Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қад ростлаган бу мажмуа аслида давлат раҳбарининг халқчил, эзгулик ва савобга, ибратга йўғрилган ташаббусининг меваси. Негаки, азалдан халқимиз қалбида ислом маърифати яшаб келган. Бу ёғду энг оғир шароитларда ҳам одамлар онгу шуури, юрагини асло тарк этмаган. Ҳатто серзуғум шўролар даврида ҳам покиза имон-эътиқод, ислом нури ота-боболаримизга мудом ҳамроҳ бўлган.

Хонадонлар тўрида авайлаб сақланган Қуръони Карим, дастурхон устидаги дуолар, савобли анъаналар, юмушларнинг бардавомлиги бунинг ёрқин далилидир. Оналаримиз умрининг поёнида ҳам муқаддас китоблар мутолаасига шўнғиганлар. Зеро, Ояти калимадаги мўъжизакор сатрлар ҳар қандай ғамгин, изтиробли, ғуссага тўлган қалбларга таскин, ҳузур, сокинлик бағишлайди. Демоқчи бўлганимиз, исломнинг ҳаётбахш қуввати, зиёсидан баҳраманд бўлиш бизларни бир лаҳзага бўлса-да, сира тарк этмаган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ғояси ва ташаббуси асосида бундан бир неча йиллар аввал тамал тоши қўйилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази наинки буюк аждодларимиз меросидан фахрланиш, балки тараққиёт сари юз тутган янги Ўзбекистонимизда Учинчи Ренессанс асосларини барпо этишдек эзгу мақсадларни кўзлаши билан қадрлидир.
Айтиш керакки, уч қаватли, ғоят кўркам ушбу бино мукаммал тарзда барпо этилиши билан бирга, ундаги илмий-маърифий контентлар, экспозиция заргарона, мукаммал, чуқур илмий-фундаментал асосда шакллантирилган. Бу ерда “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс даври”, “Иккинчи Ренессанс даври”, “Ўзбекистон XX асрда”, “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс” каби бўлимлар ташкил этилади.

2024 йилда мамлакатимизда бўлиб ўтган халқаро форумлар, анжуманлар, Маданий мерос ҳафталиклари, мулоқотлар, машваратлар мажмуа фондини бафуржа, тўкис, асосли, қизиқарли, ҳар жиҳатдан пишиқ-пухта яратиш учун яхшигина пойдевор бўлди.
Мамлакатимизнинг дин соҳаси билимдонлари, олимлар, уламолар, тарихчилар, реставраторлар, музейшунослар, кутубхоначилар, ношир ва хаттотлар, дизайнерлар, манбашунослар, рақамли технологияларнинг билимдонлари, рассомлар, моҳир уста ва ҳунармандлар, муҳандислар бундай эзгу ишга ўз ғоя ва таклифлари, фикрлари, ижодий лойиҳалари билан муносиб ҳисса қўшдилар.

Айни пайтда юртимиз олимлари билан бирга, энг етакчи давлатларнинг олим ва мутахассислари, йирик университетлар, музей ва кутубхоналарнинг, илмий марказлар вакиллари давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий экспозицияси концепциясини яратишга оид ташаббуси атрофида фаол бирлашдилар.
Ушбу мажмуани халқимизга тўлақонли тақдим этиш ғояси Президентимизни доимий ўйлантириб, яхши маънода ташвишга солиб келаётгани, унинг ҳаётга жорий этилиши йўлида доимий амалий ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиб келинаётгани мамлакатимизда халқнинг маърифати, маънавий юксалиш масалалари эҳтимолки, ҳар қандай соҳалардан устувор, муҳим ва долзарб эканини кўрсатмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 29 январь куни улкан ва ноёб лойиҳа – Ислом цивилизацияси марказида олиб борилаётган ишлар билан танишуви чоғида юртимизда ислом маданияти билан боғлиқ қўҳна тарих бир жойда – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида мужассам бўлишини алоҳида таъкидлади.
Шубҳасизки, ушбу табаррук мажмуа янги Ўзбекистоннинг улуғ бунёдкорлик рамзи, бетакрор маънавий-маърифий меросимиз, бой тарихимиз, келажакка интилаётган она-Ватанимизнинг ўзига хос кўзгусига айланажак.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири
Инсон ер юзидаги энг гўзал яратиқ ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган: “Батаҳқиқ, Биз инсонни энг яхши суратда яратдик” (Тийн сураси, 4-оят).
Шундай экан, нега замон тараққий этгани сайин инсонлар бир-бирини етарлича қадрламай қўймоқда. Бари инсон учун хизмат қилишга яратилган бойлик, тилла-темир ва бошқа матоҳлар баъзан инсондан кўра кўпроқ авайлаб-асралмоқда. Бир чинни идишни авайлаганчалик бир кўнгилни авайламайдиган насллар пайдо бўляпти...
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари қаламига мансуб “Инсон қадри” асарини ўқир эканман, шулар ҳақида ўйладим. Ушбу асар азиз ва мукаррам қилинган инсоннинг қадр-қиммати билан боғлиқ муаммолар муолажасига хизмат қилади. Унда одамийлик фазилатларига риоя қилиш, инсон шаънини юксалтириш, унга муносиб эҳтиром кўрсатиш, ёмон хулқ ва фитналардан узоқ юриш йўл-йўриқлари кўрсатилади.
Зеро, бугун ахборот тўқнашуви авж олган, ер юзининг турли нуқталари бир зумда алоқа боғлай оладиган бир пайтда инсоният низо ва можаролар гирдобида қолмоқда. Шундай экан, ҳозирги тараққиёт даврида одамийлик мезонларига риоя этиш, ўзаро аҳиллик муҳити яратиб, саодатли ҳаёт кечириш йўлида ушбу асар ҳам бир маёқ вазифасини ўтайди, иншоаллоҳ.
“Инсон қадри” китоби ҳар бир ватандошимизга муборак ва манфаатли бўлсин!
Акбаршоҳ Расулов