Cавол: Тишимни даволатдим. Таҳоратим бор эди, лекин шифокор тишимни тозалаётганда қон чиқиб кетди. Шундан кейин пломбалаб қўйди. Энди таҳоратларим чала бўлиб қолмайдими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Уламолар зарурат туфайли тиш қоплатиш ва қоплама (пломба) қўйишни жоиз дейишган. Чунки буни даволаниш деб ҳисобланади. Бу ҳолатда бемор таҳоратли, пок бўлиши шарт қилинмаган. Тиш, қоплама қўйдиргандан кейин таҳорат ёки ғуслда оғзини чайқаганда қопланган тишнинг устини ювиш остини ювиш ўрнига ўтади. Чунки уламолар жароҳат устига бирор нарсани боғлаш вақтида таҳоратли бўлиш шарт эмас, дейишган. Қопланган тиш ва пломбалар ҳам мана шу ҳукмга тушади (“Ал-лубоб фи шарҳил китоб” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
#xabar #mustaqillik #bayram
Бугун, 1 сентябрь куни Макка шаҳридаги “Al-Ayyam Elite” меҳмонхонасида Ватанимиз мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан айни кунларда Маккаи мукаррамада тоату ибодатлар билан бўлиб турган 200 нафардан зиёд зиёратчиларимиз учун байрам тадбири ташкил этилди. Унда Жидда шаҳридаги бош консул Сирожиддин Шамсуддинов, “Ҳаж” ва “Умра” бўйича атташе Шуҳрат Амоний, Ишчи гуруҳ вакиллари иштирок этди.
Анъанага мувофиқ тадбир Қуръон тиловати ва хайрли дуолар ила бошланди. Шундан сўнг мутасадди вакилларимиз умра сафарида бўлиб турган ҳамюртларимизни Мустақиллик куни билан муборакбод этиб, юртимизда 34 йил давомида амалга оширилган хайрли ишлар, хусусан, сўнгги йилларда бўй кўрсатаётган кенг кўламли ислоҳотлар, эркинлик неъмати, уни асраб-авайлаш ва қадрлаш барча юрт фарзандларининг бурчи эканини алоҳида таъкидлаб ўтишди.
Маънавий-маърифий учрашувда кейинги йилларда барча соҳалар қатори диний-маърифий соҳада ҳам улкан ўзгаришлар рўй бергани, жумладан, умра зиёрати бир неча юз минг нафарга, Ҳаж квотаси эса 15 минг нафаргача оширилгани, уларга хизмат кўрсатиш, мавжуд шароитлар ҳавас қиладиган даражага кўтарилгани, бунга ҳозирда умра амалини адо этаётган ҳамюртларимиз бевосита гувоҳ бўлаётгани қайд этилди.
Тадбирда иштирокчиларни яхши тилак ва дуолар билан қутлаш баробарида байрам ширинликлари ҳам улашилди. Кўтарингки ва самимий руҳда ўтган тадбир зиёратчиларда катта таассурот қолдирди.
Аллоҳ таоло мустақиллигимизни абадий қилсин, юртимизни тинч ва фаровон, халқимизни хотиржам ва бахтиёр айласин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати