Саудия Арабистони хорижий фуқароларга Макка ва Мадинада кўчмас мулкка сармоя киритишга рухсат бергани ҳақида “Al-Arabiya” сайти хабар қилди.
Капитал бозорлари бошқармаси таъкидлашича, ушбу қадам мамлакат иқтисодиётига хорижий сармояларни жалб қилиш ва исломнинг муқаддас шаҳарларида инфратузилмани ривожлантириш учун маблағ оқимини таъминлаш мақсадида амалга оширилган.
“IslamNews” маълумотига кўра, Саудия Арабистони 2030 йилгача ҳаж ва умра ибодатларини бажариш учун тахминан 30 миллион зиёратчини қабул қилишга умид билдирмоқда. 2019 йилда мамлакат ҳукумати зиёрат ишларидан 12 миллиард АҚШ доллари миқдорида даромад олган. Ҳаж ва умра мамлакат иқтисодиётининг муҳим сектори ҳисобланади ва Саудия Арабистони бу соҳани янада кенгайтиришга интилаётганини қайд этди.
Макка ва Мадинада кўчмас мулкка сармоя киритиш бўйича қарор эълон қилинганидан сўнг Маккадаги қурилиш компаниялари акциялари нархи 10 фоизга ошди. Шунга қарамай кўчмас мулк сотиб олишда баъзи чекловлар бўлади. Саудия Арабистони фуқаролигини олмаган шахслар кўчмас мулк объектларининг 49 фоизидан ортиғини ўз мулки сифатида эгаллай олмайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.
Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.
Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати