Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Декабр, 2025   |    ,

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:17
Қуёш
07:43
Пешин
12:24
Аср
15:14
Шом
16:59
Хуфтон
18:18
Bismillah
17 Декабр, 2025, ,
Янгиликлар

Ҳайрат ва ҳавас, ибрат ва маърифат маскани

30.01.2025   9087   4 min.
Ҳайрат ва ҳавас, ибрат ва маърифат маскани

Бу ердан деярли ҳар куни ўтамиз. Кўпинча хизмат юзасидан, баъзан қадрдонларни йўқлаб, ҳол-аҳвол сўраймиз, табаррук масканларни зиёрат қиламиз. Тошкентнинг қоқ юрагида барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига тааллуқли муҳташам, муаззам, салобатли мажмуа ҳар кимнинг - хоҳ юртдошларимиз, хоҳ дунёнинг нариги чеккасидан келган сайёҳ бўлсин, барининг эътибори, ҳайрати ва ҳаваси, ҳаяжонига сабаб бўлаётган бетакрор, гўзал, улуғвор, файзли маскан.


Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қад ростлаган бу мажмуа  аслида давлат раҳбарининг халқчил, эзгулик ва савобга, ибратга йўғрилган ташаббусининг меваси. Негаки, азалдан халқимиз қалбида ислом маърифати яшаб келган. Бу ёғду энг оғир шароитларда ҳам одамлар онгу шуури, юрагини асло тарк этмаган. Ҳатто серзуғум шўролар даврида ҳам покиза имон-эътиқод, ислом нури ота-боболаримизга мудом ҳамроҳ бўлган.  
 


Хонадонлар тўрида авайлаб сақланган Қуръони Карим, дастурхон устидаги дуолар, савобли анъаналар, юмушларнинг бардавомлиги бунинг ёрқин далилидир. Оналаримиз умрининг поёнида ҳам муқаддас китоблар мутолаасига шўнғиганлар. Зеро, Ояти калимадаги мўъжизакор сатрлар ҳар қандай ғамгин, изтиробли, ғуссага тўлган қалбларга таскин, ҳузур, сокинлик бағишлайди. Демоқчи бўлганимиз, исломнинг ҳаётбахш қуввати, зиёсидан баҳраманд бўлиш бизларни бир лаҳзага бўлса-да, сира тарк этмаган.  
 


 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ғояси ва ташаббуси асосида бундан бир неча йиллар аввал тамал тоши қўйилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази наинки буюк аждодларимиз меросидан фахрланиш, балки тараққиёт сари юз тутган янги Ўзбекистонимизда Учинчи Ренессанс  асосларини барпо этишдек эзгу мақсадларни кўзлаши билан қадрлидир.  
 

Айтиш керакки, уч қаватли, ғоят кўркам ушбу бино мукаммал тарзда барпо этилиши билан бирга, ундаги илмий-маърифий контентлар, экспозиция заргарона, мукаммал, чуқур илмий-фундаментал асосда  шакллантирилган. Бу ерда “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс даври”, “Иккинчи Ренессанс даври”, “Ўзбекистон XX асрда”, “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс” каби бўлимлар ташкил этилади.  
 


 

2024 йилда мамлакатимизда бўлиб ўтган халқаро форумлар, анжуманлар, Маданий мерос ҳафталиклари, мулоқотлар, машваратлар мажмуа фондини бафуржа, тўкис, асосли, қизиқарли, ҳар жиҳатдан пишиқ-пухта яратиш учун яхшигина пойдевор бўлди.  
 

Мамлакатимизнинг дин соҳаси билимдонлари, олимлар, уламолар, тарихчилар, реставраторлар, музейшунослар, кутубхоначилар, ношир ва хаттотлар, дизайнерлар, манбашунослар, рақамли технологияларнинг билимдонлари, рассомлар, моҳир уста ва ҳунармандлар, муҳандислар бундай эзгу ишга ўз ғоя ва таклифлари, фикрлари, ижодий лойиҳалари билан муносиб ҳисса қўшдилар.  
 


 

Айни пайтда юртимиз олимлари билан бирга, энг етакчи давлатларнинг олим ва мутахассислари, йирик университетлар, музей ва кутубхоналарнинг, илмий марказлар вакиллари давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий экспозицияси концепциясини яратишга оид ташаббуси атрофида фаол бирлашдилар.  
 

Ушбу мажмуани халқимизга тўлақонли тақдим этиш ғояси Президентимизни доимий ўйлантириб, яхши маънода ташвишга солиб келаётгани, унинг ҳаётга жорий этилиши йўлида доимий амалий ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиб келинаётгани мамлакатимизда халқнинг маърифати, маънавий юксалиш масалалари эҳтимолки, ҳар қандай соҳалардан устувор, муҳим ва долзарб эканини кўрсатмоқда.  
 

Давлатимиз раҳбарининг 29 январь куни  улкан ва ноёб лойиҳа – Ислом цивилизацияси марказида олиб борилаётган ишлар билан танишуви чоғида юртимизда ислом маданияти билан боғлиқ қўҳна тарих бир жойда – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида мужассам бўлишини алоҳида таъкидлади.  
 

Шубҳасизки, ушбу табаррук мажмуа янги Ўзбекистоннинг улуғ бунёдкорлик рамзи, бетакрор маънавий-маърифий меросимиз,  бой тарихимиз, келажакка интилаётган она-Ватанимизнинг ўзига хос кўзгусига айланажак. 

Назокат Усмонова,

ЎзА мухбири

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

«Nasyrul Quran» маркази делегацияси “Вақф” фондида

16.12.2025   6719   1 min.
«Nasyrul Quran» маркази делегацияси “Вақф” фондида

Жорий йилнинг 15 декабрь куни Малайзиянинг «Nasyrul Quran» маркази бош ижрочи директори Муҳаммад Ашҳарим бин Абдуллатиф бошчилигидаги делегация Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фондида бўлди. Меҳмонларни фонд раҳбари Жаҳонгир Саламов кутиб олди.


«Nasyrul Quran» маркази – дунёдаги Қуръон чоп этиш бўйича йирик марказ бўлиб, Малайзияда фаолият кўрсатади. Мажмуа Мадинадаги Қирол Фаҳд мажмуасидан кейин иккинчи энг йирик Қуръони Карим босиб чиқарувчи марказ ҳисобланади.

«Nasyrul Quran» мажмуасининг фаолияти ички ва дунё миқёсида Қуръон нусхаларига бўлган эҳтиёжни қондириш имконини беради.

Мажмуа ҳар йили бир миллион нусха Қуръон чоп этишни мақсад қилган бўлиб, унинг 70 фоизи ички фойдаланиш учун, қолган қисми эса эҳтиёжманд бошқа мамлакатларга тақдим этилиши режалаштирилган.

Таъкидлаш жоизки, «Nasyrul Quran» маркази вақф ташкилоти ҳисобланади.

Учрашув давомида томонлар бир неча масалалар юзасидан фикр алмашди. Хусусан, “Вақф” хайрия жамоат фонди ва вақф ташкилоти ҳисобланмиш «Nasyrul Quran» маркази ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, Қуръони карим ва қадимги қўлёзма асарларни ўрганиш бўйича ҳамкорлик қилиш, вақф ишларини рақамлаштириш, исломий финтек системаси қўллаш бўйича биргаликда ишлаш, вақф мулкларини кўпайтириш, таълим соҳаси ва вақф соҳасида тажриба алмашиш шулар жумласидандир.

Мазмунли ва манфаатли бўлган учрашув сўнггида Муҳаммад Ашҳарим бин Абдуллатиф фонд раҳбарига миннатдорлик билдирди. Томонлар ўзаро эсдалик совғалари алмашишди. 

Vaqf.uz

 

Ўзбекистон янгиликлари