Саудия Арабистони хорижий фуқароларга Макка ва Мадинада кўчмас мулкка сармоя киритишга рухсат бергани ҳақида “Al-Arabiya” сайти хабар қилди.
Капитал бозорлари бошқармаси таъкидлашича, ушбу қадам мамлакат иқтисодиётига хорижий сармояларни жалб қилиш ва исломнинг муқаддас шаҳарларида инфратузилмани ривожлантириш учун маблағ оқимини таъминлаш мақсадида амалга оширилган.
“IslamNews” маълумотига кўра, Саудия Арабистони 2030 йилгача ҳаж ва умра ибодатларини бажариш учун тахминан 30 миллион зиёратчини қабул қилишга умид билдирмоқда. 2019 йилда мамлакат ҳукумати зиёрат ишларидан 12 миллиард АҚШ доллари миқдорида даромад олган. Ҳаж ва умра мамлакат иқтисодиётининг муҳим сектори ҳисобланади ва Саудия Арабистони бу соҳани янада кенгайтиришга интилаётганини қайд этди.
Макка ва Мадинада кўчмас мулкка сармоя киритиш бўйича қарор эълон қилинганидан сўнг Маккадаги қурилиш компаниялари акциялари нархи 10 фоизга ошди. Шунга қарамай кўчмас мулк сотиб олишда баъзи чекловлар бўлади. Саудия Арабистони фуқаролигини олмаган шахслар кўчмас мулк объектларининг 49 фоизидан ортиғини ўз мулки сифатида эгаллай олмайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Туркиянинг нуфузли таҳлил маркази ANKASAM (Ankara Kriz ve Siyaset Araştırmaları Merkezi) мамлакатимизда виждон эркинлигини таъминлаш, диний таълимни такомиллаштириш, ислом меросини илмий асосда ўрганиш ва жаҳонга танитишга қаратилган кенг қамровли ишларга юқори баҳо берди.
Туркиянинг нуфузли таҳлил маркази ANKASAM (Ankara Kriz ve Siyaset Araştırmaları Merkezi) Ўзбекистонда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган таҳлилий мақола эълон қилди.
“Янги Ўзбекистон: Диний соҳадаги ислоҳотларнинг муваффақият формуласи” деб номланган ушбу таҳлилий мақолада мамлакатимизда виждон эркинлигини таъминлаш, диний таълимни такомиллаштириш, ислом меросини илмий асосда ўрганиш ва жаҳонга танитишга қаратилган кенг қамровли ишларга юқори баҳо берилган.
ANKASAMга кўра, Ўзбекистонда қабул қилинган янги сиёсат ва инсон қадрини устувор қиймат сифатида белгилаган ёндашув сўнгги етти йилда диний соҳада чуқур, тизимли ислоҳотларни амалга оширишга пойдевор бўлди. Хусусан, таҳлилчиларнинг томонидан давлат ва дин муносабатларини демократия ва маърифат асосида қайта йўлга қўйиш, диний таълим муассасаларини халқаро андозаларга мос равишда ривожлантириш, илм-фан ва маърифатни ислом дини билан уйғунлаштириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар эътироф этилган.
Мақолада айни пайтда Ўзбекистонда фаолият юритаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби, Мир Араб олий мадрасаси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси каби муассасаларнинг фаолияти, улар орқали ислом динининг ҳақиқий инсонпарварлик ва маърифий моҳияти кенг ёритилаётгани таъкидланган. Ушбу марказлар фақат диний эмас, балки илмий-тадқиқот, маданий-тарихий меросни сақлаш ва оммалаштириш вазифасини ҳам бажармоқда.
ANKASAM таҳлилига кўра, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган диний-маърифий ислоҳотларнинг муваффақияти – бу сиёсий ирода, стратегияли ёндашув, илмий асос ва халқаро ҳамкорликни ўзида уйғунлаштирган моделдир. Шу жиҳатдан, Ўзбекистон тажрибаси минтақа давлатлари ва ислом олами учун ўрганишга арзийдиган намуналардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
ANKASAM каби халқаро нуфузга эга таҳлил марказлари томонидан бу каби таҳлилий мақолалар эълон қилиниши Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг очиқлиги, халқаро стандартларга мослиги ва жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётганини яна бир бор тасдиқлайди.