Аллоҳ таоло айтади: “Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон сураси, 18-оят).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизлардан илгари яшаб ўтган бир кишини такаббурлик билан изорини судраб юрганида ер ютди. У қиёмат кунигача ер (қаъри)га кириб кетаверади” (Имом Бухорий ривояти).
Ёшлигимизда устозлар кишининг кибрли ё ундай эмаслигини донга тўла бошоқнинг эгилиши, донсиз бошоқнинг эса худди кибрлангандай тик туриши мисолида тушунтиришганди. Катта бўлиб англадикки, устозларнинг мақсади бошоқ мисолида кибрланмасликни кўз олдимизда қолдириш бўлган экан. Негаки, мутакаббирликнинг оқибати жуда аянчли бўларкан.
Амр ибн Шуайбнинг бобосидан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қиёмат кунида мутакаббир кимсалар одам суратидаги чумолиларга ўхшаш ҳолда қайта тирилади. Уларни ҳар томондан хорлик ўраб олади. Улар жаҳаннамдаги “Булус” деб номланадиган зиндонга ҳайдалади” (Имом Термизий ривояти).
Кибрнинг сабаблари турличадир. Масалан, бирор соҳани ўзлаштирган, керакли мутахассисга айланган одам ўзини олим, бошқаларни жоҳил санаб, насиҳатни қабул қилмай қолиши, кимдир ота-боболарининг олий насаби билан фахрланиб, ўзгаларни насаби паст, деб билиши, кимдир эса мол-дунё туфайли ғурурга кетиши мумкин. Яна чирой, қувват каби неъматлар ҳам шулар жумласидан. Кўплар шу сабаблар туфайли “Бошқалардан устунман”, деб ўйлашади. Ваҳоланки, Аллоҳ банданинг чиройига, насабига, бойлигига эмас, қалбига, қилаётган нияти ва амалига қарайди.
Ибн Синонинг устози Кушёрнинг ҳузурига бир киши илм ўрганиш мақсадида келибди. 2-3 ой ўтса ҳамки, устози илм беришни бошламагач:
– Ҳазрат, энди менга жавоб берсангиз. Уч ой бўлди, дарс бермадингиз. Вақтингиз йўқ шекилли, – дебди. Шунда устоз:
– Мен сенга бажонидил дарс берардим. Лекин ҳузуримга келган пайтингда "бу илмдан менинг унча-мунча хабарим бор", дея кибрландинг. Ўша қарашинг ҳалиям кетмади. Мен бўш идишни тўлдираман, деб жавоб қилибди.
Мол-давлатга кибрлансангиз, демак фақирсиз. Ўзингизни бошқалардан устун кўрадиган бўлсангиз, ҳар қанча илмингиз бўлмасин, жоҳилсиз. Кишини зулмга, туғёнга соладиган куч-қувват аслида заифликдир. Ҳақиқий бойлик, мартаба ва илмни тавозели инсонлардан топасиз!
Жаъфархон Сўфиев,
Тўрақўрғон туманидаги
“Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
“Ражаб” сўзи қандай маънони англатади?
– Араб тилидаги “ражаб” сўзи ўзбекчада “улуғлаш”, “ҳурматлаш” маъноларини ифода этади.
Ражаб ойи қандай ой?
– Ражаб ойи – Аллоҳ таоло уруш қилишни ҳаром қилган (зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам, ражаб) ойлардан биридир.
Ражаб ойида қандай тарихий воқеалар юз берган?
– Ер юзини сув босган тўфонда Нуҳ алайҳиссалом кемага ражаб ойининг биринчи куни минганлар;
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий ражаб ойида нозил бўлган;
– Машҳур қавлга кўра, Исро ва Меърож воқеаси ражаб ойида содир бўлган.
Ражаб ойининг қандай фазилатлари бор?
– Ражаб ойи баракали ва улуғ ой бўлиб, ундаги озгина яхши амал эвазига кўплаб ажру савоблар берилади. Ибодатлар ва дуолар ижобат бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Беш кеча борки, унда дуолар рад этилмайди: ражаб ойининг аввалги кечаси; шаъбон ойининг ярмидаги кеча; жума кечаси; фитр куни кечаси ва қурбонлик кечаси” (Ибн Асокир ривояти).
?Ражаб ойини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказганлар?
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ражаб ойида рўза тутганлар. Усмон ибн Ҳакимдан ривоят қилинади: “Саъид ибн Жубайрдан ражаб ойида турганимизда ражаб рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик”, деяётганини эшитганман”, деди”.
?– Ражаб ойи кирганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳумма барик лана фи ражабин ва шаъбана ва баллиғна рамазона” (Аллоҳим, ражаб ва шаъбон ойларида бизларга барака ато қилгин ва бизларни рамазон ойига етказгин!”) деб дуо қилганлар (Имом Байҳақий ва Имом Тобароний Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).
Уламолардан бири: “Ражаб шамолга, шаъбон булутга, рамазон ёмғирга ўхшайди. Кимки ражаб ойида экин экмаса, шаъбон ойида уни суғормаса, рамазон ойида қандай ҳосил олади?” деган.
Шундай экан, рамазонда олажак ҳосилимиз мўл бўлмоғи учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олган ҳолда ражаб ойида кўпроқ солиҳ амаллар билан бирга астойдил дуолар қилишни ҳам унутмайлик!
Ғафлатда қолмайлик, азизлар, вақт ғанимат, умр бевафо!
Даврон НУРМУҲАММАД