Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф доирасида Малайзия Ислом санъати музейига ташриф буюрди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу мажмуа мамлакатнинг энг йирик музейларидан бири ҳисобланади. У 1998 йилда ташкил этилган.
Музей анъанавий ислом меъморчилиги услубида барпо этилган бўлиб, унинг умумий майдони 30 минг квадрат метрдан зиёдни ташкил этади.
Бино гумбазининг ички қисмини безаш ва реставрация ишларида ўзбекистонлик усталар иштирок этган.
Бу ерда 10 мингдан ортиқ ислом санъати намуналари сақланмоқда. Доимий экспозицияда Қуръон қўлёзмаларининг ноёб тўплами, сопол ва қимматбаҳо буюмлар, қурол-яроғ намуналари ва иншоотлар макетлари, тақинчоқлар, тангалар ва бошқа ашёлар намойиш этилмоқда.
Музей фондида замонавий Ўзбекистон ҳудудида турли тарихий даврларда яратилган 200 га яқин ноёб экспонатлар алоҳида ўрин эгаллайди. Улар орасида ўрта асрларга оид қўлёзмалар, заргарлик буюмлари, машҳур абр матолари ва кийим намуналари, Шарқ Ренессансига оид кулолчилик буюмлари мавжуд.
Давлатимиз раҳбари экспонатларни кўздан кечириш чоғида биргаликда тадқиқотлар ўтказиш ва кўргазмалар ташкил этиш, илмий ва маданий алмашинувни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
President.uz
Германиянинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан ҳам қатор маърифий учрашувлар ва мулоқотлар ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги элчихонасида муборак ватандошларимиз учун ифторлик ташкил этилди. Унга Германияда яшаб, меҳнат қилаётган ҳамда таҳсил олаётган юртдошларимиз таклиф этилди.
Мазкур тадбирда Фарғона шаҳридаги “Хўжамбердибой” жоме масжиди имом-хатиби Ҳусниддин домла Турсунзода иштирокчилар билан “Ватанга муҳаббат – энг муқаддас туйғу” мавзусида маърифий суҳбат ўтказди. Суҳбат давомида Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва маънавий қадриятларимизни асраб-авайлаш, чет элда яшаб фаолият олиб бораётган ватандошларимиз ўртасида бирлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашнинг аҳамияти ҳақида сўз борди.
Виржиния, Нью-Йорк, Бальтимор шаҳарларида ватандошлар, жамоат фаоллари ва турли соҳалар вакиллари иштирокида ифторлик дастурхонлари ёзилди.
Учрашувларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов бошчилигидаги уламоларимиз Рамазон ойининг фазилатлари, миллий ўзликни сақлаш, Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маърузалар қилишмоқда.
Шунингдек, имом-хатибларимиз у ерларда таровеҳ намозларини ўқиб бериб, ватандошларимизни хушнуд этмоқда. Улар дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат муҳитида, бир дастурхон атрофида жам бўлиб, Рамазон ойининг маънавий қадриятлари – бағрикенглик, саховат ва бирликни яна бир бор ҳис қилишмоқда.
Екатеринбург шаҳрида ҳам ватандошлар учун ифторлик уюштирилди.
Унда Тошкент шаҳридаги “Баланд” жоме масжиди имом-хатиби Аъзамжон Эргашев Ислом динининг маънавий ва инсонпарварлик қадриятлари ҳақида маъруза қилиб берди.
Учрашув давомида ватандошлар ўзларини қизиқтирган диний ва дунёвий мазмундаги саволларга жавоб олишди.
Меҳмонлар учун Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва муқаддас қадамжоларини очиб берувчи видеороликлар, миллий анъаналар, маданий мерос ва ислом динининг жамият ҳаётидаги ўрнини акс эттирувчи тарқатма материаллар намойиш қилинди.
Дунёнинг 50 та шаҳрида ўтказилаётган бундай хайрли тадбирлар ватандошларимизнинг маънавий бирлигини мустаҳкамлаш, юрт билан боғлиқлик туйғусини янада кучайтириш ҳамда миллий ва диний қадриятларимизни тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати