بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
فَأَمَّا مَنْ أُوتِيَ كِتَابَهُ بِيَمِينِهِ فَيَقُولُ هَاؤُمُ اقْرَءُوا كِتَابِيَهْ. إِنِّي ظَنَنتُ أَنِّي مُلَاقٍ حِسَابِيَهْ. فَهُوَ فِي عِيشَةٍ رَّاضِيَةٍ. فِي جَنَّةٍ عَالِيَةٍ. قُطُوفُهَا دَانِيَةٌ. كُلُوا وَاشْرَبُوا هَنِيئًا بِمَا أَسْلَفْتُمْ فِي الْأَيَّامِ الْخَالِيَةِ
Яқинда давлатимиз Раҳбари раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилган ишлар ҳамда 2025 йилдаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари нутқ сўзлади.
Жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган кишиларга ёрдам кўрсатишнинг фазилати, улар ҳақига хиёнат қилиш оғир гуноҳлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилиши, хайру эҳсонлар ўз эгаларига етказилаётгани, яхшилик қилишнинг файзу баракаси ҳақида тўхталди.
Қуръони каримда ютуққа эришиш ва охиратда нажот топишнинг тўрт асосий сабаби ҳақида сўз боради. Аллоҳ таоло айтади: “Эй иймон келтирганлар, руку, сажда қилинглар ва Раббингизга ибодат қилинглар ҳамда яхшилик қилинглар, шоядки, нажот топсангиз” (Ҳаж сураси, 77-оят).
“Яхшилик қилинглар” буйруғи барча яхшиликни ўз ичига олади. Аллоҳ таоло бошқа бир оятда айтадики: “Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор” (Нисо сураси, 114-оят).
Ҳақиқий ютуқ одамларнинг ҳолини ўнглаш каби воқеликда таъсири кўринадиган яхши амалларидир. Талабанинг муваффақияти илмий юксалишда, жамиятга фойдаси тегадиган мутахассис бўлиб етишишда. Устознинг муваффақияти талабаларга чиройли таълим беришда. Шу каби ҳар қандай касб эгасининг ютуғи ўз ишини пухта билиши, унга юкланган вазифани тўла-тўкис адо этишидадир.
Ҳақиқий ютуқ Ҳақнинг тоатида бўлиш, Унинг буйруғига амал қилиш, қайтариғидан қайтиш ила рўёбга чиқаркан!
Ҳақиқий ютуқ – қиёмат кунида кишининг амаллари ёзилган дафтари ўнг томонидан берилишидир: «Бас, ўз китоби (номаи аъмоли) ўнг томонидан берилган киши айтур: “Мана, менинг китобимни ўқингиз! Дарҳақиқат, мен ҳисоботимга рўбарў бўлишимни билар эдим”. Бас, у қониқарли маишатда, олий жаннатда, мевалари (узиб олувчига) яқиндир. (Жаннат аҳлига): “Ўтган кунларда (дунёда) қилиб ўтган (эзгу) амалларингиз сабабли (ушбу ноз-неъматларни) ёқимли иштаҳа билан еб-ичаверингиз!” (дейилур)» (Ҳаққа сураси, 19–24-оятлар).
Мусулмон инсон дини ва охирати хусусида муваффақиятга эришиши керак дегани дунёвий муваффақиятларга эришишга ҳаракат қилмасин, дунёга бутунлай қўл силтасин деганимас! Аксинча, мусулмон кишининг дунёда муваффақият қозониш учун ҳаракат қилиши – Аллоҳнинг ердаги “халифаси” мақомига муносиб иш! Ўткинчи ҳаётда муваффақият қозонишга берилиб кетиб, охират тадоригидан чалғимаса, бас! Мусулмонлар дину дунёларида, охиратларида ютсалар, нақадар соз бўлади!
Абдулазиз АБДУЛЛАЕВ,
Қамаши туманидаги “Чим” жоме масжиди имом-хатиби
"Ҳидоят" журнали 1-сонидан
#xabar #muftiy #juma
Бугун, 18 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари жума намозини Тошкент шаҳридaги "Яккасарой" жоме масжидида адо қилдилар.
Муфтий ҳазратлари жамоат намозидан олдин йиғилганларга “Ўзганинг ҳаққидан ҳазар қилайлик!” мавзусида манфаатли суҳбат қилиб бердилар.
Мавъизада бугунги кунда бировнинг молини нотўғри йўл билан ейиш ва ўзганинг хаққига хиёнат қилишдек оғир гуноҳлар, жумладан, қарзини қайтармаслик, тарозидан уриш, муаллифлик ҳуқуқини поймол қилиш, порахўрлик, қиморбозлик, фирибгарлик каби иллатлардан ҳазар қилиш лозимлигини қатъий таъкидладилар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қуръони каримдаги: “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз!...” (Нисо сураси, 29) оятини шарҳлаш асносида Аллоҳ таоло инсониятни Ер юзида ҳалол ризқ талаб қилишга амр этгани, унинг акси бўлмиш ҳаромдан ҳазар қилишга буюргани ҳамда ҳалол ва ҳаром нарсаларни очиқ баён қилганини айтиб ўтдилар.
Суҳбат якунида Ҳақ таолодан элу юртимиз тинчлик-фаровонлиги ва ҳалол-пок молу давлат топиш, ноҳақ-ботил йўллар орқали келадиган моллардан асрашини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати