Комилликка интилиш, мунтазам равишда ўз устида ишлаш, билим ва савиясини, маърифатини ошириб бориш, юксак маънавият соҳиби бўлишни ким ҳам орзу қилмайди, дейсиз. Бу борада буюк аждодларимизнинг бой маънавий-илмий меросини ўрганиш ҳар жиҳатдан самарали экани тайин.
Бугун ўзбек диёри дейилганда, жаҳон афкор оммасининг хаёлига дунё тамаддунига беназир ҳисса қўшган буюк алломалар, улуғ мутафаккирлар, хусусан, ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Алишер Навоий, Имом Бухорий, Имом Термизий, Насафий, Махмуд Замахшарий, Имом Мотуридийларнинг номлари келиши табиий.
Илм-фан тараққий этган бугунги даврда ана шу алломалар қолдириб кетган бебаҳо асарларни тадқиқ этишга, ўрганишга талаб ҳар қачонгидан ҳам ортиб боряпти. Шу боис муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази биносининг қуриш ишлари жадал давом эттирилмоқда.
Марказ Президентимизнинг 2017 йил 23 июндаги қарорига биноан бошланиб, 2018 йилги Рамазон ҳайити куни давлатимиз Раҳбари унинг пойдеворига тамал тошини қўйган эди.
“Ҳазрати Имом” мажмуаси ёнида бунёд этилаётган марказ тобора чирой очиб, ҳудуд кўркига кўрк қўшиб боряпти. Ўтган давр мобайнида Презиидентимиз бу жойга бир неча марта ташриф буюриб, марказнинг мукаммал бўлиши ҳақида қимматли фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Куни кеча ҳурматли Юртбошимиз яна марказга ташриф буюриб: “Ислом цивилизациясининг, ислом таълимотининг замини – аслида илм-фан, маданият, таълим ва тарбиядир. Биз барпо этаётган марказнинг бош ғояси, асоси ҳам шу. Энг муҳим томони – юртимиздаги ислом маданияти билан боғлиқ бир неча минг йиллик қадимий ўтмиш бир жойда – мана шу мажмуада мужассам бўлади. Марказ билан танишган одам ана шу тарихни яққол кўриб, ислом дини, бу аввало, тинчлик, тараққиёт ва бағрикенглик дини эканини, ўзбек халқининг дунё тамаддунига қўшган буюк ҳиссасини англайди”, дея таъкидладилар.
Давлатимиз раҳбарининг йўл-йўриқ ва тавсиялари асосида кўркамлашиб бораётган Ислом цивилизацияси марказини мен IX–XI асрларда Хоразмда фаолият юритган “Дорул маърифа ва ҳикма” ва Бағдоддаги “Байт ул-ҳикма”, яъни “Донишмандлик уйи”га ўхшатгим келди. Ушбу Марказ ҳам улар каби “Илм ва ҳикмат уйи” бўлиб қолади, иншоаллоҳ.
Энг қувонарлиси, Бағдодда фаолият юритган “Байтул ҳикма”, бугунги таъбир билан айтганда, дунёга машҳур “халқаро академия”га ўзимизнинг бобомиз Аҳмад ал-Фарғоний раҳбарлик қилгани кишига фахр-ифтихор бағишлайди.
Аҳмад ал-Фарғонийнинг “Байтул ҳикма”га раҳбар бўлгани бежиз эмас. Чунки бобомиз қомусий аллома бўлиб, у киши ясаган устурлоб, яъни Нил сатҳини ўлчовчи асбоб мисрликларнинг ҳаётига оро кириб, дарё тошқинлааридан асраб қолган.
Ишончимиз комилки, Ислом цивилизацияси марказида малака оширган, бу маърифат масканида билим олган ёшларимиз келажакда шундай “устурлоблар”ни ясашадики, улар билан миллатимиз турли “тошқинлар”, жумладан, экстремизим, терроризм, “оммавий маданият” каби иллатлардан ҳимоя қилинади.
Ислом цивилизация марказида Қуръоншунослик, тафсиршунослик, ҳадисшунослик, сийратшунослик (Пайғамбар алайҳиссалом ҳаёт йўлларини ўрганиш), ислом ҳуқуқи (фиқҳ), ақида, тасаввуф, ислом тарихи, араб тилшунослиги каби билимлар кенг ўрганилади. Бундан ташқари, архитектура, физика, кимё, фалакиётшунослик, минерология, тиббиёт, фармокология каби йўналишларда ҳам илмий изланишлар олиб бориш кўзда тутиилган. Чунки аждодларимиз асарларининг салмоқли қисмини ҳам ушбу соҳалар ташкил этишини эслатиб ўтиш зарур.
Халқимизда: “Тарих такрорланиб туради” ёки “Оққан дарё оқаверади”, деган гап бор. Дарҳақиқат, Ислом цивилизацияси ишга тушиши билан араб тили грамматикасини ёзиб берган Замахшарийлар, саноқ тизимини кашф қилган Хоразмийлар, қўл ва қалб бир вақтнинг ўзида икки ишни бажариб, бир мақсад сари интилиши борасидаги соф ғояни илгари сурган Нақшбандийлар, медицинага асос солгаан Ибн Синолар, соф исломий ақидани асослаб берган Мотуридийлар дунёга қайта кўз очажак.
Хулоса қилиб айтганда, нур – Шарқдан. Бу, биринчидан, қуёш Шарқдан чиққани билан изоҳланса, иккинчидан, маърифат ҳам Шарқдан ёйилган. Шу маънода Шарқнинг буюк алломалари юртида барпо этилаётган Ислом цивилизация маркази чинакам маърифат маскани сифатида бутун дунёга нур таратажак, иншоаллоҳ.
Муҳаммадолим Муҳаммадсидиқов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
26 август куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” халқаро медиафорумнинг “Асрларни бирлаштирувчи мерос. Ислом цивилизациясининг маънавий мазмун-моҳияти” мавзусидаги учинчи ялпи сессияси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА.
Сессия доирасида Қуръони карим мероси, қадимий қўлёзмалар, ислом хаттотлиги, ҳужжатли кино ҳамда тарихий манбаларни ўрганишда сунъий интеллектдан фойдаланишга бағишланган халқаро лойиҳалар тақдим этилди.
Хусусан, “114 Қуръон: ислом олами хаттотлигининг 114 дурдонаси”, “Катта Лангар Қуръони: ҳақиқат ва афсоналар”, “Аллоҳнинг 99 исми: Унинг гўзал исмлари орқали Яратганни англаш”, “Сунъий интеллект – қадимий қўлёзмаларни ўқишнинг рақамли калити” лойиҳалари ҳамда “Ягона тарихий мерос саҳифалари” лойиҳаси доирасида яратилган “Масжид” ҳужжатли фильми намойиш этилди.
Халқаро муҳокамаларда Ислом ҳамкорлик ташкилоти, шунингдек, Жазоир, Ўмон, Покистон, Саудия Арабистони, Ироқ, Мали ва Ўзбекистоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиб, исломофобия ва мавжуд стереотипларни бартараф этишда медианинг ўрни ҳақида фикр алмашди.
Сессия якунида турли мамлакатлар ва хаттотлик мактабларининг анъаналарини бирлаштирувчи ноёб Қуръони карим нусхасини яратиш бўйича Хаттотлар умумжаҳон танлови эълон қилинди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур халқаро медиафорумнинг асосий тадбирлари Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказида ўтказилиб, унда қарийб 50 мамлакатдан медиа ва эксперт ҳамжамиятининг 300 нафарга яқин вакили — медиа компаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустрия мутахассислари иштирок этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати