Оила ҳам жамиятнинг кичик бир бўлаги бўлиб, унда аёлнинг ўрни беқиёс. Аёл оиланинг фариштаси, сарамжон-саришта уй бекаси. Аёл жисмонан эркакларга нисбатан заиф бўлса ҳам, оиланинг юкини кўтара олишга қодир.
Аввало, муслима опа-сингилларимиз шуни яхши англаб олишлари керакки, Ислом динида аёлнинг эрига итоат қилиши, бу – шариатга итоат қилиши демакдир. Аммо эркак шариатга хилоф ишларни буюрганида, аёлнинг ўз эрига итоат қилмасликка ҳақи бор. Зеро, Имрон ибн Ҳусайндан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яратганга гуноҳ бўлган ишларда махлуққа (бирон кимсага) итоат қилинмайди”, деганлар. (Аҳмад ва Ҳоким ривояти).
Кўпчилигимиз эр ва хотинлик энг муқаддас инсоний алоқалар эканини яхши биламиз. Аммо бу алоқаларни тўғри йўлга қўйишда Қуръони Карим ва Ҳадиси шарифларга амал қилиб иш тутишимиз лозим. Аёл киши турмушга чиққач, эрининг измида бўлади, энди у ота-онасидан кўра кўпроқ эрига итоат этиши лозим. Агар эр тўғри йўлда бўлиб, хотинига нисбатан ўз зиммасидаги мажбуриятларни бажарса, хотини унга итоатсизлик қилиши гуноҳ эканлигини яхши биламиз. Аммо аёл ибодатли, солиҳа бўлгани ҳолда эри намоз ўқимайдиган, ибодатсиз бўлса аёл қандай йўл тутмоғи лозим.
Аёл эрини гуноҳ ва ёмон ишлардан қайтариб, савобли ишларга ундаши лозимлиги, кечалари ўзлари намозда қоим бўлиб, эрини сув сепиб бўлса ҳам намозга турғизганлари яхши эканлиги ҳақида ҳадисларда айтилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кечасида туриб намоз ўқиган ҳамда аёлини уйғотган, агар бош тортса юзига сув сепиб уйғотган кишини раҳм қилсин. Аллоҳ кечасида туриб намоз ўқиган ҳамда эрини уйғотган, агар бош тортса юзига сув сепиб уйғотган аёлни раҳм қилсин” дедилар.
Бошқа бир ривоятда: “Бирортангиз кечасида (намозга) турса аҳлини ҳам уйғотсин. Уйғонмаса юзига сув сепсин” дедилар.
Сунани Абу Довуд. Валлоҳу аълам!
“Солиҳлар гулшани” китобида барча аёлларга ибрат бўларлик бир ҳикоя келтирилади. “Кеч киргач, Риёҳ аёлини синаш учун уйқуга кетди. Кечанинг чорак қисмини қиёмда ўтказган аёл: “Туринг, эй Риёҳ!” деб эрини тунги намозга уйғотди. Риёҳ: “Ҳозир тураман” дейди-да, лекин турмайди. Аёли кечанинг яна чорак қисмини таҳажжудда ўтказгач: “Туринг, эй Риёҳ!” деб уни намозга чақирди. Риёҳ: “Мана, ҳозир, туряпман” деб, яна ўзини ёстиққа урди. Аёл индамайгина яна таҳажжудга киришади. Туннинг яна чорак қисми ўтгач: “Туринг, эй Риёҳ!” деди. Эри: “Хўп, ҳозир” деса ҳам, иссиқ жойидан қўзғалмади. Шунда солиҳа аёл афсус билан: “Тун ҳам охирлаб қолди. Муҳсинлар сафда, хизматга шай, сиз бўлса уйқудасиз! Эй воҳ, шўрим қурсин! Эй Риёҳ! Қайси қуриб кетгурнинг гапига учиб, тузоғингизга илиндим-а!” дея, кечанинг қолган қисмини ҳам намоз ўқиб, бедор ўтказди.
Риёҳ айтади: “Бир куни дунё ишларидан бир ишга ачиниб, ғамга ботиб ўтирган эдим. Аёлим ёнимга келиб: “Қараб турсам, дунёнинг ўткинчи ишига жуда қайғуда экансиз. Шумайт сизни менга бошқача таърифлаганди. Мен соддалик қилиб, унинг гапига лаққа тушиб ўтирибман-а!” деди-да, рўмолининг попугига ишора қилиб: “Дунё мен учун мана шундан ҳам арзимас нарса!” деди.
Сайёр айтади: “Риёҳ менга шундай ҳикоя қилиб берди: “Менга бир аёл ҳақида айтишди. Насибамиз қўшилиб, турмуш қурдик. Хуфтон ўқиб бўлингач, у атир-упаларини суртиб, безаниб, чиройли кийимларини кийиб, ёнимга келиб, “Хожам, менда ҳожатингиз борми?” дер эди. “Ҳа” — десам, ёнимда қолар, “Йўқ” десам, безакли кийимларини ечиб, тонг отгунча намоз ўқиб чиқарди. Аллоҳга қасамки, (ибодатда) у мендан ўзиб кетди”. Аллоҳ Риёҳни ҳам, унинг обида, солиҳа аёлини ҳам раҳматига олсин.
Аввало, аёлларнинг ўзлари тарбияли ва хушхулқ бўлишлари катта аҳамиятга эга. Аёл киши хушмуомала бўлиши керак. Аёл нафақат эрига, балки қайнона ва қайнотасига ҳам бирдек хушмуомалада бўлиши, уларнинг кўнгилларига озор етказадиган сўзлардан тийилиши керак. Эрининг кўнглини топиб, қайнона ва қайнотасининг хизматида бўлган аёл, уларнинг қалбига қувонч бағишлайди ва ўзига нисбатан меҳр-муҳаббатларини янада зиёда бўлишига эришади.
Ўз ҳурматини билган аёл эрининг олдида ҳам, ортидан ҳам обрўсини сақлаши зарур. Аксинча, жузъий камчиликлари бўлган эркакнинг обрўсини тўкиб, дуч келган одамга ёмонлаш, уйдаги сирни кўчага олиб чиқиш нафақат эрини, балки ўз оиласи шаънини топташ билан баробардир. Доно аёл эрининг хатосини билса, ўзини пайқамагандек тутади. Эрига оғир ботмайдиган шаклда уни тузатишда елкадош бўлади.
Доно аёл бундай ҳолатда оила бошлиғи ким эканини асло унутмаган тарзда мақсадга интилади. Эрининг қалбига зарра озор етказмасдан, нозик йўллар билан тўғри йўлга тушишига кўмак беради. Зеро, шундай сабр-қаноатли солиҳа аёллар ҳам борки, эри ҳатто унга зулм қилса ҳам, ўз оиласи ва фарзандлари шаънини ҳимоя қилиш учун қўни-қўшниларга эрининг фақат яхши томонлари ҳақида гапиради. Бу эса аёлнинг донолиги ва охирини ўйлаб иш қилишидан далолатдир. Бундай аёллар фақат қўни-қўшниларнинг олдида эмас, фарзандларининг олдида ҳам эрининг мавқеини сақлаб қолишига сабаб бўлади. Бу эса вақти келганда эрнинг аёлига қилган жабр-зулмидан пушаймон бўлиб, бора-бора унинг қадрига етишига сабаб бўлади.
Ҳабибуллоҳ домла ЗОКИРОВ,
Сирдарё вилояти бош имом хатиби
Муҳаррам ойи қандай ой?
Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.
Ашуро қандай кун?
Бу кун ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади.
Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Ашуро кунини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказардилар?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Ашуро куни рўзасини Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло ушбу ойнинг фазилатларидан барча мўмин-мусулмонларни тўлиқ баҳраманд этсин. Ўзининг розилигини топадиган амалларда бардавом қилсин.
Даврон НУРМУҲАММАД