Cавол: Тил ва лабни ишлатмасдан Қуръони каримни ўқиб чиқса, хатм қилган ҳисобланадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қуръони каримни хатм қилган бўлиши учун ҳарфларни тил билан талаффуз қилиб, камида ўзи эшитадиган даражада ўқиган бўлиши керак. Чунки нутққа тегишли ҳукмларда энг камида ўзи эшитиши шартдир. Шунга кўра бирор шахс сажда оятини ичида, ўзи эшитмайдиган даражада ўқиса, тиловат саждасини қилиши вожиб бўлмайди. “Шарҳул виқоя” ва унинг шарҳи “Умдатур ривоя” китобида қуйидагилар айтилган:
“Махфийликнинг энг ками ўзига эшиттиришдир. Саҳиҳ гап ҳам шу. Бу Абу Жаъфар Ҳиндувоний розияллоҳу анҳунинг сўзидир. Чунки тилнинг ўзини овоз чиқармасдан қимирлатиш бу кишининг наздида қироат ҳисобланмайди”.
Гапира олмайдиган одамлар, агар тилини қимирлата олса, шундай ўқийди. Буни ҳам қила олмаса, кўзнинг ўзи билан, қалби билан ўқийди. Фақиҳларимиз соқов инсоннинг намози, такбир айтиши, қироат қилишини баён қила туриб, уларнинг тил билан такбири таҳрима айтиши шарт эмас дейишган. Шунга кўра гапира олмайдиган кимсалар Қуръони каримни кўзи билан ўқиб, хатм қилаверадилар.
“Соқов каби гапира олмайдиган одамнинг тилини қимирлатиши вожиб эмас. Қироат қилишидаги ҳукм ҳам мана шу ва бу гап саҳиҳдир. Чунки у вожиб бўлган амални қила олмайди”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
1 қисм / 2 қисм
Улар: “Хўп яхши. Демак, тўрт имомларнинг барчаси тўғри экан, бордию тўрт имомдан учтаси бир хил фикрда бўлишса-ю, лекин биттаси бошқа фикрда бўлса, улардан қайси бирига эргашамиз?” деб яна сўрадилар.
Мен: “Бир имомга”, деб жавоб бердим.
Улар: “Нима учун, ахир кўпчиликка эргашиш керак эмасми?”, дейишди.
Мен: “Аллоҳ таоло 124 минг пайғамбарларини юборди. Уларнинг ададини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Биз барчаларига иймон келтирамиз.
Қуръони каримда Юсуф алайҳиссаломга акалари сажда қилганлари ҳақида оят келган. Уламолар ушбу оятнинг тафсирида: “Инсонларнинг бир-бирига ҳурмат маъносида сажда қилиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача ўтган барча пайғамбарлар даврида рухсат этилган”, дейдилар. Аммо Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизни бундай қилишдан қайтарганлар. Лекин ўтган 123 минг 999 нафар пайғамбар бундан қайтаришмаган. Сиз ўтган пайғамбарларга эргашасизми ёки охирги замон пайғамбари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгами?” деб сўрадим.
Улар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашамиз”, дедилар.
Мен: “Худди шунингдек биз ҳам бир имомга эргашамиз”, дедим.
Улар: “Ислом дини Макка, Мадинада нозил бўлганми ёки Куфадами?”, деб яна савол сўрадилар.
Мен: “Макка, Мадинада”, дедим.
Улар: “Унда Куфадаги Абу Ҳанифага эргашмасдан, Макка, Мадинадаги имомларга эргашимиз керак эмасми?” дедилар.
Мен: “Тўғри, Қуръони карим оятлари Макка ва Мадинада нозил бўлди. Лекин етти қорилардан бири Маккалик, бошқаси Мадиналик, яна бири Басралик бўлган. Сизлар ҳам куфалик Имом Осимнинг қироатига эргашасизларку. Нега унда Қуръон Макка, Мадинада нозил бўлган бўлса, куфалик қорининг қироатига эргашяпсизлар?” деб саволларига савол билан жавоб бердим.
Улар: “Чунки куфалик қорилар Қуръонни ўзлари ўйлаб топишмаган. Улар куфага Макка, Мадинадан борган кўплаб саҳобалардан таълим олишган. Саҳобалар уларга Қуръонни ўргатишган”, дедилар.
Мен: “Саҳобалар Куфага келишганида ибодатларни ҳам ўргатишганми? Хусусан, қандай намоз ўқишни ҳам кўрсатиб беришганми? Нима деб ўйлайсиз?” деб сўрадим.
Улар: “Ҳа, саҳобалар қандай намоз ўқишган бўлса, уни куфа аҳлига ҳам ўргатишган”, дейишди.
Мен: “Демак, саҳобалар Қуръондан таълим беришган экан, албатта намозни ҳам ўргатганлар. Демак, бир мазҳабга эргашсак саҳобага эргашаётган бўламиз. Саҳобалардан кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишда ким гўзалроқ намуна бўлиши мумкин?” дедим.
Хулоса ўзингиздан.......
Даврон НУРМУҲАММАД