Устоз хаттахтага 1 рақамини ёзди ва ўқувчиларга қараб: “Бу сизнинг инсонийлигингиз”, деди. Сўнг 1 рақами ёнига 0 рақамини ёзиб: “Бу сизнинг бойлигингиз” деди. Яна бир 0 ёзар экан: “Бу сизларнинг мартабангиз”, деди.
Устоз шу зайл рақамни йириклаштириб бораркан, инсон ҳаётда эришиши мумкин бўлган ютуқларни санарди. Кейин эса... Бошланишдаги 1 рақамини ўчириб ташлади. Хаттахтада ҳеч бир қийматга эга бўлмаган ноллар қолди. Шунда устоз шогирдларига: “Агар сизда инсонийлик бўлмас экан, қолган ютуқларнинг бари ҳеч бир қийматга эга бўлмайди”, деди.
Қиссадан ҳисса шуки, ҳаётнинг ўзи бир дарсхона. Бирини кўриб фикр қил, бирини кўриб шукр қил, деган нақл бежиз айтилмаган. Аллоҳ бизга берган умрни Ўзи рози бўладиган, бошқаларга наф келтирадиган, дунё ва охиратда фойдали бўлган ишларга сарфлайлик.
Акбаршоҳ Расулов
Аллоҳ таоло инсоннинг нимани хоҳлашини яхши билади. Чунки инсонни Ўзи яратган. У нимани хоҳлаяпти, нимани хоҳламаяпти ҳаммасини билади. Ҳатто инсон ҳеч кимга айтмаган туйғуларини ҳам билади. Қуръони каримда келади:
﴿وَأَوْحَيْنَا إِلَى أُمِّ مُوسَى أَنْ أَرْضِعِيهِ فَإِذَا خِفْتِ عَلَيْهِ فَأَلْقِيهِ فِي الْيَمِّ وَلَا تَخَافِي وَلَا تَحْزَنِي إِنَّا رَادُّوهُ إِلَيْكِ وَجَاعِلُوهُ مِنَ الْمُرْسَلِينَ﴾
“Биз Мусонинг онасига “Уни эмизгин. Агар унга (зарар етишидан) қўрқсанг уни денгизга от. Қўрқма ва маҳзун бўлма. Биз уни ўзинга қайтарурмиз ва уни пайғамбарлардан қилурмиз” деб ваҳий қилдик” (Қасос сураси, 7-оят).
Демак, инсоннинг ички кечинмалари ҳам Аллоҳнинг қўлида экан. Ақлимиз ҳам аслида Аллоҳнинг измидадир. Аллоҳ хоҳлаган нарсаларнигина ақлимиз англай олади. Хоҳламагини эса англай олмайди. Лекин инсон ихтиёри борасида эркиндир. Инсон бирор нарсани танлаш ҳуқуқига эга. Лекин бу ҳақиқий эркинлик эмас, нисбий эркинлик холос. Айримлар бу қарашни инкор қилсалар ҳам аслида шундай.
Тўғри, инсон “буни қиламан, уни қиламан” деб айтади. Ҳатто барча амаллар унинг ихтиёрига боғланган. Лекин бу Аллоҳнинг қудратидан ташқарига чиқиб кетади дегани эмас. Чунки бунда Аллоҳнинг қудратини чеклаш маъноси чиқиб қолади.
Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг
"Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар" китобидан