Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Июл, 2025   |   13 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:15
Қуёш
04:58
Пешин
12:33
Аср
17:41
Шом
20:02
Хуфтон
21:37
Bismillah
08 Июл, 2025, 13 Муҳаррам, 1447

Навоий ижодида Расулуллоҳ ﷺ васфи

09.02.2025   9607   1 min.
Навоий ижодида Расулуллоҳ ﷺ васфи

Бугун буюк мутафаккир, шоир ва давлат арбоби Мир Алишер Навоий таваллуд топган кун. 

У зотнинг ижодидан бир шингил: 

 Қаро кўзум, келу, мардумлиғ эмди фан қилғил,
Кўзум қаросида мардум киби ватан қилғил.

 
Шарҳ: Ҳазрат қалблари маҳбубига мурожаат этиш учун, аввало, сўз, ибора ёхуд ташбеҳ излайдилар. Инсон танасининг энг зарур ва азиз бўлган аъзоси кўз неъмати экан, улуғ шоир севимли маҳбубнинг кўзларини тасаввур этадилар. Исломий манбаларни мукаммал билган Ҳазрат Навоий Расули акрам саллоллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари тим қора эканлигини таъкид этароқ, бевосита ийҳом санъати билан - ҳам севимли Пайғамбаримиз алайҳиссаломга хаёлан мурожаат этадилар, ҳам ул зоти бобаракотни ўзларининг кўзлари ўрнида тасаввур қилиб, улуғлайдилар.

Дарҳақиқат, “Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг кўзлари қораси тим қора эди”.

Мардумак – кўзнинг гавҳари. Маълумки, кўз қабул қилган тасвирлар ана шу мардумакда, гавҳаракда акс этиб туради. Фан – касб, ҳунар маъносини англатади. Улуғ шоир Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга илтижо билан: “Эй қаро кўзли Расулуллоҳ, кўзларимдек азизим, Сизни тушларимда кўрай, кўзларим мардуми ичида доимо сиймонгиз акс этиб турсин, менинг кўзларим мардуми бўлишингиз бир ҳунардек такрор-такрор бўлсин. Ватан – тарк этиб бўлмайдиган маскан, Кўзим мардумини фақатгина Сизнинг аксингиз эгалласин, ё Расулуллоҳ, бу ватанга бошқа ҳеч ким кирмасин”, демоқдалар.  

Филология фанлари доктори, профессор Дилором Салоҳий

Бошқа мақолалар

Қиз болага қилинган нафақа

07.07.2025   2314   2 min.
Қиз болага қилинган нафақа

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Одатда одамларда «Қиз бола бировнинг ҳасми, эрта-индин эрга тегиб кетиб қолади. Ундан нима фойда бўлиши мумкин», деган салбий фикр бўлади. «Ўғил бола эса доимо хизматда бўлади. Уни уйлаб қўйсанг, келин ҳам хизматингни қилади. У қариганингда ҳам жонингга оро киради», каби тушунчалар бор. Бу нотўғри фикр. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизларга нафақа қилишнинг фазли ҳақида ўз ҳадисларида қайта-қайта баён қилганлар. Ўзлари тўрт нафар қизларига қилган муомалалари билан барчага намуна кўрсатганлар.

Ушбу ҳадиси шариф ва ривоятларда ҳам шу маънолар илгари сурилган.

عَنِ الزُّهْرِيِّ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ كَانَتْ لَهُ بِنْتَانِ فَصَبَرَ عَلَى لَأْوَائِهِمَا وَنَفَقَتِهِ عَلَيْهِمَا كَانَتْ لَهُ بِنَفَقَتِهِ عَلَيْهِمَا الْجَنَّةُ».

Зуҳрийдан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг икки қизи бўлса ва уларнинг машаққатларига ва нафақасига сабр қилса, уларга қилган нафақаси учун унга жаннат бўлади», дедилар.

Шарҳ: Қиз боқиш осон нарса эмас, буни ҳамма яхши билади. Бу ишни амалга ошириш учун сабр-матонат керак, ҳаракат, ғайрат керак, топганини сарфлаш керак. Барибир шу қиз эртами, индинми, бировнинг уйига кетиши, келин бўлиши борлигини ўйлаб, юрак увушиб ҳам туради. Айниқса қизи кўп бўлса, бу ҳолат аниқ билинади. Ана шуларни билиб туриб ва сабр этиб, қизларини яхши тарбия қилган одам ўзи учун охиратнинг катта бир мартабасини касб қилган бўлар экан.

Айни пайтда қизларни нафақа билан таъминлаш ҳам лозим экан. Бу иш учун ҳам сабр-бардош керак бўлади.

Икки қизнинг тарбиясидаги машаққатларга, хусусан, қизларнинг нафақасини таъминлашдаги қийинчиликларга сабр қилиш ота-она учун катта савоб ҳамда жаннатга киришга сабаб бўладиган амаллардан бири ҳисобланар экан.


«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз