Cавол: Тил ва лабни ишлатмасдан Қуръони каримни ўқиб чиқса, хатм қилган ҳисобланадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қуръони каримни хатм қилган бўлиши учун ҳарфларни тил билан талаффуз қилиб, камида ўзи эшитадиган даражада ўқиган бўлиши керак. Чунки нутққа тегишли ҳукмларда энг камида ўзи эшитиши шартдир. Шунга кўра бирор шахс сажда оятини ичида, ўзи эшитмайдиган даражада ўқиса, тиловат саждасини қилиши вожиб бўлмайди. “Шарҳул виқоя” ва унинг шарҳи “Умдатур ривоя” китобида қуйидагилар айтилган:
“Махфийликнинг энг ками ўзига эшиттиришдир. Саҳиҳ гап ҳам шу. Бу Абу Жаъфар Ҳиндувоний розияллоҳу анҳунинг сўзидир. Чунки тилнинг ўзини овоз чиқармасдан қимирлатиш бу кишининг наздида қироат ҳисобланмайди”.
Гапира олмайдиган одамлар, агар тилини қимирлата олса, шундай ўқийди. Буни ҳам қила олмаса, кўзнинг ўзи билан, қалби билан ўқийди. Фақиҳларимиз соқов инсоннинг намози, такбир айтиши, қироат қилишини баён қила туриб, уларнинг тил билан такбири таҳрима айтиши шарт эмас дейишган. Шунга кўра гапира олмайдиган кимсалар Қуръони каримни кўзи билан ўқиб, хатм қилаверадилар.
“Соқов каби гапира олмайдиган одамнинг тилини қимирлатиши вожиб эмас. Қироат қилишидаги ҳукм ҳам мана шу ва бу гап саҳиҳдир. Чунки у вожиб бўлган амални қила олмайди”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Савол: Ўқилган намозимдан кўнглим тўлмади. Шу намозни қайта ўқишим керакми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу масаланинг бироз тафсилоти бўлиб, унга кўра намоз қуйидаги ҳолатларда қайта ўқилиши лозим:
• Намозда бирор фарз амал бажарилмай қолиб кетган бўлса;
• Намозда бирор вожиб амал қасддан бажарилмай қолиб кетса;
• Намозда бирор вожиб амал унутиб бажарилмаса ва намоз охирида саждаи саҳв ҳам қилинмай тугатилган бўлса.
Агар намозда суннат амаллар тарк қилинган бўлса ёки намоз макруҳлик билан ўқилган бўлса, у ҳолда намозни қайта ўқиш вожиб эмас, балки мустаҳаб (чиройли саналган) иш ҳисобланади. Ушбу ҳолатда қайтадан ўқимаса ҳам гуноҳкор саналмайди.
Саволда сўралган ҳолатга келсак, кўнгил тўлмаслиги юқорида санаб ўтилган фарз ёки вожиб амал тарк қилинган ҳолатлар сабабли бўлса, намоз қайта ўқилиши керак. Аммо ҳақиқатда собит бўлмаган шубҳа-гумонлар, васвасалар сабабли кўнгил тўлмаётгандек бўлса, у ҳолда намозни қайта ўқилмайди. Чунки кўп ҳолларда “кўнглим тўлмаяпти”, деб намозни қайта-қайта ўқийвериш инсонни ўзига бўлган ишончини йўқотади ва васваса касалига чалинишига олиб келади.
Шундай экан, намозда бажариладиган фарз, вожиб, суннат амаллар ҳақида яхши ўрганиш, энг асосийси турли хаёлларга чалғимасдан намозни эътибор билан адо этиш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.