Cавол: Намозларни уйда жамоат бўлиб ўқиш билан масжидда жамоат билан ўқишнинг фарқи борми ёки савоби бир хил бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бир хил бўлмайди. Сабаби масжидга боришнинг фазилати ҳақида кўплаб ҳадислар келган. Киши уйида жамоат бўлиб ўқишда жамоатга бериладиган савобга эришса, масжидга борганда жамоатга бериладиган савоблар билан бирга масжидга бориш ажру савобига ҳам эга бўлади. Зеро, ихлос билан уйидан покланиб, намозни адо қилиш учун йўлга чиққан кишининг бир қадам ташлаши билан хатоси ўчирилса, яна бошқаси билан даражаси кўтарилади (“Саҳиҳи Муслим” ва “Фатовои Қозихон” китоблари). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
1. Дуо қилиш. Бу кун қилинган дуолар энг афзал дуодир.
Солиҳлардан бири айтади: "Аллоҳга қасам! Арафа куни бирор дуо қилсам, бир йил ўтмасидан туриб уни худди ёришган тонг каби амалга ошганини кўрдим".
Ўтган солиҳлар эҳтиёжлари учун қиладиган дуоларини арафа кунига сақлаб қўйишар эди. Қанчадан қанча орзу-умидлар ва дуолар арафа кунида ижобат қилинган.
2. Ушбу дуони кўп қилиш. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дуоларнинг яхшиси арафа кунидаги, мен ва мендан олдинги набийларнинг “Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайин қодийр”, деб айтган дуосидир”, дедилар.
3. Аллоҳдан дўзахдан паноҳ сўраш. Бу кундан кўра дўзахдан кўп озод бўладиган кун йўқ. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Арафа куни, Аллоҳ бандаларни дўзахдан кўп озод қилганчалик бошқа бирор кун йўқ!”.
4. Такбири ташриқ айтиш. Бу куннинг бомдод намозидан бошлаб такбир айтилади. “Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар! Аллоҳу акбар ва лиллааҳил ҳамд”.
5. Рўза тутиш. Бу кун тутилган рўза икки йиллик гуноҳларга каффорот бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги ва ундан кейинги йиллардаги гуноҳларга каффорот бўлади деб Аллоҳдан умид қиламан”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Арафа кунингиз муборак бўлсин. Аллоҳ таоло сизни бу куннинг фазилатларидан тўлиқ баҳраманд этсин.
Даврон НУРМУҲАММАД