Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Июн, 2025   |   1 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:51
Пешин
12:31
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
26 Июн, 2025, 1 Муҳаррам, 1447
Мақолалар

Ота-онага насиҳат қилинмайди!

30.01.2025   6037   3 min.
Ота-онага насиҳат қилинмайди!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

عَنْ سَعِيدِ بْنِ جُبَيْرٍ فِي قَوْلِهِ عَزَّ وَجَلَّ: }رَبُّكُمْ أَعْلَمُ بِمَا فِي نُفُوسِكُمْ إِنْ تَكُونُوا صَالِحِينَ{ قَالَ: تَكُونُ البَادِرَةُ مِنَ الوَلَدِ إِلَى الوَالِدِ. وَقَالَ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ: }إِنْ تَكُونُوا صَالِحِينَ{ قَالَ: أَنْ تَكُونَ النِّيَّةُ صَادِقَةً، }فَإِنَّهُ كَانَ لِلأَوَّابِينَ غَفُورًا{ لِلبَادِرَةِ الِّتِي بَدَرَتْ مِنْهُ».

Саъид ибн Жубайрдан ривоят қилинади:

«У зот азза ва жалланинг: «Аллоҳ ичингиздаги нарсани билувчи. Агар солиҳ бўлсангиз», – деган қавли ҳақида «Боладан ота-онага бўладиган муомала аломати» – деган.

Аллоҳ азза ва жалла: «Агар солиҳ бўлсангиз» (яъни, агар ният содиқ бўлса) «Албатта, У зот тавба қилувчилар учун мағфиратлидир», деган. Бу ундан содир бўлган аломат ҳақида».

Шарҳ: Яъни, бу ривоятда айтиляптики, Аллоҳ таоло боланинг ота-онасига бўлган ҳис-туйғусини билади. Юзида табассум билан боқаяпти-ю, ичи ғижиниб турган бўлса, уни ҳам билади. Ўзича, одамларнинг кўзида «ота-онасини ҳурмат қилар экан» – деб айтсинлар дея, эгилиб, қандайдир бир хушомадларни қилаяпти, лекин ичида: «Қани тезроқ кетсайди, мен ишимга тезроқ борсайдим» – деб турган ҳолат бўлса, Аллоҳ таоло уни ҳам билади.

Бу ерда ҳам ота-онанинг ҳаққи ниҳоятда улуғлиги, фарзанд ота-онасига бўлган муносабатда сирти бошқа, ичи бошқа бўлмаслиги кераклиги таъкидланяпти. Бутун қиладиган эҳтиромини, яхшилигини, ҳурматини сидқидилдан, астойдил қилиши керак, ичи билан таши ҳар хил бўлмаслиги керак.

عَنِ الأَعْمَشِ عَنْ إِبْرَاهِيمَ فِي الرَّجُلِ يَحْلِفُ لاَ يُكَلِّمُ أَبَاهُ أَوْ أَخَاهُ شَهْرَيْنِ، قَالَ: يَدْخُلُ عَلَيْهِ وَيَلْطُفُهُ وَلاَ يُكَلِّمُهُ.

Аъмаш Иброҳимдан ривоят қилади:

«Отаси ёки акасига «икки ой гапирмайман» – деб қасам ичган киши ҳақида: «олдига киради, лутф кўрсатади ва гапирмайди», – деди».

Шарҳ: Бир киши отаси ёки акасига «икки ой гапирмайман» – деб қасам ичиб қўйибди. Қасамига амал қилай деса, зиммасида отасига ёки акасига яхшилик қилиш, ҳурмат қилиш вазифаси бор. Гапираверай деса, қасам ичиб қўйган. Хуллас, бу киши икки ўт орасида, оғир аҳволда қолибди.

Унга бу ноқулай вазиятдан чиқиш учун шундай йўл тутиш маслаҳат берилибди: «Отангнинг, акангнинг олдиларига кириб, ҳурматларини жойига қўясан, хизматларини қилаверасан, лутф кўрсатасан ва ҳоказо. Бироқ, муддат тугагунча гапирмайсан».

Демак, қасамга ҳам риоя қилинади, отага ёки акага ҳам муносиб муомалада бўлинади.

عَنْ سَلاَمٍ عَنِ الْحَسَنِ، قَالَ: سَأَلَهُ رَجُلٌ: آمُرُ وَالِدَايَّ وَأَنْهَاهُمَا؟ قَالَ: إِنْ كَرِهَا ذَلِكَ فَلاَ.

Салом Ҳасандан ривоят қилади:

«Бир киши ундан:

«Ота-онамга амру маъруф, наҳйу мункар қилсам, бўладими?» – деб сўради.

«Агар ёқтирмасалар, бўлмайди», – деди».

Шарҳ: Демак, ота-она фарзандининг насиҳатларини ёқтирмай, «Биз уни кўтариб катта қилган эдик, энди бўлса бизга ақл ўргатяпти» – деган нотўғри тушунчада бўлса, фарзанд ўзини эҳтиёт қилиб, индамай қўйса, бўлаверар экан.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

“Гуруҳбозлик қилманг!”

26.06.2025   71   1 min.
“Гуруҳбозлик қилманг!”

Сабрсизлик мусулмонлар орасида турли ихтилофлар, уруш-жанжаллар келиб чиқишига сабаб бўлади. Аллоҳ Таоло сабр қилувчилар билан бўлади. Уларни турли ёмонликлардан асрайди. Сабр қилмай, чидамсиз бўлганлар эса, ихтилоф гирдобига дучор бўладилар.

Ояти кариманинг охирида Аллоҳ таоло: “Ва сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар биландир”, деб марҳамат қилган.

Шунингдек, Аллоҳ таоло “Рум” сураси 31-32 оятларда мўмин-мусулмонларга қуйидаги хитобни қилади: “...Ва мушриклардан бўлманг. Динларида тафриқага тушган, гуруҳ-гуруҳ бўлиб олиб, ҳар бир жамоа ўз олдидаги нарсадан шод бўлганлардан бўлманг”.

Демак, динда тафриқага тушиш мушрикларнинг иши бўлиб танилган экан. Гуруҳ-гуруҳ бўлиб олиб, ихтилоф чиқариш, талашиб-тортишиш ҳам мушрикларнинг иши экан. Ҳар бир жамоа ўз олдидаги нарсадан шод бўлиб, бошқаларни паст санаши ҳам мушрикларнинг иши экан.

Аллоҳ таоло “Анъом” сураси 109-оятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб: “Динларини тафриқа қилиб, ўзлари гуруҳбозлик қилганлар билан ҳеч бир алоқанг йўқ. Албатта, уларнинг иши Аллоҳнинг Ўзига ҳавола. Сўнгра қилган ишларининг хабарини берур”, деган.

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло тафриқа ва гуруҳбозликка олиб борадиган низо ҳамда ихтилофларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларидан бошқа, ул ҳидоят йўлига тескари йўл ҳисобламоқда. Аллоҳ таоло бу оятда тафриқа ва гуруҳбозлик Пайғамбаримизнинг умматларига муносиб эмаслигини қаттиқ таъкидламоқда.

Аллоҳ таоло “Оли Имрон” сурасида сиз билан биз мусулмонларга хитоб қилиб: “Ўзларига очиқ баёнотлар келганидан кейин бўлиниб, тафриқага тушганларга ўхшаш бўлманглар! Ана ўшаларга улуғ азоб бордир”, деган.

Тафриқага тушиб бир-биримиз ила тортишиш низолар урчиб, файзу барака кўтарилишига сабаб бўлади.

Янгиқўрғон тумани "Сайид бобо Термизий" жоме масжиди

имом-хатиби Абдували Маҳмудхонов

@SOFTALIMOTLAR

МАҚОЛА