Россия Федерациясида вақтинча меҳнат қилаётган, таълим олаётган ва бошқа мақсадларда борган юртдошларимиз билан самимий мулоқот қилиш, улар билан дилдан гаплашиш, маърифий суҳбатлар қилиб бериш мақсадида айни кунларда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов мазкур мамлакатда бўлиб турибди.
Дастлаб Москва вилояти Одинцово шаҳридаги "Монотек" масъулияти чекланган жамияти қурилиш ширкатида ишлаётган ватандошларимиз билан, сўнгра Москва шаҳридаги "АнтЯпи" масъулияти чекланган жамияти қурилиш фирмасида меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари билан самимий мулоқот қилди.
Ватандошларимиз маърифий суҳбатлар асносида Абдуқаҳҳор домладан ўзларини қизиқтирган диний ва бошқа мавзулардаги саволларга атрофлича жавоблар олди.
Бош имом ватандошларимизга қаерда бўлса ҳам юртимиз шаънини баланд тутишни, ақидаси бузуқ ҳар хил оқимларга қўшилиб қолмаслик зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Хизмат сафари Санкт-Петербург шаҳрида давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати
Бугун, 18 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафари давомида Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидида жума намозини адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга “Мурувватли бўлиш — олий фазилат!” мавзусида манфаатли маъруза қилиб бердилар.
Маърузада таъкидланганидек, мурувват — меҳр-шафқат, саховат ва муҳтожларга ёрдам бериш каби энг гўзал инсоний фазилатлардан саналади. Ўзини саховатли деб билган инсон ўз манфаатини ўзгалардан устун қўймаслиги, кексалар ҳолидан хабар олиши, йиқилганни суяш орқали қалбан хотиржамлик топади.
Шунингдек, бугунги тезкор замонда бир-биримизга бағрикенг бўлиш жамиятда тинчлик, барака ҳамда ҳамжиҳатликни барқарор қилиши, ушбу олий фазилатни ўзимизда шакллантириб, фарзандларимизга мерос қолдириш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлиги алоҳида уқтирилди.
Файзли суҳбат якунида юртимизга тинчлик-омонлик ва хонадонларимизга барака тилаб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати