Cавол: Шаъбон ойида рўза тутишни ният қилиб турибмиз. Оғиз очиш ва ёпиш вақтлари ва дуоларини айтиб юборсангиз, илтимос.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Дарҳақиқат, кўплаб ҳадиси шарифларда шаъбон ойида нафл рўза тутишга тарғиб қилинган. Жумладан, Оиша разияллоҳу анҳодан қуйидагича ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаъбон ойини жуда ҳам кам (ҳолатларда) рўзасиз ўтказардилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Бир куни мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бундай савол бердим: “Ё Расулуллоҳ, мен (Рамазондан ташқари) бирор ойда шаъбондагидек рўза тутганингизни кўрмадим?” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бу шундай ойки, одамлар ражаб билан рамазон ўртасида вақт – шаъбондан ғафлатда қолишади. Бу ойда амаллар Роббил оламийнга кўтарилади. Шундай экан, мен амалимни ўзим рўзадор ҳолимда кўтарилишини яхши кўраман", дедилар (Имом Насоий ривояти).
Нафл рўза тонг отгандан қуёш ботгунга қадар тутилади. Ҳаво булутли бўлмаганда кўзимиз билан ҳам тонг отиши ва қуёш ботишини била оламиз. Булутли кунларда эса тонг отиши ёки қуёш ботишини аниқлаш қийин бўлса, намоз вақтларини кўрсатувчи тақвимдан фойдаланса ҳам бўлади. Тақвимда “Тонг” деб кўрсатилган вақт оғиз ёпишнинг охирги вақти саналади. Ўша вақтдан кейин еб-ичилса, рўза дуруст бўлмайди. Лекин саҳарликда ухлаб қолган одам ҳеч нарса еб-ичмасдан ҳам нафл рўзани ният қилиб, рўза тутиши мумкин. “Шом” деб кўрсатилган вақт эса оғиз очиш вақтидир. Ундан аввал оғиз очиб юборилса, куни бўйи тутилган рўза бузилган саналади.
Нафл рўзанинг аксар ҳукмлари фарз рўзаникига ўхшайди, фақат ниятда “Тонг отгандан токи қуёш ботгунга қадар нафл рўза тутишни ният қилдим”, дейилади. Оғиз ёпишда махсус дуо йўқ, у пайтда юқорида айтилгандек, ўзбек тилида ҳам ният қилса, бўлади. Ифторлик (оғиз очиш) дуоси қуйидагича:
اَللَّهُمَّ لَكَ صُمْتُ وَبِكَ آمَنْتُ وَعَلَيْكَ تَوَكَّلْتُ وَعَلَى رِزْقِكَ أَفْطَرْتُ، فَاغْفِرْلِى مَا قَدَّمْتُ وَمَا أَخَّرْتُ
Ўқилиши: “Аллоҳумма лака сумту ва бика аманту ва аълайка таваккалту ва аълаа ризқика афторту, фағфирлий ма қоддамту ва маа аххорту”.
Маъноси: Аллоҳим, ушбу рўзамни Сен учун тутдим, Сенга иймон келтирдим, Сенга таваккал қилдим ва берган ризқинг билан ифтор қилдим. Менинг аввалги ва кейинги гуноҳларимни мағфират қилгил. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Савол: Масжиддаги жамоатда баъзан олдинги сафдаги одамнинг кийими калта бўлгани учун саждада орқаси қисман очилиб қолади ва бехосдан унга кўзимиз тушиб қолади. Шу ҳолатда таҳорат ёки намозимиз бузилмайдими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Уламолар таҳорат ва намозни бузувчи омилларни бирма-бир санаганлар. Улар ичида бировнинг авратига кўз тушиб қолиш сабабли бузилади, деган гап йўқ. Бировнинг, хоҳ аёлнинг, хоҳ эркакнинг авратига қараш сабабли бавл ёки бирор суюқлик чиқмаса, таҳорат синмайди. Аммо бу дегани қараш, назар солиш мумкин экан, деб тушунмаслик керак. Чунки бундай ишлар асло мумкин эмас.
Бир нарсани ёдда тутиш лозимки, намоз ўқиш учун тайёрланаётган инсон намоз ўқиш асносида авратлари очилиб қолмаслигининг чорасини кўриши керак бўлади. Чунки бир рукн (фарз амали) миқдорича авратининг тўртдан бири очилиб турса, унинг намози бузилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази