Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Денгиз тўлқинлари устида пайдо бўладиган кўпиклар, мажоз ва ҳақиқат тарзида гўзал ва мукаммал ифодалар билан баён этилади. Инсон фақат кўпикларни томоша қилиш билан кифояланиб қолмаслиги керак, балки, денгизнинг қудратига диққат қилмоғи, ўз кўнглини денгиз қилмоғи керак. Фақат кўпикларни кўриб, аммо денгизни кўрмайдиган зоҳирий фикр ва нигоҳ билан эмас, балки кўпикларнинг сири ва айланишига сабаб бўлган денгизни кўрадиган дил кўзи билан боқмоғи керак инсон. Чунончи, ҳазрати Мавлоно айтадилар:
«Эй бу (тариқат) йўл(и)ни қадамба-қадам босмоққа қарор қилган инсон! Сен ҳали хомнинг хомисан, хомнинг хомисан, хомнинг хомисан!
Тегирмон тошининг айланишини кўрдингми, кел, (бу тошни айлантирган) ариқ сувини ҳам кўргил, ахир!
Тупроқни кўрдингки, (тўзон бўлиб) ҳавога кўтарилди. Энди бу тупроқ, тўзон орасидаги шамолни ҳам кўргил!
Фикр қозонларининг қайнаганини кўрдингми, бас, (бу фикр қозонларини қайнатган) олов ичидаги ҳушга – онгу идрокка ҳам назар қил!
Ҳақ таоло Айюб алайҳиссаломга икром-эҳсонларини сўзлаган маҳалда: «Мен сенинг ҳар бир тола сочингга сабр бердим!» деди.
Огоҳ бўл, сабрингга бунча маҳлиё бўлма, сабрни кўрдингми, сабрни берган Зотни ҳам кўргил!
Қачонки дулоб, яъни қудуқдан сув чиқарадиган чиғир ёки чархпалакнинг айланганини кўрсанг, бошингни ташқарига чиқариб, миробни – сувнинг амирини ҳам кўргил!
Сен кўряпман, деб айтасан, лекин сен кўрган нарсалар (ул яширин қудратнинг) ошкор бўлган аломатлари, холос
Сен денгиз юзидаги кўпиклар ҳаракатини кўрдингми, қисқаси, ҳайратларга тушиб, денгизнинг ўзига ҳам боқ!»
Денгиз ва кўпик ташбеҳлари
Мавлоно айтадилар: «Кимки кўпикни кўрса, у сирини сўзловчи бўлади. Ким денгизни кўрса, у ҳайрон бўлади – улуғ қудратни ҳис этади, улуғ чексизликни кўради».
Кимки кўпикни кўрса, у ниятини ошкор этиб, ҳаммага ёяди, Кимки денгизни кўрса, дилини денгиз қилади. Кимки кўпикни кўрса, у саноқни касб қилади, бирнинг ёнига бошқа сонларни қўшади, ким денгизни кўрса, у ихтиёрсиз бўлади – бор инон-ихтиёридан воз кечади.
Кимки кўпикни кўрса, у кўпикдек кўпирган киши бўлади, кимки денгизни кўрса, у соф ва холис бўлади. Ким кўпикни кўрса, кўпик уни пайкор қилади, жангу жадал, кураш ва муборазага, баҳсу мунозара, қасд ва иродага бошлайди. Кимки денгизни кўрса, денгиз уни юксалтиради, уни ошиқ қилиб, дор остига олиб боради.
Ким денгиз кўрса, бўлур осуда ул !..
Ким кўпикни кўрса, ўша билан маст бўлади, ким денгизни кўрса, «Ҳув» зикрига ғарқ бўлади. Ким кўпикни кўрса, у сўз бошлайди, гапга машғул бўлади, кимки денгизни кўрса, унда «мо»ву «ман»дан, «биз» ва «мен» деган сўздан, манманлик ва мақтанчоқликдан асар қолмайди.
Ким кўпикни кўрса, у беҳуда бўлади, иши ва сўзи пуч ва бефойда бўлади, ким денгизни кўрса, у осуда бўлади, тинч, сокин хотиржам ва теран фикрли бўлади.
Ким кўпикни кўрса, сир гўён бўлур,
Ким денгизни кўрса, ул ҳайрон бўлур!
Ким кўпик кўрса, ният ифшо қилур,
Кимки дарё кўрса, дил дарё қилур.
Ким кўпик кўрса, саноқ бирлан у бор,
Ким денгиз кўрса, бўлур беихтиёр!
Ким кўпик кўрса, кўпирган кас бўлур,
Ким денгизни кўрса, соф, холис бўлур.
Ким кўпик кўрса, ани пайкор қилур,
Ким денгиз кўрса, ани бар дор қилур! [2]
Ким кўпикни кўрса, анга маст бўлур,
Ким денгизни кўрса, «Ҳув»га ғарқ бўлур.
Ким кўпикни кўрса, ул бошлар сухан,
Ким денгизни кўрса, қолмас «мо ву ман».
Ким кўпик кўрса, бўлур беҳуда ул,
Ким денгиз кўрса, бўлур осуда ул !..
(5-дафтар, 2899–2911-байтлар).
1 Пайкор – жангу жадал, мубориза, кураш; баҳсу мунозара; қасд, ирода.
2 Бар дор қилмоқ – икки маънода (сўз ўйини): 1) бошини дорга элтмоқ. 2) кўтармоқ, юксалтирмоқ.
Кўпикни кўрганлар саноққа асир
Ҳазрати Мавлоно Жалолуддин Муҳаммад Румий-Балхий ушбу:
Ким кўпик кўрса, саноқ бирлан у бор,
Ким денгиз кўрса, бўлур беихтиёр, –
сатрлари орқали айтадиларки, фақат кўпикни кўриб, денгизни кўрмайдиган инсон адад ва саноққа асирдир ва адад андишдир, яъни фақат ададни – сон-саноқни фикр қилиш билан оворадир.
«Маснавий» байтларининг энг гўзалларидан бирининг маъноси будир: «Кимки денгизни кўрса, Аллоҳ таолонинг сунъи-санъатига ҳайронлар қолади ва беихтиёр бўлади».
Аллоҳ берган жузъий ихтиёрга ишорат қилиш орқали Мавлоно инсониятга айтадилар: «Бутун куч-қувват ва таъсир Аллоҳдандир», лоязол, яъни абадий, сўнгсиз бўлмиш Ҳақ таолонинг азамати-улуғлиги ва қудратига тан бериш билан одамзод ўз озодлиги, иродаси ва ихтиёрини буюк яратган Зотнинг тасарруфига топширади, бу азамат ва қудратни идрок этиш билан ихтиёрсиз бўлади. Чунончи, ҳазрати Мавлоно мазкур байтларда айтадилар:
Ким кўпикни кўрса, анга маст бўлур,
Ким денгизни кўрса, «Ҳув»га ғарқ бўлур!
Яъни Аллоҳ таолонинг азамати, қудратига ғарқ бўлади. Денгиз мавжларининг сири-моҳиятига ва Аллоҳ таолонинг сунъи, қудрати, азамати-улуғлигига тан берган киши охир-оқибатда абадий осудаликка эришади. Чунончи: «Ким денгиз кўрса, бўлур осуда ул!..»...
Мирзо Кенжабек
Бугун, Тахиатош туманида яшовчи фуқаролар ҳолидан хабар олиш, улар билан маънавий-маърифий суҳбатлар ўтказиш, муаммоларини ўрганиш, уларга амалий ва моддий ёрдам бериш тадбири ташкил этилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси ўринбосари Айбек Джулашиев, туман бош имоми Р.Омирзақов, шаҳар ва туман бош имомлари ҳамда маҳалла раислари иштирок этди.
Тадбирда, инсонларга меҳр ва шодлик улашиб яшаш ҳар бир мусулмонга хос фазилат экани таъкидланиб, бундай эзгу ишлар янада кенг ёйилиб, кексалар, беморлар, боқувчисини йўқотган инсонлар ва ота-она меҳридан маҳрум бўлганларнинг ҳолидан хабар олиш ишлари янада кучайгани алоҳида қайд этилди.
Тадбир доирасида тумандаги 14 та маҳаллада яшовчи 70 нафар ўзгалар ёрдамига, меҳр ва кўмакка муҳтож, ногиронлиги бўлган, тарбияси оғир ва боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди ва маънавий-маърифий суҳбатлар ўтказилди.
Бундай эътибордан хурсанд бўлган фуқаролар дуога қўл очиб, бундай хайрли ишга ҳисса қўшган барча инсонларга ўзларининг миннатдорчилигини билдирди.
Ташриф давомида фуқароларнинг муаммоларини ўрганди, фикр-мулоҳазаларини тинглади. Шунингдек, маҳаллалардаги тарбияси оғир фуқаролар билан профилактик суҳбатлар, тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилди. Халқ билан учрашувларда тинчлик ва тотувликнинг муқаддас неъмат экани кенг тарғиб қилинди.
Ишчи гуруҳ аъзолари ўзларига бириктирилган масжидларда пешин намозини ўқиб, йиғилган қавмга муҳим мавзуларда маърузалар ўқиди.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти