Мисрнинг "Al Diplomacy" ахборот агентлиги Имом ал-Бухорий меросига бағишланган мақола эълон қилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Унда қайд этилишича, Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ҳаёти давомида 20 дан ортиқ асарлар яратган. Улардан "Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ", "Ал-адаб ал-муфрад", "Ат-таърихал-кабир", "Барр ул-волидайн" ва бошқаларни кўрсатиш мумкин.
Нашрда Имом Бухорий асарлари орасида "Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ" китоби муҳим аҳамият касб этиши таъкидланган. Ушбу асар ислом оламида Қуръони Каримдан кейинги иккинчи манба сифатида эътироф этилади.
"Ҳадис илми султони Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий қаламига мансуб бу асар кўп нусхада мусулмон халқлари орасида тарқалган, дунёнинг турли тилларига таржима қилинган ва ҳозир ҳам таржима қилинмоқда", – дейилади мақолада.
Мақолада Ислом оламида "ас-Саҳиҳ", "Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ" ва "Саҳиҳ ал-Бухорий" номлари билан машҳур бўлган ушбу китобнинг тарихи батафсил ёритилган.
"Имом Бухорийнинг ушбу асарни ёзишга устозининг ишончли ҳадисларни тўплаш зарурлиги ҳақидаги маслаҳатлари туртки бўлган", – деб ёзган муаллиф.
Имом Бухорий ушбу шоҳ асарни 16 йилда ёзиб битирган. Бунгача ҳадислар саҳиҳлик даражаларига кўра, таснифланмагани учун бу иш инқилобий хусусиятга эга бўлганлиги таъкидланади. Имом Бухорий ҳадис ровийларининг таржимаи ҳолларини ўрганар экан, фақат саҳиҳликнинг қатъий мезонларига жавоб берадиганларини танлаган. У ҳадис илмида мутлақо янги йўл очди, бу эса ҳадис илмида "олтин аср"ни бошлаб берди.
"Имом Бухорийнинг ҳар бир асари мусулмонлар учун муҳим манба бўлиб, маърифий-маънавий, тарихий билимларни бойитишда жуда муҳим. Унинг илмий мероси нафақат ислом тарихининг бир қисми, балки жаҳон ҳамжамияти маънавий ривожига ҳам йўл кўрсатувчи манбадир", – дейилган мақола хулосасида.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен касалимдан шикоят қилиб: «Аллоҳим, агар ажалим яқинлашган бўлса, мени роҳатлантир, агар ажалимни кечиктирган бўлсанг, мендан касалликни кўтар. Агар бало келтирган бўлсанг, менга сабр бер», деб айтаётганимда, ногаҳон олдимдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтиб қолдилар. Ва: «Нима дединг?» деб сўрадилар. Мен айтганларимни такрорладим. У зот оёқлари билан мени туртиб: «(Йўқ,)
اللهُمَّ عَافِهِ أَوْ اشْفِهِ
«Аллоҳумма ъафиҳи» ёки «Аллоҳумма ишфиҳи» (Аллоҳим, офиятда қил ёки шифо бер), деб айт», дедилар. Мен ана шу кундан кейин касалликдан шикоят қилмадим» (Имом Термизий ривояти).