Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир кун аввал ухлашга кеч ётганим учунми, саҳарда вақтли уйғонишим қийин бўлди. Масжидда жамоат билан бомдод намозини адо этганимдан сўнг, уйга қайтдим. Бироз мизғиб олай деб, бошимни ёстиққа қўйганимни биламан, кимдир дарвозамизни қаттиқ тақиллатиб қолди. Тезда бориб, эшикни очдим. Қарасам: қўшнимиз. Кўзлари бежо. Сочлари ҳурпайиб кетган. Қўл-оёқлари қалтираётгани билиниб турибди.
– Қўшни, – деди у титраган овозда. – Шаҳарни душманлар эгаллабди. Ҳаммаси қуролланган эмиш. Нариги маҳалладаги хонадонларнинг ҳар бирига кириб, эркакларни бир машинага, кексалар, аёл ва болаларни автобусга босиб олиб кетишаётганмиш. Қаршилик қилганларни жойида отиб ташлашаётганмиш...
– Субҳаналлоҳ. Нималар деяпсиз? Қанақа душманлар? Ким айтди бу гапларни сизга?
– Ҳозир укам телефон қилди. Мактабларга, шифохоналарга ҳам ҳужум қилишибди. Шаҳар марказида ҳарбийлар билан душманлар ўртасида отишмалар бўлаётганмиш...
Шундай дея қўшнимиз нари кетиб, уйдагиларига «Бўлақолинглар, машинага ўтиринглар, шаҳардан тезроқ чиқиб кетиш керак», деб бақира кетди.
Нималар бўлаётганини тушунмай гаранг бўлиб турганимда, қўшним машинасини юргизиб, икки-уч марта сигнал берди.
Шу пайт уйғониб кетдим... Хайрият, туш кўраётган эканман. Астағфируллоҳ. Бунақа ҳолатлардан ўзинг асрагин, эй Аллоҳим. Туриб, таҳорат қилдим. Икки ракъат намоз ўқиб, Яратганга ҳамду санолар, шукроналар айтган ҳолда У Зотдан юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо сақлашини сўраб дуо қилдим. Тўғри, бу бир туш, лекин худди шу ҳолат ҳозир дунёнинг қайсидир бурчагида ҳақиқатда содир бўлмаяптими?! Тан олиш лозим: кўпчилигимиз бугун мамлакатимизда ҳукм суриб турган хотиржамликнинг қадрига етмаяпмиз.
Аллоҳ таоло томонидан инсонга берилган неъматларнинг сон-саноғи йўқ. Шундай неъматлардан бири хотиржамликдир. Хотиржамлик – ўзбек тилининг изоҳли луғатида «руҳан тинч бўлиш», «бамайлихотирлик», «осойишталик» маъноларини билдириши айтилган. Истилоҳда инсон учун унга бирон кимса ёки бирор нарса ҳалақит қилмайдиган қилиб берилган тинч шароитга хотиржамлик дейилади. Хотиржамликнинг акси – безовталик, кўнгли ғашлик, бетоқатлик, ташвишланиш. Зеро, одатдаги ороми, тинчи бузилган ҳар қандай киши ҳаяжон ва изтиробга туша бошлайди, ҳаловати бузилади.
Ҳадисда: «Мунофиқнинг аломати учта: гапирса, ёлғон гапиради, ваъдасига вафо қилмайди, агар унга омонат топширилса, хиёнат қилади», дейилган (Бухорий ва Муслим ривояти).
Афсуски, кўпчилигимиз, билиб-билмай баъзида бизга берилган бу омонатга хиёнат қилиб қўймоқдамиз. Аллоҳ томонидан бизга берилган тинчлик, хотиржамлик неъматининг қадрига етмаяпмиз. Ер юзининг баъзи нуқталарида рўй бераётган машъум воқеалардан тўғри хулоса чиқармаяпмиз...
Дарҳақиқат, бугун жаҳоннинг айрим давлатларидаги аҳвол ачинарли кўриниш олмоқда. Одамлар кўчага чиқишдан қўрқади. Болалар таҳликали ҳолатда яшамоқда. Отилган ўқлар, портлашлар шовқинидан чўчиб уйғонмоқда. Таълим олиш, ҳордиқ чиқариш, тўйиб еб-ичиш – улар учун орзу.
Алҳамдулиллаҳ, юртимизда тинчлик ҳукмрон. Кўчада хотиржам юришимиз, ишлаб, ҳалол ризқ топишимиз, фарзандларимизни қўрқмай, бемалол мактабга, боғчага жўнатишимиз – катта неъмат.
Болалигимизда нуроний отахонларимиз, ёши улуғ онахонларимиз «Тинчлик-хотиржамлик бўлсин, юртимизни ёмон кўздан асрасин, барчамизни саломат қилcин, хонадонларимиздан осойишталик аримасин, илоҳим» деб дуо қилсалар, ушбу сўзлар маъносини яхши англамас эдик. Кейинчалик бу каломлар нақадар қимматли эканини тушуниб етдик.
Уруш бу – ваҳшийлик, босқинчилик, вайронагарчилик, қон тўкилиши. Уруш бу – очлик, жудолик, таназзул, инқироз. Унинг оқибатларини айтиб адо этиб бўлмайди. Шундай экан, осмонимизни мусаффо қилиб турган Аллоҳ таолога шукр қилайлик. Қуръони Каримда марҳамат қилинади:
«Сизларга ер юзида қудрат ва имкониятлар бердик ва унда сизлар учун яшаш воситалари қилдик. Қанчалар оз шукр қиласизлар-а?!» (Аъроф сураси, 10-оят).
Ғоят қисқа иборалардан ташкил топган ушбу ояти карима чексиз ҳақиқатни, воқеликни мужассам қилгандир. Ер юзида инсонга яшаш муҳитини яратиб бериш осон иш эмас. Бу имконни яратиш учун қанчадан-қанча бир-бирига боғлиқ ишлар амалга оширилган. Аввало, олам инсон ҳаётига мосланган, кейин инсон бу дунёда яшашга мослаштирилган. Бу икки тарафлама мослашишнинг вужудга келишига сабабчи ишлар ҳақида олимлар қанчадан-қанча китоблар ёзганлар ва ёзмоқдалар ҳам. Инсон ақлини ишлатиб, дунёда унинг учун яратилган яшаш муҳитларидан ақалли бир ёки иккитасини ўйлаб кўрса, тушуниб етадики, Аллоҳга ҳар қанча шукр қилса ҳам оз экан.
Ўтган асрнинг 70-йилларида Швейцария статистика маркази эълон қилган маълумотларга кўра, инсониятнинг 5000 йиллик тарихи давомида Ер куррасида атиги 292 йил урушсиз ўтган экан. 15 500 дан ортиқ уруш, жангу жадалларда 3 миллиард 640 миллион киши ҳаётдан кўз юмган (Лихтенштейн Е., «Фан ҳақида сўз» (Слово о науке), М.: «Знание», 1976 й., 117-бет).
Шу ўринда бу урушларнинг аксарияти турли хилдаги фитнаю фасодлар, иғвою гижгижлашлар (провокациялар) оқибатида юзага келишини айтиб ўтиш лозим. Шундай экан, ҳар биримиз ўзимизни, фарзандларимизни, яқинларимизни – фитна уруғини сочувчиларнинг, йўқ жойдан жанжал-низо кўтарувчиларнинг домига тушиб қолишдан, уларнинг ҳийла-найрангларига учишдан сақлашимиз даркор.
Аллоҳ барчамизни уруш, туҳмат, офат каби бало-қазолардан сақласин. Дориломон кунларимиз бардавом бўлсин!
Шуҳрат Хўжаев
Алҳамдулиллаҳ, неъматлар ичра яшаяпмиз. Деярли кўпчилик инсонлар болалар тарбияси масаласида бир хил ўйда: фарзандларим илмли, солиҳ, етук инсонлардан айниқса “қори” бўлса деб орзу қилишади. Бу орзусига ҳамма ҳар хил қадам ташлайди. Инсонлар уч тоифага бўлинади бу борада:
1. Аллоҳ таолонинг айтганларини бажаришликда жидду жаҳд қилган, илм йўлига тушган, изланиш, гўзал таълим-тарбияли бўлишга интилиб, фарзандларини ҳам шу йўлга етаклайди;
2. Ўзи Аллоҳнинг айтганларини қилмайди-ю аммо фарзандларини илм олиб, камолга етиши учун мол-дунёсини аямайди;
3. Ўзи ҳам Аллоҳ таолони айтганларини бажаришликда амал қилмайди, фарзандларини ҳам бунга чақирмайди.
Сиз юқоридагиларни қайси бирига кирасиз? Албатта, уч тоифадан бири сизники. Буларни қисқача очиқлаб ўрганиб чиқамиз.
Биринчиси – мақталган, дунё ва охират саодати харидори, Аллоҳ таолонинг Жамоли ва Жаннатидан умидвор мўмин одамнинг ҳаёт йўли. Улар мана шу йўлда бардавом бўлишлари учун Аллоҳ таолонинг Ўзи ўргатган дуолар ила муножотда бўлади. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Парвардигорим, мени ва зурриётимдан (бўлган болаларимни) намозни тўкис адо этувчи қилгин. Парвардигоро, дуоимни қабул айла” (Иброҳим сураси, 40-оят).
Фарзанд кўз ўнгида ота ёки онанинг гўзал амаллар билан банд бўлиши унга энг таъсири кўп бўлган жиҳатлардан биридир. Аввало болага Аллоҳ ва Расулини танитиш, нима учун яратилганлигимизни тушунтириш ҳамда буйруқ ва қайтариқларни яхшилаб ўргатиш зарур. Шариат амалларини ота-она ўзи яхшилаб англаб, фарзандига сингдириши шарт. Зеро, Аллоҳ таоло солиҳ амал қилган бандаларига абадий Жаннатни ваъда қилган. Бу ҳақда Қуръони каримнинг бир нечта сураларида башоратлар берилган.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Албатта, иймон келтириб, яхши амаллар қилган ва Раббиларига бўйсунганлар ана ўшалар жаннат аҳлидир. Улар у ерда абадий қолурлар” (Ҳуд сураси 23-оят).
Аллоҳ таолони айтганини қилган бандаларга дунёда ҳам тирикчилигида кенглик беради. Яхши амалларнинг мукофоти нафақат охиратда балки бу дунёда ҳам берилиши айтилган. Қуръони каримда Аллоҳ таоло мўмин ва мўминаларга хушхабар айтган:
“Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз...” (Наҳл сураси, 97-оят).
Иккинчиси – Ҳар бир ота-ота фарзандини камолини кўришни хоҳлайди. Билингки, ўзингиз Аллоҳнинг чақириғига “лаббай” демас экансиз улар ҳам сизларнинг чақириғингизга ижобий жавоб қайтармайди. Улар учун сарфлаган пулларингиз ҳавода титилган жун каби ҳар қаёққа беиз кетиб қолади. Бола биринчи таълим тарбияни ота-онасидан ёки бирисидан олади. Албатта, оила бошлиғи бўлган ота пул топишга, оилани таъминлашга масъул. Она эса уй ишлари, бола тарбиясига кўпроқ масъулдир. Агар улар ўз вазифаларини бажармас экан, тизим ишдан чиқади. Улардаги вазифаларни бир-бирига алмаштириб қўйилса, ҳам бу чора бўлолмайди. Бу ҳолатда ота-она бир-бирларини қўллаб-қувватлаб, сўзлари бир жойдан чиқиши керак. Аксинча фарзандлар олдида эр аёлининг хатоларини муҳокама қилиб, жиркиб, ҳақоратлаб турса, бу нарса бола руҳиятига салбий таъсир кўрсатади. Боланинг илмларни ўзлаштиролмаслигига оилавий муҳит ҳам катта таъсир кўрсатади. Биз фарзандларимиздан кутаётган ютуқларни ҳали ҳам кутиб ўтирганимизнинг сабаби беҳудаликларнинг ҳаётимизда ортиши. Кўп кузатувларимиз натижаси шуни тасдиқлайдики, бола тарбиясидаги оқсоқликларнинг илк сабабчиси телефондир. Ота-она фарзандлари кўз ўнгида бебаҳо вақтларини соатлаб телефон иловаларига бахшида этишмоқда. Катталарнинг ҳар бир ҳаракатидан улгу андоза олиш фарзандга ҳеч бир қийинчиликсиз сингади.
Мен тўсатдан бир жараённи кузатиб ҳайратландим. Бефарзанд ота-оналар муолажалари ичида онани ҳомиладорликка тайёрлаш жараёни бўларкан. Бунда ота-онанинг бутун таҳлиллари кўздан кечирилиб, унга дори дармон муолажалари бошланилиб, бу жараён 3-4 босқичда олиб борилар экан. Қаранг, ота-она бўлиш учун қандай жиддий уринишлар. Ҳомиладорликдан олдин она жисмининг ўта қаттиқ назоратга олиниши. Бу албатта, керакли ҳол. Аммо бунга онанинг руҳий ҳолати ҳам жисмини тайёр бўлишиданда муҳим омиллардандир. Фарзандли бўлишдан илгари руҳан ҳам жисмонан тайёр бўладиган бўлсак, бола дунёга келгач, бизнинг масъулиятимиз яна ортса ортадики камаймайди. Халқимизда шундай мақол бор: “Нима эксанг, шуни ўрасан”.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларнинг қайси фазилатга эга бўлганлари нажот топишлиги, кимлар Фирдавс жаннатига ворис бўлиб ўша ерда мангу қолишларини айтган ояти каримада бир жиҳат алоҳида таъкидланган: “Улар беҳуда (сўз ва амаллардан) юз ўгирувчилардир” (Мўминун сураси, 3-оят).
Бандларимиздаги иккинчи тоифани очиқлашга қайтсак, хўп ўзи амал қилмаган ҳолда болага сармоя тиккан ота-оталар умуман натижасиз қолишининг асосий сабабларини ўрганиб олсак. Пул ҳамма нарсани ҳал қилади деган ўй хато. Қаттиқ (контрол) ва тергаш керак болага. Болани вақтини тўғри тақсимлаш биринчи галдаги масаладир. Уйқу режими, дарс қилиш соатлари, кўчада ўйнаб келиш учун белгиланган вақтлар онанинг кузатувидан четда қолмаслиги керак. Бола тунги соат 01-02 да ухласа, дарсни хаёлини паришон ҳолда бажарса, кўчада 4-5 соатлаб ўйнаса, қорни очгани учунгина уйга кирса, онага гап қайтарганда ота бунга эътироз билдирмаса, ёш бўлишига қарамасдан онани менсимаса ва бунга ота йўл қўйиб берса, боладан қандай ижобий нарса кутиш мумкин? Ҳеч нарса!!!
Ота-она фарзандларга намуна бўлмаслигининг зарари уларга сўз билан таъсир ўтказиш қийинлашади. Масалан намоз ўқиш, ҳалол ризқ топиш, гуноҳлардан тийилишга амал қилмаса, фарзандлар ҳам буни оддий ҳол деб қабул қилади. Мабодо ўша амалларга буюрсангиз, “Отам-онам айтганларини ўзлари қилмайдику” деб ўйлайди.
Фарзандларни қалби ва руҳияти дарахтга ўхшайди. Иймон, Аллоҳга тақво унинг илдизидир. Агар ота-она бу илдизларни суғоришга эътибор бермаса, яъни диний тарбия билан шуғулланмаса бу дарахт заиф ўсади ва турли гуноҳлар шамолида тезгина синиб кетиши мумкин.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлар ва тошлардан бўлган дўзаҳдан сақланг. Унинг устида қўпол ва дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг буйруқларига исён қилмаслар ва буюрилган ишни бажарадилар” (Таҳрим сураси, 6-оят). Бу оят ота-оналарга ўз оиласини дўзахдан сақлашга бўлган масъулиятини эслатади.
Яхши ниятда унга илм ўргатдингиз, тили калималарни айтиб берадию, ахлоқдан асар ҳам йўқ. Қуръони каримни ёддан айтиб берадию, ота-она ҳақларини риоясини қилмайди. Атрофдагиларга бадхулқлиги билан доим азият бераверади. Хулқ илмдан устун туради. Хулксиз илмдан фақат залолатга ботиш, гуноҳларга шўнғиш бор. Фарзандни аввало гўзал хулқли “инсон” қилиб тарбиялашимиз керак. Ундан кейингина илм билан зеб берамиз.
Учинчи – тоифадаги одамларнинг ўзлари ҳам фарзандлари ҳам охир оқибатлари нима бўлиши ҳаммамизга аён. Барча амаллари бу дунёнинг ўзида қолиб кетади.
Аллоҳ таоло айтади: “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унинг учун танг ҳаёт бўлур. Ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирамиз. У “Раббим, нимага мени кўр қилиб тирилтирдинг. Ахир мен кўрувчи эдим-ку”, деган эди. (Аллоҳ) айтди: “Шундай. Сенга мўъжизаларимиз келганида уларни унутдинг, бугун сен ҳам ана шундай унутиласан” (Тоҳа сураси, 124–125–126-оятлар).
Ортиқча изоҳларга ҳожат йўқ. Аллоҳ бу тоифага тушиб қолишдан, зурриётларимиздан ҳам шундайлар чиқишидан Ўзи асрасин. Барчаларимизни Ўзи гўзал ислоҳ қилсин.
Азиза РАҲМАТОВА
Самарқанд тумани бош отинойиси