Cавол: Тишимни даволатдим. Таҳоратим бор эди, лекин шифокор тишимни тозалаётганда қон чиқиб кетди. Шундан кейин пломбалаб қўйди. Энди таҳоратларим чала бўлиб қолмайдими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Уламолар зарурат туфайли тиш қоплатиш ва қоплама (пломба) қўйишни жоиз дейишган. Чунки буни даволаниш деб ҳисобланади. Бу ҳолатда бемор таҳоратли, пок бўлиши шарт қилинмаган. Тиш, қоплама қўйдиргандан кейин таҳорат ёки ғуслда оғзини чайқаганда қопланган тишнинг устини ювиш остини ювиш ўрнига ўтади. Чунки уламолар жароҳат устига бирор нарсани боғлаш вақтида таҳоратли бўлиш шарт эмас, дейишган. Қопланган тиш ва пломбалар ҳам мана шу ҳукмга тушади (“Ал-лубоб фи шарҳил китоб” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Қиёмат куни икки кишига Аллоҳ таоло раҳмат назари билан қарамайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таоло қиёмат куни икки кишига раҳмат назари билан қарамайди. Улардан бири қариндош-уруғи билан алоқаларини узган киши бўлса, иккинчиси ёмон қўшнидир”.
Шундай экан, ким Аллоҳнинг назаридан умидвор бўлса, силаи-раҳмни узмаслиги, қўни-қўшнилар билан яхши қўшничилик қилиши лозим.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг раҳматига сазавор айласин!
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими