Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Сентябр, 2026   |   6 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:45
Қуёш
06:05
Пешин
12:18
Аср
16:40
Шом
18:33
Хуфтон
19:49
Bismillah
17 Сентябр, 2026, 6 Рабиъус сони, 1448
Мақолалар

Эртага Шаъбон ойи бошланади!

30.01.2025   23188   2 min.
Эртага Шаъбон ойи бошланади!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ражаб ойи ниҳоясига етиб, Шаъбон ойи ҳам кириб келди. Бу ой кирганда араблар сув қидириб, турли йўллар ва дараларга тушиб, тарқалиб кетганлари учун шаъбон деб номланган.

Бу ой Рамазон ойига тайёргарлик кўриш ойи саналади. Шаъбон ойи Қуръон кўп тиловат қилинадиган ва кўп рўза тутиладиган ойдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда кўп рўза тутардилар.

Бу ҳақда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бирон ойда шаъбондагидан кўп рўза тутмас эдилар. Зотан, у зот шаъбоннинг ҳаммасида рўза тутар эдилар” (Имом Бухорий ривояти).

Афсуски, аксарият инсонлар бу ойнинг фазилатларидан ғафлатда қоладилар. Бу ойда амаллар Аллоҳ таолога кўтарилади. Усома розияллоҳу анҳу бундай дейдилар: Мен Расулуллоҳдан: "Ё Аллоҳнинг Расули, ойлардан ҳеч бирида Шаъбонда рўза тутганингиздек рўза тутганингизни кўрмадим", деб сўрадим. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бу бир ойки, одамлар ундан ғофил қолурлар. У Ражаб билан Рамазоннинг орасида. Бу бир ойки, унда амаллар Роббул аъламийнга кўтарилади. Менинг амалим кўтарилаётганда рўзадор бўлишни яхши кўраман", дедилар (Имом Насоий ривояти).

Уламолар: "Шаъбон ойида бир йиллик амаллар Аллоҳга кўтарилади", деганлар.

Ўтган солиҳлар бу ойда янада кўпроқ Қуръон тиловат қилишарди. Ҳатто айримлар шаъбон ойи кирганда бошқа ишларини ташлаб, фақат Қуръони карим тиловати билан банд бўлардилар.

Тобеинлардан Салама ибн Куҳайл раҳматуллоҳи алайҳ: "Шаъбон ойи – қорилар ойидир", деб айтарди.

Шунингдек, ўтган солиҳлар бу ойда мискинларга ғамхўрлик қилишга ошиқардилар. Бева-бечора, фақир ва камбағаллар Рамазон ойини кўтаринки кайфият ва хурсандчилик билан кутиб олишсин деб закотларини берардилар.

Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Мусулмонлар шаъбон ойи кириб келиши билан закотларни адо этишга ва Қуръони каримнинг тиловатини кўпайтиришга жуда қаттиқ эътибор берардилар".

Бир сўз билан айтганда, шаъбон ойи нафсни рамазон ойини муносиб кутиб олишга тайёрлаш ойидир. Шаъбон ойингиз муборак бўлсин!
 

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Озарбайжоннинг табаррук қадамжолари зиёрат қилинди

16.09.2026   12741   1 min.
Озарбайжоннинг табаррук қадамжолари зиёрат қилинди

Озарбайжон сафари давомида Туркий давлатлар муфтийлари ва анжуман иштирокчилари Боку, Фузулий, Ағдам, Шуша сингари шаҳарлардаги муборак қадамжоларни зиёрат қилишди. Хусусан, Боку шаҳридаги Саййид Яҳё Бакувий зиёратгоҳи ва "Шаҳидлар хиёбони"да бўлдилар.

Ташкилотчилар илтимосига биноан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Ағдам шаҳридаги тарихий “Жума” масжидида турли давлатлардан келган муфтийлар, уламолар ва мартабали меҳмонларга пешин намозида имомлик қилиб бердилар.

 Зиёратлар асносида уламолар томонидан Қуръони карим оятлари ўқилиб, қардош эллар тинчлиги, барқарорлиги ва бирдамлигини сўраб хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари