- 64فَخُوضُوا فِيهِ حِفْظًا وَاعْتِقَادًا تَنَالُوا جِنْسَ أَصْنَافِ الْمَنَالِ
Маънолар таржимаси: Шунинг учун (эй ўқувчилар) ёдлаб, (маъноларига) эътиқод қилиб, унга киришинглар. (Шунда) турли мукофотларга эришасизлар.
Назмий баёни:
Сўзларин ёд олинг қилиб эътиқод,
Мукофотларидан бўласизлар шод.
Луғатлар изоҳи:
فَ – “таълилия” маъносида келган ҳарф.
خُوضُوا – “шўнғиш” маъносидаги خَوضًا масдаридан олинган амр феъли. Фоили охиридаги واو дир.
فِيهِ – жор мажрур خُوضُوا га мутааллиқ. هُوَ замир олдинги байтдаги نَظْمًا га қайтади.
حِفْظًا – тамйизликка кўра насб бўлиб турибди.
وَاعْتِقَادًا – бу калима ҳам тамйизликка кўра насб бўлган. Нозим ўқувчилардан ушбу назмни фақат ўқиб қўйиш билан чекланмасдан сўзларини ёд олиб маъноларига эътиқод қилишни сўраган.
تَنَالُوا – “эришмоқ” маъносидаги نَيْلاً масдаридан олинган амр феъли. Фоили охиридаги واو дир.
جِنْسَ – мафъул. Жинс ҳақиқати ҳар хил нарсаларга, нав эса ҳақиқати бир хил нарсаларга нисбатан ишлатилади. Масалан, ҳайвон жинс, инсон навдир. Шунга кўра ушбу калимадан ҳақиқатлари турли мукофотларга эришасизлар, маъноси тушунилади.
اَصْنَافِ – музофун илайҳ. Бу калима صَنْفٌ нинг кўплик шакли бўлиб, “турлар”, “навлар” маъноларига тўғри келади.
الْمَنَالِ – луғатда “эришиладиган мукофот” маъносини англатади. Яъни дунёю охиратда Аллоҳ таоло берадиган мукофотларга эришасизлар.
Матн шарҳи:
Ушбу қисқа ва лўнда назмни ёдлаб, унда баён қилинган масалаларга эътиқод қилинса, мусаффо ақидага эга бўлинади. Эътиқоди мусаффо кишининг эса қилган озгина амали ҳам кўп мева беради, яъни Аллоҳ таоло унинг ақидаси мусаффолиги сабабли унга икки дунё бахт-саодатини ато этади. Сўфи Оллоҳёр бобомизнинг машҳур сўзларига эътибор беринг:
Ақида билмаган шайтона элдир,
агар минг йил амал деб қилса, елдир.
*****
Уялма маърифатни ўрганурдин
Танур жойинг бўлур, қолсанг танурдин.
Яъни ақида билмаган кимсада шайтондан ўзини ҳимоя қиладиган энг муҳим восита бўлмайди. Шайтон бундай ҳимоясиз кимсани бир ҳамладаёқ ўз измига солиб етаклаб кетаверади. Шайтонга эргашган кимсанинг эса ўзича ибодат деб қилаётган нарсалари, аслида, беманиликдан бошқа нарса бўлмайди. Шунинг учун маърифатни, яъни Аллоҳ таоло тўғрисидаги соф эътиқодни ўрганишга астойдил ҳаракат қилиш лозим.
Мусаффо эътиқоддан баҳраманд бўлганларни Аллоҳ таоло хотиржамлик ва қаноат неъматидан баҳраманд қилиб қўяди. Қайси бир инсон эришган муваффақиятлари сабабли ҳовлиқишга эмас, шукр қилишга ўтаётган бўлса, бошига тушган мусибат ё омадсизликлар сабабли ортиқча маҳзунликка эмас, савоб умидида сабр қилишга ўтаётган бўлса, дунёнинг ўзидаёқ мусаффо эътиқодининг самарасини кўраётган бўлади.
مَنْ شَاءَ عَيْشًا رَحِيبًا يَسْتَطِيبُ بِهِ فِى دِينِهِ ثُمَّ فِى دُنْيَاهُ اِقْبَالاً
فَلْيَنْظُرَنْ اِلَى مَنْ فَوْقَهُ وَرَعًا وَلْيَنْظُرَنْ اِلَى مَنْ دُونَهُ مَالاً
“Динида хайрли ҳаёт излаган,
Қарасин тақвода ким ундан ўзар.
Дунёда фаровон ҳаёт кўзлаган,
Ўзидан ночорга ташласин назар”[1].
Кейинги мавзу:
Дуо қилиш одоблари баёни.
[1] Мулла Али Қори. Шарҳу айнил илм, II жуз. – Қозон: “Харитонов босмахонаси”, 1908. – Б. 209.
Отам менга ўргатган учта ишни ҳеч қачон унутмайман. Сизларга ҳам улар ҳақида айтиб бергим келди.
Биринчиси, отам менинг қўлимдан тутиб, ёзишни ўргатарди. Мен ўқиш ва ёзишни отамдан ўргандим. Ҳаётим мобайнида нимаики яхши нарса ўқисам, ёзсам, унинг савобидан отамга ҳам насиба бориб туради, иншоаллоҳ.
Иккинчиси, отам тирноқларимни олиб қўяр, менга бу ишнинг аҳамияти, тирноқ остидаги микробларнинг зарари, хусусан, овқат пайтидаги зиёни ҳақида гапириб берарди. Бироз каттароқ бўлганимда тирноғимни ўзим олишимни ўргатди. Ҳар тирноқ олганимда шуларни эслаб, ҳақига дуо қилиб қўяман.
Учинчиси, отам нонушта қилмай уйдан чиқишимга йўл қўймасди. Соғлом бўлишда эрталабки нонуштанинг аҳамиятини кейин билиб олдим. Ҳар нонушта қилганимда ҳам отамнинг ҳаққига дуо қиламан.
Маърузаларимдан бирида йиғилганлардан: «Фарзандларингизга ҳар куни қўллайдиган учта ажойиб одатингиз борми?» деб сўрадим. Бир ота деди: «Ишга кетишимдан олдин уларни ўпиб қўяман, аср намозини ўқиб бўлгач, уларинг ҳар бири учун дуо қиламан, уйқуга ётишларидан олдин уларни бағримга босаман».
Сиз ҳам ўзингиздан сўраб кўринг-чи, отангиз ёки онангиз сиз учун бажарадиган учта энг яхши ишни эслай оласизми? Ёки ўзингиз болангизга учта яхши одатни ўргатяпсизми?..
Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътийнинг
"ФАРЗАНД ТАРБИЯСИДА 700 САБОҚ" китобидан