Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Июл, 2025   |   9 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:11
Қуёш
04:55
Пешин
12:33
Аср
17:42
Шом
20:04
Хуфтон
21:40
Bismillah
04 Июл, 2025, 9 Муҳаррам, 1447
Мақолалар

Навоий ижодида Расулуллоҳ ﷺ васфи

09.02.2025   9486   1 min.
Навоий ижодида Расулуллоҳ ﷺ васфи

Бугун буюк мутафаккир, шоир ва давлат арбоби Мир Алишер Навоий таваллуд топган кун. 

У зотнинг ижодидан бир шингил: 

 Қаро кўзум, келу, мардумлиғ эмди фан қилғил,
Кўзум қаросида мардум киби ватан қилғил.

 
Шарҳ: Ҳазрат қалблари маҳбубига мурожаат этиш учун, аввало, сўз, ибора ёхуд ташбеҳ излайдилар. Инсон танасининг энг зарур ва азиз бўлган аъзоси кўз неъмати экан, улуғ шоир севимли маҳбубнинг кўзларини тасаввур этадилар. Исломий манбаларни мукаммал билган Ҳазрат Навоий Расули акрам саллоллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари тим қора эканлигини таъкид этароқ, бевосита ийҳом санъати билан - ҳам севимли Пайғамбаримиз алайҳиссаломга хаёлан мурожаат этадилар, ҳам ул зоти бобаракотни ўзларининг кўзлари ўрнида тасаввур қилиб, улуғлайдилар.

Дарҳақиқат, “Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг кўзлари қораси тим қора эди”.

Мардумак – кўзнинг гавҳари. Маълумки, кўз қабул қилган тасвирлар ана шу мардумакда, гавҳаракда акс этиб туради. Фан – касб, ҳунар маъносини англатади. Улуғ шоир Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга илтижо билан: “Эй қаро кўзли Расулуллоҳ, кўзларимдек азизим, Сизни тушларимда кўрай, кўзларим мардуми ичида доимо сиймонгиз акс этиб турсин, менинг кўзларим мардуми бўлишингиз бир ҳунардек такрор-такрор бўлсин. Ватан – тарк этиб бўлмайдиган маскан, Кўзим мардумини фақатгина Сизнинг аксингиз эгалласин, ё Расулуллоҳ, бу ватанга бошқа ҳеч ким кирмасин”, демоқдалар.  

Филология фанлари доктори, профессор Дилором Салоҳий

Бошқа мақолалар

Ғафлатда қолманг! Ашуро куни. Бир йиллик гуноҳларга каффорат, бир йиллик қут-барака

16.07.2024   7283   2 min.
Ғафлатда қолманг! Ашуро куни. Бир йиллик гуноҳларга каффорат, бир йиллик қут-барака

Муҳаррам ойи қандай ой? Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.

 

Ашуро қандай кун? Бу кун ҳақида Набий (алайҳиссалом): “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).

 

Ашуро куни қандай фазилатларга эга? Бу кун рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

 

Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади. Абу Саъд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Набий (алайҳиссалом): “Ким Ашуро куни аҳли аёлига ҳадя улашса, Аллоҳ йилнинг барчасида унга ҳам ҳадя улашади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Суфён ибн Уяйна (раҳматуллоҳи алайҳ): “Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим”.

 

Ашуро кунини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қандай ўтказардилар? Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни Ашуро куни рўзасини бошқасидан афзал кўриб, соғиниб, Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

Эсда тутинг! Муҳаррам ойининг ёлғиз ўнинчи кунида эмас, балки бу кунга қўшиб, бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутиш лозим.

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).


Даврон НУРМУҲАММАД