Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Май, 2025   |   16 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:31
Қуёш
05:05
Пешин
12:24
Аср
17:24
Шом
19:37
Хуфтон
21:05
Bismillah
14 Май, 2025, 16 Зулқаъда, 1446
Мақолалар

Намозимда маза ва лаззат тугаб қолгандек

04.02.2025   6276   1 min.
Намозимда маза ва лаззат тугаб қолгандек

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Хаёл ва васвасаларни муолажа қиламан десангиз, уларга эътибор қаратманг. Эътибор қилмасангиз, инша Аллоҳ, бу хаёллар ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади. Балки ишингизга диққат қилинг, намозга турсангиз, бутун диққатингизни намозга қаратинг.

Ҳакимул уммат, Мавлоно Ашраф Али Таҳонавий қуддиса сирруҳу бир мавъизаларида шу нозик нуқтани очиб берганлар: «Намоз – талаб қилинган ва буюрилган амал. Агар намоздалигингизда беихтиёр бошқа хаёллар келаётган бўлса, у сабабли намозингизнинг қадрини пасайтирманг. Намозхонлар кўпинча бундай савол беради: «биз намоз ўқиймиз, лекин маза ва лаззат топмаймиз» ёки «олдин жуда маза қилиб намоз ўқир эдим, энди ўша маза ва лаззат тугаб қолгандек».

Бу гапларнинг жавоби шуки, эй биродар, намоз сизга фақат маза ва лаззат бериши учун фарз қилинмаган. Балки бу амал Аллоҳ таолога ибодатдир, бандалик-қулликнинг бир кўринишидир. Мабодо, намозда маза ва лаззат келса, у ҳолда бу ҳолат Аллоҳ таолонинг бир неъматидир. Агар намозда маза ва лаззат келмаса, унинг сабабидан намозга заррача нуқсон етмайди. Агар сиз намознинг арконлари ва шартлари ҳамда одобларини тўла-тўкис адо этаётган ва суннатга мувофиқ бажараётган бўлсангиз, у ҳолда агар бутун умр маза ва лаззат келмаса ҳам, бунда сизнинг айбингиз йўқ. Ибодат чоғи маза ва лаззат келса ҳам, келмаса ҳам намоз ўқишингиз керак».

«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Онанинг дуоси сабабли олим бўлди

12.05.2025   4317   2 min.
Онанинг дуоси сабабли олим бўлди

Сулаймон ибн Аюб раҳимаҳуллоҳ бундай ҳикоя қилади: “Мен ўн йилдан кўпроқ вақт давомида илм ўрганиш ва Қуръонни ёд олишга ҳаракат қилсам-да, Фотиҳа сурасини тўғри ўқий олмасдим. Бу ҳолат менга оғир эди. Ҳатто устозим ҳам мендан умидини узган эди.

Ёлғиз қолганимда саждага бош қўйиб йиғлаб, дуоларимда Аллоҳ таолодан тилимни бурро, хотирамни ўткир қилишини ҳамда қалбимдаги ғашликни кетказишини сўраб илтижо қилардим.

Солиҳ инсонлардан бирига ҳолимни баён этдим. У мендан: Ота-онанг борми? - деб сўради.

Мен: Ҳа, онам бор, - деб жавоб бердим.

У: Онангга яхшилик қиласанми? – деб сўради.

Мен: Ҳа онамнинг хизматларини бекаму кўст бажараман, – дедим.

Шунда солиҳ киши менга: Онангни олдига бориб, ундан Қуръони каримни ёд олишинг ҳамда фақиҳ бўлишинг учун дуо қилишини сўра, – деди. 

Мен уйга бориб, бу гапларни онамга айтдим. Волидам ярим тунда намоз ўқиди, ҳаққимга хайрли дуолар қилди. Сўнгра саҳарлик қилиб, Аллоҳ учун рўза тутди.

Тонг отиши билан онамнинг дуолари қабул бўлди. Худди булутлар тарқагач қуёш чарақлагани сингари ақлим ҳам ёришиб, қувваи ҳофизам кучайганини ҳис этдим.

Шу тариқа мен зеҳни ўткир ва илмли инсонга айландим. Онамнинг дуоси баракотидан Қуръон ва ҳадисни пухта ўзлаштириб, илму-ҳикмат денгизида суза бошладим. Ниҳоят, кучли имомга айландим”.

Ким бирор мақсадини амалга оширишда қийналса, аввало, Аллоҳ таолога таяниш баробарида ота-онасининг дуосини олсин!.

            

Шайх Маҳмуд МИСРИЙнинг
“Солиҳ ва солиҳалар ҳаётларидан қиссалар” китоби асосида
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.