Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Июл, 2025   |   6 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:09
Қуёш
04:54
Пешин
12:32
Аср
17:41
Шом
20:04
Хуфтон
21:41
Bismillah
01 Июл, 2025, 6 Муҳаррам, 1447
Мақолалар

Мусулмон оламида Қуръони каримдан кейинги иккинчи муҳим манба

29.01.2025   4636   2 min.
Мусулмон оламида Қуръони каримдан кейинги иккинчи муҳим манба

Мисрнинг "Al Diplomacy" ахборот агентлиги Имом ал-Бухорий меросига бағишланган мақола эълон қилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири. 


Унда қайд этилишича, Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ҳаёти давомида 20 дан ортиқ асарлар яратган. Улардан "Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ", "Ал-адаб ал-муфрад", "Ат-таърихал-кабир", "Барр ул-волидайн" ва бошқаларни кўрсатиш мумкин.


Нашрда Имом Бухорий асарлари орасида "Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ" китоби муҳим аҳамият касб этиши таъкидланган. Ушбу асар ислом оламида Қуръони Каримдан кейинги иккинчи манба сифатида эътироф этилади.


"Ҳадис илми султони Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий қаламига мансуб бу асар кўп нусхада мусулмон халқлари орасида тарқалган, дунёнинг турли тилларига таржима қилинган ва ҳозир ҳам таржима қилинмоқда", – дейилади мақолада.


Мақолада Ислом оламида "ас-Саҳиҳ", "Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ" ва "Саҳиҳ ал-Бухорий" номлари билан машҳур бўлган ушбу китобнинг тарихи батафсил ёритилган.

 

"Имом Бухорийнинг ушбу асарни ёзишга устозининг ишончли ҳадисларни тўплаш зарурлиги ҳақидаги маслаҳатлари туртки бўлган", – деб ёзган муаллиф.


Имом Бухорий ушбу шоҳ асарни 16 йилда ёзиб битирган. Бунгача ҳадислар саҳиҳлик даражаларига кўра, таснифланмагани учун бу иш инқилобий хусусиятга эга бўлганлиги таъкидланади. Имом Бухорий ҳадис ровийларининг таржимаи ҳолларини ўрганар экан, фақат саҳиҳликнинг қатъий мезонларига жавоб берадиганларини танлаган. У ҳадис илмида мутлақо янги йўл очди, бу эса ҳадис илмида "олтин аср"ни бошлаб берди.


"Имом Бухорийнинг ҳар бир асари мусулмонлар учун муҳим манба бўлиб, маърифий-маънавий, тарихий билимларни бойитишда жуда муҳим. Унинг илмий мероси нафақат ислом тарихининг бир қисми, балки жаҳон ҳамжамияти маънавий ривожига ҳам йўл кўрсатувчи манбадир", – дейилган мақола хулосасида.
 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Вафот этган ота-онамга қандай яхшилик қилишим мумкин?

30.06.2025   2330   3 min.
Вафот этган ота-онамга қандай яхшилик қилишим мумкин?

Фарзанд учун ота-онага хизмат қилиб, уларнинг розилигини олишдан ҳам улуғроқ саодат йўқ. Боиси Аллоҳ таоло ризоси ота-она розилигига боғланган.

Меҳрибон Роббимиз ота-она розилигини топиш учун бизларга унинг йўллари ва воситаларини осон қилиб қўйган. Нафақат ҳаётликларида, балки дунёдан кўз юмганларидан кейин ҳам уларга яхшилик қилиш шулардан биридир.

Шариатимизда ота-она нафақат ҳаётлик чоғларида, балки улар бу дунёдан ўтиб кетганларидан кейин ҳам ҳақларини адо этмоқлик фарзанд зиммасидаги вазифалардан саналади. Ана шулардан бири ота-она яқинлари ва дўстларига яхшилик қилишдир.

Ибн Динордан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Умарнинг эшаги ва салласи бўлар эди. Бир куни ўша эшагини миниб кетаётган эди, олдидан бир аъробий ўтиб қолди. Шунда  “Сен фалончининг ўғли эмасмисан?” деди. У: “Ҳа, шундай”, деди. Ибн Умар унга эшакни бериб, “Бунга миниб ол”, деди ва салласини бериб: “Буни бошингга ўраб ол”, деди.

Шерикларидан бири унга: “Аллоҳ сизни мағфират қилсин! Чарчаганда миниб турадиган эшагингизни, бошингизга ўрайдиган саллангизни мана шу аъробийга бердингиз-а?” деди. Ибн Умар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Яхшиликларнинг энг яхшиси – киши отаси кетганидан (вафот этганидан) сўнг унинг яхши кўрганларига яхшилик қилишидир”, деганларини эшитганман. Унинг отаси (отам) Умарнинг дўсти эди”, деди” (Имом Муслим ривояти).

Абу Усайд Молик ибн Рабиъа Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик, Бани Салималик бир киши келиб, “Ё Аллоҳнинг Расули, ота-онамнинг вафотидан кейин уларга қилишим мумкин бўлган яхшиликлардан бирор нарса қолдими?” деди. У зот: “Ҳа. Уларнинг ҳаққига дуо қилиш, улар учун истиғфор айтиш, улардан кейин аҳдларига вафо қилиш, улар орқалигина боғланадиган силаи раҳмни боғлаш ва уларнинг дўстларини икром қилиш”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Ҳадиси шарифда фарзанд ўз ота-онасига қиладиган яхшилик уларнинг вафотларидан кейин ҳам давом этиши лозимлиги баён қилинмоқда. Яъни, фарзанд ота-онаси ҳаққига уларнинг вафотидан кейин ҳам мағфират сўраб дуо қилиб турса, улар учун Аллоҳ таолога истиғфор айтишни канда қилмаса, иншоАллоҳ ота-онасининг савобига савоб қўшилиб бораверади, даражаси эса кўтарилади. Яна бир муҳим жиҳат шуки, фарзандлар ота-онасининг яқинларига ҳамиша сила раҳм қилиши, уларнинг ҳолларидан хабар олиб туришлари лозим.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Отангнинг дўстлигига риоя қил, шунда Аллоҳ таоло нурингни сўндирмайди”, деганлар.

Демак, ота билан дўстлашган ҳар қандай одамлардан алоқани узмаслик керак.

 

Илёсхон АҲМЕДОВ