Бақара сурасининг: «Аллоҳга “чиройли қарз” берадиган (Унинг йўлида ўз бойлигидан сарфлайдиган) киши борми?..» 245-ояти каримаси нозил бўлгач, Абу Даҳдаҳ розияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳ қарздан беҳожат бўлгани ҳолда, бизнинг қарз беришимизни хоҳлайдими?” – дедилар.
Набий алайҳиссалом: “Ўша сабабли сизларни жаннатга киритишни хоҳлайди”, дея жавоб бердилар. “Агар мен Роббимга қарз берсам, унинг эвазига мен ва болаларимни ҳам жаннатга киритадими?” – дедилар Абу Даҳдаҳ.
Набий алайҳиссалом: “Ҳа”, дедилар. Шунда Абу Даҳдаҳ: “Ундай бўлса, қўлингизни узатинг!” – дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини узатган эдилар, Абу Даҳдаҳ: “Менинг иккита боғим бор, уларнинг бири Мадинанинг паст тарафида, бошқаси тепа тарафида жойлашган. Худо ҳаққи, менда шулардан бошқа нарса йўқ, уларни Аллоҳга қарз бердим”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биттасини Аллоҳга бериб, бошқасини ўзинг ва оиланг тирикчилиги учун олиб қўявергин”, дедилар.
Абу Даҳдаҳ: “Ё Аллоҳнинг Расули, сиз гувоҳ бўлингки, мен иккисидан энг яхшисини, ичида 600 туп хурмоси борини бердим”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ундай бўлса, Аллоҳ у сабабли сени жаннат ила мукофотлайди”, дедилар.
Абу Даҳдаҳ боғ томон юрдилар ва аёли ҳамда болаларини чақириб: “Чиқинг, мен бу ерни Аллоҳга қарз бердим”, дедилар.
Умму Даҳдаҳ: “Йўғ-э, нимага бундай қилдингиз, ахир бу боғни орқангиздан қоладиган болаларингизга ташлаб кетганингиз яхши эмасми? Чорагиними ё ярминими бериб, қолганини ўзимизга олиб қолмабсиз-да!” демадилар.
Аксинча, Умму Даҳдаҳ: “Яхши савдо бўлибди, Аллоҳ сизга барака берсин”, дедилар. Кейин болаларига ўгирилиб, уларнинг этакларидаги хурмоларни қоқиб ташладилар ва оғзида чайнаб турганларини ҳам чиқартириб юбордилар. Шу заҳоти болалари билан у ердан чиқиб, иккинчи боғга кириб жойлашдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Абу Даҳдаҳ учун мевалари мўл қанчадан-қанча хурмо дарахтлари тайёрлаб қўйилган”, дедилар.
Эй Абу Даҳдаҳ, мукофотингизни Аллоҳ берсин! Қандай қилиб Аллоҳнинг амрига бу даражада тезлик ила лаббай дея жавоб бердингиз-а?! Қандай қилиб ажабтовур, мевалари кўплигидан шохлари эгилиб қолган бу хурмозорни
Аллоҳнинг жаннатидан умид қилиб, Ўзининг йўлида садақа қилдингиз?! Буни қандай уддаладингиз?!
Ҳозирги кунда олдига ишончли кишилар келиб масжид қурилиши учун ёрдам сўрашганида ёки мусулмонларга фойда келтирадиган бирор-бир ишга ҳомийлик қилиш илтимоси бўлганда иккиланадиган баъзи бойларга ўхшаб Абу Даҳдаҳ розияллоҳу анҳу узоқ ўйланмадилар. Ёки бўлмаса мақтов, ўзларининг ҳақларига мадҳия сўрамадилар. Йўқ, Аллоҳга қасамки, у зот бу ишларни Аллоҳ Ўзининг мухлис бандаларига тайёрлаб қўйган жаннатига талабгор бўлиб қилдилар, бундан бошқа нарсанинг талабида бўлганлари йўқ.
Эй Абу Даҳдаҳ, қилган ишингиз муборак бўлсин! Яна сизга бундайин солиҳа аёл муборак! Бундай улкан мартабада тура олиш қутлуғ бўлсин! Эй Умму Даҳдаҳ! Мусулмонларнинг аёллари сиздайин зотларга эргашсинлар...
Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
Савол: Оилалиман, 2 нафар фарзандим бор. Турмуш ўртоғим эҳтиёжларим, касал бўлсам дори-дармоним учун пул бермайдилар. Болаларимизни эҳтиёжлари учун бериб турадилар, холос. Ўзим ишлайман, “ишлаб топган пулингни ҳаммасини менга беришинг керак, чунки Хадича онамиз ҳам ҳамма пулларини Расулимиз алайҳиссаломга берганлар” дейдилар доим. Эътироз билдирсам, “менга итоатсизлик қиляпсан” дейдилар.
Яқинда шу масалада жанжаллашиб қолганимиздан кейин пулимни ярмини олиб, ўзимда қолган ярмини рўзғорга ишлатишимга мажбурлаяптилар. Бизнинг вазиятимизга шариатда қандай изоҳ берилади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таоло оилада эркакни раҳбар этиб тайинлаб, унинг зиммасига қўл остидагиларнинг: аёли ва фарзандларининг нафақасини юклаб қўйган. Аёлнинг топаётган пулида на эрнинг ва на қайнонанинг ҳақи бор, уни зулм қилиб олиб қўйишга мутлақо ҳақи йўқ. Агар ўзи рози бўлиб берса, олиши мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Мусулмон кишининг моли бошқага ҳалол эмас, фақатгина ўзи рози бўлиб, кўнглидан чиқариб берсагина, ҳалол бўлади” (Имом Аҳмад ривояти).
Хадийжа розияллоҳу анҳо онамиз бутун молу жонини Сарвари олам бўлган турмуш ўртоқларига инъом этганлар, яъни ўз ихтиёрлари билан берганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом тортиб ёки талаб қилиб олиб қўймаганлар. Нафақат Хадийжа онамиз, балки у зотнинг атрофидаги барча саҳобалар у зотни жонларидан ортиқ яхши кўрганлар ва борини беришга шай турганлар.
Шариатимиз ҳар бир шахсга молиявий мустақиллик берган. Эр топган пулини ўзи истагандай сарфлаши ва бунга на аёли ва на бошқа одамлар тўсқинлик қилишга ҳақи йўқ бўлгани каби, аёлнинг ҳам шахсий маблағидаги тасарруфи ўз қўлида бўлади. Фақатгина фойда-зарарни билмайдиган ақли заиф тоифаларгина бундан мустасно. Уларнинг тасарруфини валийлари олиб боради.
Аммо юқоридаги гаплардан аёл топганини ҳеч кимга бермаслиги, фақат ўзи ишлатиши керак экан, деган хулоса чиқмайди. Ўз ихтиёри билан эрига, фарзандларига ёки бошқаларга ҳадя қилиши мумкин ва бу учун албатта, ажр олади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг аёллари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: “Эримга садақа қилсам бўладими?” – деб сўраган ва у зот алайҳиссалом: “Ҳа”, деб жавоб берганлар. Яъни саҳобия аёллар эрларига садақа, ҳадя қилиб турганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бежизга: “Ўзаро ҳадялашинглар, ўртада муҳаббат пайдо бўлади”, деб айтмаганлар.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, оила эр-хотин ўзаро бир-бирларини тушунишлари, ҳурмат қилишлари ва ўз бурчларини муҳаббат билан адо этишлари лозим. Ана шунда оилавий ҳаёт саодатли давом этади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.