Устоз хаттахтага 1 рақамини ёзди ва ўқувчиларга қараб: “Бу сизнинг инсонийлигингиз”, деди. Сўнг 1 рақами ёнига 0 рақамини ёзиб: “Бу сизнинг бойлигингиз” деди. Яна бир 0 ёзар экан: “Бу сизларнинг мартабангиз”, деди.
Устоз шу зайл рақамни йириклаштириб бораркан, инсон ҳаётда эришиши мумкин бўлган ютуқларни санарди. Кейин эса... Бошланишдаги 1 рақамини ўчириб ташлади. Хаттахтада ҳеч бир қийматга эга бўлмаган ноллар қолди. Шунда устоз шогирдларига: “Агар сизда инсонийлик бўлмас экан, қолган ютуқларнинг бари ҳеч бир қийматга эга бўлмайди”, деди.
Қиссадан ҳисса шуки, ҳаётнинг ўзи бир дарсхона. Бирини кўриб фикр қил, бирини кўриб шукр қил, деган нақл бежиз айтилмаган. Аллоҳ бизга берган умрни Ўзи рози бўладиган, бошқаларга наф келтирадиган, дунё ва охиратда фойдали бўлган ишларга сарфлайлик.
Акбаршоҳ Расулов
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллиги ташаббуси билан Бухоро шаҳридаги «Абу Бакр ас-Сиддиқ» жоме масжидида гапириш ва эшитишда нуқсони бўлган фуқаролар учун навбатдаги маънавий-маърифий учрашув ўтказилди.
Тадбирда имом-хатиб Ориф домла Тўқсонов «Охиратнинг биринчи манзили» мавзусида таъсирли маъруза қилиб, инсон эътиқоди ва маънавиятига оид муҳим тушунчаларни иштирокчиларга етказди.
Малакали сурдо таржимон кўмагида ўтган ушбу суҳбат давомида қатнашчилар ақида, фиқҳ ва ижтимоий ҳаётга оид ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олдилар.
Жисмоний имкониятидан қатъи назар, илмга чанқоқ қалбларни бирлаштирган мазкур хайрли учрашув якунида юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги сўраб дуолар қилинди.
Аллоҳ таоло ушбу маърифий ташаббусларни бардавом ва манфаатли қилсин.
Naqshband.uz