Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Масжидлар бўлими мудири Музаффар домла Камоловнинг бувилари вафоти муносабати билан у кишининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин, иймонлари ва солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло марҳума онахоннинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳума онахоннинг яқинларига, хусусан, Музаффар домла Камоловга ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз”, деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бугун, 20 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари иштирокларида “Ҳаж – 2025” мавсумини юқори даражада ўтказиш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Унда ҳаж делегацияси аъзолари, ишчи гуруҳи, элликбошилар ва шифокорлар жамоалари иштирок этди.
Муфтий ҳазратлари ҳаж кунларига қадар зиёратчилар билан мунтазам маърифий суҳбатлар ташкил этиш, уларда ҳажнинг тартиб-қоидалари, фарз, вожиб ва одоблари, ўзига хос машаққатларини тушунтириш ҳамда зикру дуолар билан машғул бўлиш ва барча мурожаатларини ижобий ҳал этиш зарурлигини таъкидладилар. Шунингдек, юртдошларимиз муборак заминдаги ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, уни мазмунли ва ибодатлар билан ўтказиши ҳамда ҳаж амалига руҳан ва жисмонан тайёргарлик кўришучун воиз уламолар, элликбошилар бор куч-ғайратларини сарфлаши лозимлигини алоҳида қайд этдилар.
Йиғилишда зиёратчиларнинг ибодатлари мукаммал бўлиши учун уларга қулай шарт-шароитларни муҳайё қилиш борасида Макка ва Мадина шаҳарларидаги ишчи гуруҳи фаолият олиб бораётгани, меҳмонхоналарда зиёратчилар учун барча шароитлар ҳозирлангани, Мино, Арафот ва Муздалифадаги жойлар кўздан кечирилгани ҳақида маълумот тақдим этилди.
Шифокорлар гуруҳи раҳбари Алишер Саатов ва бошқа мутасаддилар сўзга чиқиб, тиббий жиҳатлар, зиёратчилар саломатлиги, иссиқ кунларда ҳаракатланиш тартиби, қонун-қоидаларга амал қилиш, транспорт хизмати, ҳожилар хавфсизлигини таъминлаш ва огоҳликга оид муҳим тавсиялар бердилар.
Йиғилиш якунида Ҳақ таолодан бу йилги ҳаж мавсуми муваффақиятли ўтишини сўраб, Қуръони карим хатмлари ва хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати