Устоз хаттахтага 1 рақамини ёзди ва ўқувчиларга қараб: “Бу сизнинг инсонийлигингиз”, деди. Сўнг 1 рақами ёнига 0 рақамини ёзиб: “Бу сизнинг бойлигингиз” деди. Яна бир 0 ёзар экан: “Бу сизларнинг мартабангиз”, деди.
Устоз шу зайл рақамни йириклаштириб бораркан, инсон ҳаётда эришиши мумкин бўлган ютуқларни санарди. Кейин эса... Бошланишдаги 1 рақамини ўчириб ташлади. Хаттахтада ҳеч бир қийматга эга бўлмаган ноллар қолди. Шунда устоз шогирдларига: “Агар сизда инсонийлик бўлмас экан, қолган ютуқларнинг бари ҳеч бир қийматга эга бўлмайди”, деди.
Қиссадан ҳисса шуки, ҳаётнинг ўзи бир дарсхона. Бирини кўриб фикр қил, бирини кўриб шукр қил, деган нақл бежиз айтилмаган. Аллоҳ бизга берган умрни Ўзи рози бўладиган, бошқаларга наф келтирадиган, дунё ва охиратда фойдали бўлган ишларга сарфлайлик.
Акбаршоҳ Расулов
Бугун, 29 апрель куни “Ягона олимпиада – 2026” билимлар беллашувининг якуний республика босқичи Имом Термизий номидаги ислом институтида бўлиб ўтди. Унда 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасалари кесимида биринчиликни қўлга киритган талабалар иштирок этди.
Танловда иштирокчилар араб тили, фиқҳ, ақоид ва Ўзбекистон тарихи фанлари бўйича билим ва малакаларини синовдан ўтказди. Мазкур жараёнларини малакали ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.
Қизғин кечган баҳслардан сўнг якуний натижалар қуйидагича бўлди:
I-ўринни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаси Илҳом Бахтиёров қўлга киритди.
Ғолиб талаба “Вақф” фонди гранти асосида олий диний таълим муассасасига имтиҳонсиз ўқишга кириш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, у Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг биринчи даражали дипломи ва 10 миллион сўмлик пул мукофотини қўлга киритди.
II-ўрин “Ҳидоя” ўрта махсус ислом таълим муасcасаси талабаси Муҳаммадюсуф Абдувоҳидовга насиб этди.
Иккинчи ўрин соҳиби олий диний таълим муассасасига ўқишга кириши учун имтиҳон натижалари бўйича ўзи тўплаган баллнинг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл олиш имтиёзини қўлга киритди. Унга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг иккинчи даражали дипломи ва 7 миллион сўмлик пул мукофоти берилди;
III-ўринга “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаси Отабек Юсупов муносиб деб топилди.
Талабага олий диний таълим муассасасига ўқишга кириши учун имтиҳон натижалари бўйича ўзи тўплаган баллнинг 25 фоизи миқдорида қўшимча балл олиш имтиёзи ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг учинчи даражали дипломи ва 5 миллион сўмлик пул мукофоти берилди.
Танловнинг бошқа иштирокчиларига ҳам қимматбаҳо совғалар ва фахрий ёрлиқлар топширилди.
Аллоҳ таоло олимпиада ғолибларига имтиёз ва совринларни муборак қилсин, илм мусобақаларининг бардавом бўлишини насиб айласин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати