«Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга осонликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир» (Бақара сураси, 185-оят).
“Рамазон” сўзи араб тилида қаттиқ чанқаш ёки иссиқ сабабли ҳовур кўтарилишини англатади. Рамазон қаттиқ иссиқлик бўлган даврга тўғри келгани учун шундай номланган.
Рамазон ойи нафақат Қуръони карим, балки бошқа илоҳий китоб ва саҳифалар туширилган ой сифатида ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Восила ибн Асқаъ розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Иброҳим алайҳиссаломнинг саҳифалари Рамазоннинг биринчи кечасида, Таврот олтинчи кунида, Инжил ўн учинчи кунида, Қуръон эса, йигирма тўртинчи кунида нозил қилинган”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти). Тарихчиларнинг айтишича, Рамазон ойининг рўзасини биринчи бўлиб Нуҳ алайҳиссалом кемадан қуруқликка тушганларидан кейин тутганлар. Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ: “Рамазон рўзаси Нуҳ алайҳиссаломдан аввалги умматларга ҳам фарз қилинган”, дейди. Аллоҳ Рамазон ойининг рўзасини, яъни бу ойнинг ҳилоли муддатича (бир ой) рўза тутишни фарз қилди. Шу сабабли “шаҳру” – “ой” деб номланган. Ҳадисда ҳам: “Агар сизларга шаҳр (янги ой) кўринмай қолса...” дейилган. Янги ойни кўриш қийин бўлган ҳолатларда Шаъбон ойини 30 кунга тўлдириш, шунингдек, Рамазон ойини ҳам 30 кунга тўлдириш буюрилган. Бу эса ибодатни аниқлик билан бошлаб, аниқлик билан тугатиш кераклигини англатади.
“Қуръон нозил қилинган ойдир”. Бу оят Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларини баён қилади: «Ҳо, Мим. Аниқ Китоб (Қуръон) билан қасамёд этурманки, албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик. Дарҳақиқат, Биз огоҳлантирувчидирмиз» (Духон сураси, 1–3-оятлар). Яъни, Қадр кечасида: «Биз уни Қадр кечасида нозил қилдик» (Қадр сураси, 1-оят). Жумҳур уламолар фикрига кўра, Қуръони карим Лавҳул маҳфуздан Қадр кечасида тўлиғича дунё осмонидаги “Байтул Изза” (Иззат уйи)га туширилган. Шундан сўнг Жаброил алайҳиссалом уни Аллоҳнинг амри ила 23 йил давомида амр ва қайтариқлар, сабаблар тақозосига кўра оятма-оят, қисмма-қисм Пайғамбар алайҳиссаломга нозил қилган.
“Одамлар учун ҳидоят”. Ҳидоят бу – йўл-йўриқ кўрсатиш ва тушунтириш. Яъни, Қуръони карим бутун мазмуни билан – муҳкам ва муташобеҳ, носих ва мансух оятлари билан ҳидоятдир. “ва тўғри йўл” деб хосланиши оятларнинг янада шарафлантирилиши учундир. Бунда ҳалол ва ҳаром, насиҳат ва ҳукмлар назарда тутилади. “ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат” – ҳақ билан ботилни ажратувчи, яъни ҳақиқат ва ёлғон ўртасини фарқловчи воситадир. “Бас, сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир”. Ҳазрат Али, Ибн Аббос, Сувайд ибн Ғофала ва Ойша розияллоҳу анҳум фикрига кўра, Рамазон ойини ўз юртида ва аҳли орасида кутиб олган киши унинг баъзи кунларида сафарга чиқса ҳам рўзани тўлиқ тутиши лозим. Аммо Рамазон ойини сафарда қаршилаган киши рўза тутмай, кейин қазо тутиб бериши мумкин. Жумҳур уламолар фикрига кўра, ким ойнинг боши ва охирида ўз юртида ҳозир бўлса, рўза тутади. Сафарга чиқса, рўзасини очиши мумкин. Биринчи жамоанинг фикрини қуйидаги ҳолатларга йўйиш мумкин:
– фазилатли ва солиҳ дўстлар ни зиёрат қилиш каби мандуб сафарлар;
– заруратдан ортиқча ризқ тала бидаги мубоҳ сафар.
Аммо зарур ризқ топиш каби вожиб сафарларда рўза тутмасликка рухсат берилади. Гарчи у ойни ўз юртида бошлаб, баъзисини рўза билан ўтказган бўлса ҳам. “Аллоҳ сизларга осонликни истайди, оғирликни хоҳламайди”. Мужоҳид ва Заҳҳокнинг фикрига кўра, «енгиллик» сафарда рўзани очишдир, “машаққат” эса сафарда рўза тутишдир. Аммо ушбу лафзнинг умумийлигига кўра, енгиллик диннинг барча ишларига тааллуқлидир. Зеро, бошқа бир оятда: «Аллоҳ сизларга динда ҳеч бир машаққатни юкламади», деб марҳамат қилинган (Ҳаж сураси, 78-оят). Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳнинг дини осондир”, “Осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар”, дея марҳамат қилганлар. “Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир”. Бу оятнинг икки хил таъвили бор: биринчиси, ким сафар ёки касаллик сабабли рўза тутолмаса, кейинроқ қазосини тутиб, унинг ададини тўлдиради. Иккинчиси, Рамазон ойи йигирма тўққиз ё ўттиз кун бўладими, ана шу саноқ назарда тутилган. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ой йигирма тўққиз кун бўлади”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти). Бу ривоят “Рамазон ва Зулҳижжа ойлари ўттиз кундан кам бўлмайди” деган хабарни рад этади. Яъни, баъзи йилда йигирма тўққиз кун бўлиши ҳам мумкин. Жумҳур уламолар: “Бу ойлар (Рамазон ва Зулҳижжа) ўттиз кун ёки йигирма тўққиз кун бўлишидан қатъи назар, унинг ажр-мукофоти ва гуноҳларнинг кечирилиши жиҳатидан камаймайди”, дейишган.
Манбалар асосида
Азизбек ХОЛНАЗАРОВ тайёрлади.
"Ислом нури" газетасининг 3-сонидан.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Кечаси тетик туриш учун пешиндан кейин бироз дам олинг.
2. Ибодатга халал бермаслик учун ифторда кўп овқат еманг.
3. Бу кечани ибодат билан ўтказаётганда тавба қилишга азм қилиш.
4. Барча мўминлар ва мўминалар учун истиғфор ва дуони кўпайтиринг.
5. Бутун аъзоларингиз билан Аллоҳга юзланинг, ҳаттоки, ақлингиз ва қалбингиз У Зотдан бошқасидан узилсин.
6. Жанжал ва тортишувлардан узоқда бўлинг, сизнинг ҳаққингизни поймол қилганларни кечиринг.
7. Фикрингизни бир жойга қўйиб, ибодат қилинг, Қадр кечасида хаёл бошқа нарсаларда бўлиб, юз ракатни тугатиб қўйишни фойдаси йўқ.
8. Дуо ва ибодатда ихлосли бўлиш қалбингиз Аллоҳдан бошқаси билан машғул бўлиб ракатларни кўпайтиришдан муҳимроқ.
9. Қадр кечасида имкон борича таҳоратли бўлишга ҳаракат қилинг.
10. Дуоингиз ижобат бўлишига аниқ ишонинг. Чунки ижобат бўлишига ишонмаслик дуонинг орасига тўсиқ пайдо қилади.
11. Аллоҳ дуоларингизни қабул қилиб, ижобат қилишига ишончингиз комил бўлсин.
12. Дуода бор вужудингиз билан ёлвориб сўранг, чунки Аллоҳ азза ва жалла ёлвориб дуо қилган бандасини яхши кўради.
13. Ҳар бир гуноҳингиз учун Аллоҳ таолога истиғфор айтинг, У Зот сизни афв қилишини сўранг.
14. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга, У зотнинг оилаларига кўп саловот ва саломлар айтинг, саҳобаларга Аллоҳдан розилик сўранг (яъни “Розияллоҳу анҳу” деб айтиш).
15. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиб ортидан: “Аллоҳумма иннака аъфуввун туҳиббул аъфва фаъфу аннаа” (“Аллоҳим, албатта Сен гуноҳларни афв қилувчи зотсан, афв қилишни яхши кўрасан, бизларни афв эт”), дуосини кўп айтинг.
16. Аллоҳ таоло барча мусулмонларни дўзахдан озод қилишини кўп сўранг.
17. Ҳалол ризқни осон қилиб беришини ва ҳолатларни яхши томонга ўзгартиришини сўраб дуо қилиш.
18. Ўтган ота-оналарингизнинг ҳақига дуо қилиб, Аллоҳдан гуноҳларини кечиришини сўранг.
19. Дуо қилганда ушбу дуоларни ҳам айтиш: “Роббанаа ҳаб ланаа мин азважинаа ва зурриййаатинаа қуррота аъюн”, (Роббимиз, бизга жуфти ҳалолларимиздан, фарзандаларимиздан кўз қувончлари бер).
20. Эр ёки хотин бир-бирининг ҳақига гўзал ҳолат, нафс ва фикрнинг роҳатини тилаб дуо қилиши керак.
21. Сажда қилган ҳолатингизда кўп дуо қилинг. Чунки банданинг Роббисига энг яқин бўлган ҳолати сажда қилган ҳолатидир.
22. Саждада узоқ вақт дуо қилиб туринг. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда бундай деганлар: “Белларингиз гуноҳларингиздан оғирлашиб кетган. Уларни саждада узоқ туриш билан енгиллатинглар”.
23. Бир сонияни ҳам зое кетказманг, вақтни ғанимат билинг. Чунки илоҳий раҳмат ва шаббодалар бу тунда очик бўлади.
24. Қодир бўлганингизча Қуръон ўқинг.
25. Қадр кечасини ибодат билан ўтказиш тонг отгунича давом этади, ўша вақтда фаришталар осмондан тушиб, чиқиб туришади.
26. Аллоҳ таоло сизни бу кечани ибодат билан ўтказишга муваффақ қилганига шукрлар айтинг, сиздан бошқа қанча-қанча кишилар бу бахтдан бебаҳра қолди.
27. Қадр кечасида имкон қадар садақа беришни унутманг. Чунки бу кечада қилинган ҳар бир амалнинг ажри улуғ.
Муҳаммад Яҳё Низомиддин