Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан халқ билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш ва фуқароларнинг диний-ижтимоий масалаларига ечим топиш борасидаги ишлар тизимли равишда давом эттирилмоқда.
Хусусан, бугун, 21 октябрь куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаатларини яқиндан тинглади.
Учрашув давомида масжидларнинг бугунги ҳолати, имом-хатибларнинг фаолияти, шунингдек, ҳаж сафари ва моддий кўмакка оид масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Қабул жараёнида ҳар бир инсонга алоҳида эътибор қаратилиб, шаръий саволлар юзасидан керакли тавсиялар берилди. Ижтимоий ва моддий ёрдам сўраб келганларга эса амалий кўмак кўрсатилди.
Аҳамиятлиси шундаки, бу каби юзма-юз ва очиқ мулоқотлар нафақат марказий идорада, балки юртимиздаги барча жоме масжидларда ҳам яхши анъанага айланган.
Жойларда ҳар ҳафтанинг чоршанба кунлари имом-домлалар томонидан аҳоли қабуллари ўтказилиб, фуқароларни ўйлантираётган масалаларга ўз вақтида ечим топилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати