Устоз хаттахтага 1 рақамини ёзди ва ўқувчиларга қараб: “Бу сизнинг инсонийлигингиз”, деди. Сўнг 1 рақами ёнига 0 рақамини ёзиб: “Бу сизнинг бойлигингиз” деди. Яна бир 0 ёзар экан: “Бу сизларнинг мартабангиз”, деди.
Устоз шу зайл рақамни йириклаштириб бораркан, инсон ҳаётда эришиши мумкин бўлган ютуқларни санарди. Кейин эса... Бошланишдаги 1 рақамини ўчириб ташлади. Хаттахтада ҳеч бир қийматга эга бўлмаган ноллар қолди. Шунда устоз шогирдларига: “Агар сизда инсонийлик бўлмас экан, қолган ютуқларнинг бари ҳеч бир қийматга эга бўлмайди”, деди.
Қиссадан ҳисса шуки, ҳаётнинг ўзи бир дарсхона. Бирини кўриб фикр қил, бирини кўриб шукр қил, деган нақл бежиз айтилмаган. Аллоҳ бизга берган умрни Ўзи рози бўладиган, бошқаларга наф келтирадиган, дунё ва охиратда фойдали бўлган ишларга сарфлайлик.
Акбаршоҳ Расулов
Малайзияда бўлиб ўтган “MATTA Fair” йирик сайёҳлик кўргазмасида Ўзбекистон Туризм қўмитаси томонидан миллий павильон ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Малайзия халқаро савдо ва кўргазмалар марказида намойиш этилган миллий павильон мамлакатимизнинг Куала-Лумпур шаҳридаги элчихонаси кўмагида амалга оширилди.
Кўргазмада Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган тақдимотлар ўтказилди. Тадбир иштирокчиларига республикада туризм соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, зиёрат туризмини жадал ривожлантириш ва зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.
Сўнгги йилларда виза режими соддалаштирилиши натижасида 90 дан ортиқ хорижий давлатлар, жумладан, Малайзия фуқаролари учун ҳам мамлакатга визасиз кириш тартиби амал қилаётгани алоҳида таъкидланди.
Сайёҳлар Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг тарихий ва замонавий сайёҳлик марказлари, бой маданияти, бетакрор архитектураси ва санъати, миллий анъаналари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.
Миллий павильонда Туризм қўмитаси, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси вакиллари ҳамда республиканинг қатор туркомпаниялари томонидан зиёрат туризми, тарихий-маданий туризм, гастрономик туризм, Умра+, қишки туризм каби сайёҳлик дастурлари “B2B” ва “B2C” форматларида кенг тарғиб қилинди.
“Uzbekistan Airways” авиакомпанияси вакиллари мамлакатимизга саёҳат қилувчилар учун яратилган қулайликлар, жумладан, Тошкент ва Куала-Лумпур шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар мавжудлиги ҳақида ахборот берди.
Тадбир давомида икки мамлакат туроператорларининг тўғридан-тўғри ҳамкорлиги доирасида республикага сайёҳлар оқимини ошириш бўйича аниқ келишувларга эришилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати