинг фикридир. Бундай одамларга бирор бир жойда шогирдларга Исломдан дарс беришларига ёки халқаро анжуманлар ва катта жоме масжидларида ваъз айтишларига ишонч билдириш мумкин эмас”.
— Шундай кишиларни кўрдикки, ўзлари ҳадис билан шуғулланадилар, фиқҳдан маълумотлари оз бўлишига қарамай ўзларидан фақиҳ ясаб олганлар. Кейин эса, сиёсатчига айланиб жамиятни ва давлатни ўзлари айтган, ўзлари билган тушунчалари асосида ўзгартиришни даъво қиладилар.
— Бундай саёз диний фикр эгаларининг энг ажабланарли томони — улар ҳукумат дастурларини, маслаҳатлашув услубларини, молиявий муносабатлар, ижтимоий адолат, ёшлар муаммолари, оила муаммолари ва ахлоқий тарбия ҳақида ҳеч нарса билмайдилар. Улар маданий ҳаёт ва моддий тараққиёт Ислом олиб келган олий ғоялар ва улуғ мақсадларга хизмат қилишини ҳам ҳечам идрок қилмайдилар”.
Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунимизда юртдошларимиз ичида ҳали ҳам билиб-билмай сохта салафийларнинг асоссиз даъволарининг таъсирида юрган кишилар, уларга тақлид қилаётганларнинг мавжуд экани ушбу тоифанинг асл моҳиятини очиб бериш, уни халқимизга тўғри тушунтириб бериш долзарб эканини билдирмоқда. Бизнинг энг асосий вазифамиз ёшларни бундай сохта салафийлар домига тушиб қолишдан асрашимиз ва бунинг учун эса доим огоҳлик билан уларга қарши илмий раддиялар бериб боришимиз керак бўлади.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари.
#Мустақилликнинг 35 йиллиги
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйи яқинлашиб, жойларда байрам шукуҳи кеза бошлади. Бундан дилда шукроналик ҳисси ортмоқда.
Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб, бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайди. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан. Шундай экан, тинчликнинг қадрига етиб, унинг шукрини адо этиш инсоннинг бурчларидандир. Зеро, ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган ишлар хотиржам адо этилиши учун ҳам осойишталик лозим бўлади. Аллоҳ таоло ҳам: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” дея буюради (Бақара сураси, 208-оят). Тинчлик, салимлик мавзуси ўта муҳим бўлгани боис Қуръони карим оятларидан ўрин олган. Зотан, араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.
Бандага берилган неъматларнинг қадрига етишда ва уни асрашда, бизга пайғамларларнинг отаси бўлган, Иброҳим алайҳиссалом ўрнак бўлиб келган. У зот ўз даврида Маккага тинчлик, унинг аҳлига ризқ сўрагани сўзимизнинг ёрқин мисолидир: “Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” деди” (Бақара сураси,126-оят).
Аллоҳ таоло бу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўтган пайғамбарлар ҳаётидан хабардор қилиш баробарида, улар сўраган нарсаларни ҳам билдириб, шунга чақирган.
Бу неъатлар бардавом бўлиши учун ҳам инсондан шукр ва қадрлаш талаб этилади. Тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, муқаддас динимиз буюрадиган ишлардан. Шундай экан, инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган, Аллоҳ неъмат қилиб берган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, нози неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукр қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши лозим.
Бугун дунёда тинчлиги, хотиржамлигини йўқотганлар қанча. Буларни кўриб, эшитиб турганлар ибрат олиб, хулосалар чиқариб, ўзлари учун инъом қилинган тинчлик ва хотиржамликни қадрлаб, асраб авайлаши лозим.
Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликни сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж, ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, ғарзли ва манфур кимсаларнинг макрларига учмасдан, ёш авлодни ҳам улардан хабардор қилиб, ислом таълимотининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бу хусусида Аллоҳ таоло бундай деган: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).
Хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчлик ва хотиржамликка бўлган эътибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик унинг негизи экани яққол намоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса Аллоҳга янада кўпроқ шукр қилишга ундайди.
Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига ҳам боғлиқ. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари шундан. Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор, бардавом, халқимиз ҳаётини бундан-да фаровон қилсин.
Исомиддин АҲРОРОВ