“Дунё” сўзи луғатда “бойлик”, “давлат” деган маъноларни англатади. Биз дунёга келганимиздан то вояга етгунимизча унинг гўзаллигини кўрамиз катта бўлган сари дунёнинг ташвишларга, адолатсизликарига, ғам-ташвишларига гувоҳ бўламиз ва аста-секин бунга кўникамиз. Яқинларимиз ва дўстларимиз билан мулоқот қиламиз, ўз юмушларимиз билан банд бўламиз, оила-аъзоларимиз билан шоду-ҳуррамликда вақт ўтказамиз.
Кундалик режалар ва мақсадлар билан кунимиз қандай ўтканини ҳам сезмай қоламиз. Дунёга, унинг зийнатларига шунчалик берилб кетганимиздан бир-биримизнинг ўртмиздаги меҳр-оқибатни, ота-онага яхшилик қилишни, қариндошлик ришталарини унутганмиз, ҳатто, намозимиздаги ҳушуни ҳам ёқотиб қўйганмиз.
Бунга сабаб нима? Аллоҳ таоло ҳузурида ҳар бир сониямиз учун жавоб беришимизни ўйламаймизми? Бу дунёни Аллоҳ таоло нима учун гўзал ва ундаги нарсаларни зийнатли қилиб яратди? Бунга Аллоҳ таолонинг Ўзи “Каҳф” сурасининг 7 оятида бундай марҳамат қилади: “Биз ер юзидаги нарсаларни, уларнинг қайсилари гўзалроқ амал қилишини синаш учун, зебу зийнат қилиб қўйганмиз”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Дунё осмон билан Ер ўртасида қамалган бўлиб, Аллоҳ таоло яратгандан бери унга қарамайди. Дунё қиёмат куни келганда: “Ё Роббим, бугун мени энг паст мақомдаги дўстларингга бўлса ҳам насиба қилиб бергин”, деб илтижо қилади. Аллоҳ таоло унга: “Эй ҳақир ва тубан нарса, жим бўл, мен сени уларга дунйода раво кўрмаган бўлсам, қандай қилиб энди раво кўрайин?” дейди. Мана, кўриниб турибдики, “дунё”ни ва ундаги зеб-зийнатларни синов учун, қай биримиз бу синовдан ўтолсак,унинг гўзаллигига алданмасак, Аллоҳ таолонинг Ўзи гўзал ажру-мукофот билан мукофотлайди.
Дунёни яхши кўриш узун орзу-ҳаваслар қилиш билан янада мустаҳкамланади. Агар Холиқ Зот дунё ҳақида хабар бериб, мисолини келтирмаганда, албатта, дунё ухлаганни уйғотиб, ғофилни ҳушёр қиларди.Аллоҳ таоло наздида дунёнинг мисқолча қадри йўқ. Пашша қанотича камайтирилмай дунё хазиналари калитлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрстатилганда, уни олишдан бош тортдилар.
Аллоҳ таоло синов-имтиҳон учун солиҳ бандаларидан дунёни пинҳон тутди, алдаш учун душманларига дунёни кенг ва бемалол қилиб қўйди.
Аъло ибн Зиёд: “Тушимда дунёни ўзига оро бериб, афт-башараси буришган кампир қиёфасида кўрдим. Одамлар унга топиниб, ҳар томондан ҳайратланиб қарарди. Кампир олдига бориб, унга бунчалик ажабланиб қараётганларидан ҳайрон бўлдим. Шунда кампирга: “Сен кимсан?”, дедим. У: “Мени танимаяпсанми?”, деди. Мен: “Йўқ”, дедим. “Сен кимсан?”, деб сўрадим. “Мен дунёман”, деди. “Аллоҳдан сенинг ёмонлигингдан паноҳ сўрайман”, дедим. У: “Агар ёмонлигимдан паноҳ топишни истасанг, дирҳамни ёмон кўр!”, деди.
Исо алайҳиссалом: “Дунё-кўприк, унда машғул бўлмасдан ўтинглар”, дедилар. Ҳақиқатан, бу дунё ҳаёти охиратга олиб боришга очиқ ва ёрқин мисолдир. Бешик шу кўприк бошидаги дастлабки масофа бўлса, лаҳад-охирги масофадир. Шу иккови орасида қисқа бир масофа мавжуд. Одамлардан қанчаси шу кўприкнинг ярмига етиб борса, қанчаси учдан бирини ва қанчаси учдан бирининг бирини босиб ўтадилар. Қанчасига бир қадамдан ортиқ юриш насиб қилмади. Ҳар қанақасига кўприкдан ўтилиши шарт. Аммо шу кўприкдан ўтиб олиш ҳақида ўйламай, унинг устида иморат қуриб, турли зийнатларга чалғиб яшаш ғоят жоҳиллик ва ютқизишдир.
Али каррамаллоҳу важҳаҳу бундай дедилар: “Билингларки, сизлар ўликсизлар, ўлгандан сўнг тириласизлар. Амалларингиз олдида турғизилиб, у туфайли жазо(мукофот)ланасизлар. Сизларни дунё ҳаёти алдаб қўймасин. Албатта, у бало-офатлар билан ўраб қўйилган, фонийлиги билан танилган ва алдамчилги билан васф қилинган. Дунёдаги ҳар бир нарсани завол тутади. Дунё ўз аҳли ўртасида гоҳ буёқ, гоҳ буёққа айланади. Дунё ҳеч қачон бир хил турган эмас, унинг ёмонлигидан низо, кураш тўхтаган эмас. Дунё аҳли сурур ва лаззатдан сарҳуш бўлиб турганида, тўсатдан бало ва алдовга йўлиқади”.
Ҳар бир нарсанинг ўртаси, яъни меъёри яхшидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз, дунёни деб охиратни, охиратни деб дунёни ташлаб қўймаганингиздир”, деганларидан кўриниб турибдики, бу дунёда Аллоҳ таоло бераётган неъматларга шукр қилиб, охиратимиз учун ажру-савоблар олиш, яхшиликлар қилиб олиш учун бу дунё айни муддаодир.
Барчамизга маълумки, дунё роҳати абадий эмас, у ажал сари етаклайди. Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса эса боқийдир. Бизни бу дунё ташвишлари, тўплаётган молимиз, фарзандларимиз Аллоҳнинг зикридан, ибодатидан жалғитиб қўймаслиги зарур. Бу ҳақда Аллоҳ таоло “Мунофиқун” сураси, 9-оятида: “Эй иймон келтирганлар. Молларингиз ва болаларингиз сизни Аллоҳнинг зикридан чалғитмасин. Ким шундай қилса, бас, ана ўшалар ютқазувчилардир”.
Бу ҳаётда озгина баҳраманд бўлиб, йўқлик оламига кўчиб ўтишда беш кунлик дунёда ўйнаб-кулиб ажални кутиб олиб, охиратига ҳеч қандай заҳира тайёрламасдан ўзларига ерни макон тутган инсонлар қанча? Уларга энди ортга йўл йўқдир. Бунга далил эса Муминун сураси, 100-оятида: “Шоядки тарк қилган нарсамда солиҳ амал қилсам, дер. Йўқ! Албатта, бу (қуруқ) сўз бўлиб, у айтгувчи, холос. Уларнинг ортида қайта тириладиган кунларигача тўсиқ бордир”.
Агар амалларимиз гувоҳлик берса, қалбимиздаги нарсалар чиқарилса, диллардаги барча сир-асрорлар ошкор қилинса, Малик ва Жаббор бўлган Зот ҳузурига олиб боришимиз учун турғизилса, қалблар олдинги гуноҳларига раҳм-шавқат сўраб, қўрқиб титраса, пардалар кўтарилиб, айб ва сирларимиз очилса, ана шу вақтда ҳар бир жон ўзи қилиб ўтган амалига яраша жазо олади.
Аллоҳ таоло “Нажм” сураси, 31-оятида: “Осмонлару ердаги барча нарсалар Аллоҳникидир. У ёмонлик қилганларни амалига яраша жазолар ва яхшилик қилганларни гўзал (мукофот) ила мукофотлар” деб марҳамат қилган.
Агар бизга ҳар бир кун шайланган амаллар ошкор қилинса, олдинда келаётган кунимиздан юз буриб қочардик, бой берган вақтимизни ўйлаб, ғам-қайғуга ботардик. Лекин Аллоҳ таоло ажойиб тадбир қўллаб, уларни кўришдан маҳрум қилди. Тасалли ва таскин бўлиши учун дунёнинг бало-офатлари қатига лаззат ва завқни жойлаб, ана шу таъмга машғул-овора қилиб қўйди. Дунёни ва охиратни ҳеч қачон бир-бирига тенглаштириб бўлмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Дунёнинг охиратга нисбати биронтангиз бармоғини денгизга теккизишига ўхшайди. Бундан ўзига нима қайтиб келишига қарсин”, дедилар.
Али каррамаллоҳу важҳаҳу айтадилар: “Сизларга Аллоҳдан қўрқишни, гарчанд алсо ҳоҳламасангиз ҳам, дунё меросини тарк этишни васият қиламан. Танангиз қариб-қартайиб бораётир, сизлар тетик ва бақувват бўлишни ҳоҳлайсизлар. Сизлар ва дунё мисоли бир йўлда сафарга чиққан қавмга ўхшайди. Гўё улар шу йўлни босиб ўтадигандек, сафарга чиқадилар, гўёки, етиб борадигандек, йўл белгисига қараб юрадилар. Охирига қадар етиб бориш учун йўл масофаси қанча деб ўйлайсиз?
Дунёда бир кун қолиш эҳтимолини қанча деб ўйлайсиз? Дунёнинг зарари ва ғам-қайғуси деб ташвиш чекманг, барибир шу дунёда интиҳо топади. Дунё матоси ва неъматларидан ортиқча ҳурсанд бўлманг, у барибир заволга юз тутади. Дунёни излагувчини ўлим таъқиб эта туриб, дунёни излаши ва ўлим ҳар қадамда пойлаб юрганини била туриб, ғофил бўлганига ҳайронман”.
Дунёда охират учун озуқа еғиб, мусофирлар қарз нарсадан фойдаланганидек, дунёдан баҳраманд бўлсак, ундан ажралган вақтда мусибатларимиз оғир бўлмаслиги учун қалбларимизни тўлиқ бермасак, дунёни муқим қолувчилар учун эмас, ундан ўтгувчиларга берилган зиёфат деб қарасак, дунёю-охиратимиз обод бўлади, инша Аллоҳ.
Дунёга ва унинг зийнатларига чалғиб қолмаслигимиз учун, ибодатларимизда бардавом бўлишимиз ва бу дунёдаги мусибатларга сабр қилиб, карам ва ҳилм билан гўзал тарзда бизга ёрдам беришини меҳрибон Зот Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.
Нодирабегим ФАҲРУТДИНОВА,
“Янги аср” университети “Филология ва тилларни ўқитиш (мумтоз тиллар бўйича)” факультети 1-курс талабаси.
Мусулмон киши катта-ю кичик гуноҳлар қилишдан холи эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир одам боласи хатокордир. Хатокорларнинг яхшиси тавба қилувчиларидир”, деганлар. Одам ҳаёти давомида ҳар турли гуноҳ қилиб қўйиши мумкин. Шунда тезда тавба қилиб, чин дилдан Аллоҳга ёлворса, гуноҳи кечирилади.
Ҳозирги кунда энг долзарб бўлган муаммолардан бири шуки, айрим тоифалар гуноҳ қилган мўмин-мусулмон кишини кофирга чиқариб, унинг қони, жони ва моли(га тажовуз)ни ҳалол санамоқда. Ҳатто давлатларни куфрда айбламоқда. Ачинарлиси шундаки, бундайлар орасида “жиҳод” шиори остида ўзга юртларга кетиб, мамлакатимиз мусулмонларини куфрда айблаётган ҳамюртларимиз ҳам бор. Бундай тоифалар бугун чиқиб қолгани йўқ. Тарихда мусулмонлар орасига тафриқа (бўлиниш) солиб, уларни кофирликда айблаган тоифалар кўп бўлган. Масалан, хаворижлар шулардан бири ҳисобланади. Улар Али розияллоҳу анҳунинг қўшинидан ажраб чиқиб, шундай ном олган. Бу тоифа гуноҳи кабира қилган мусулмонни кофирликда, муртадликда айблайди. Ҳозирги бузғунчилар айнан ўша хаворижларнинг давомчиларидир.
Қуйида гуноҳи кабира қилган кишининг ҳукми ҳақида аҳли сунна вал жамоанинг эътиқоди қандай экани ва адашган тоифаларга берган раддиялари борасида сўз юритилади.
Гуноҳи кабирани ҳалол санамай, ундан қайтарган Зотга беписанд бўлмай, уни қасддан қилган киши қалбида тасдиқ борлиги учун имондан чиқмайди. Имондан фақатгина унга кирган томондан чиқади. Гуноҳкор киши тавбасиз вафот этса, унинг ҳукми Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродасида бўлади. Хоҳласа, уни кечиради ва фазли, карами ёки ундаги имон ва тоатларнинг баракаси сабабли ёки баъзи ахёрларнинг (дўст-биродар) шафоати сабабли жаннатга киритади. Хоҳласа, кичик ё катта бўлсин, гуноҳи миқдорича азоблайди. Сўнгра барибир охир-оқибати жаннат бўлади, дўзахда абадий қолмайди.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи: “Мен кичик ва катта гуноҳ эгалари учун умидда бўламан ва иккисидан ҳам хавфсирайман. Кичик гуноҳ эгасига умид борлигини, катта гуноҳ эгасига эса хавф борлигини айтаман”[1], дер эди.
Гуноҳи кабира эгаси лаънатланмайди. Чунки имони у билан бирга бўлиб, у камаймагандир. Ким гуноҳи кабира учун тавба қилса, бошқа катта гуноҳдан қатъий тийилиши билан тавбаси тўғри бўлади. У тавба сабабли иқоб қилинмайди (азобланмайди). Шунингдек, гуноҳи кабира учун тавба қилиши билан гуноҳи сағираларнинг (кичик гуноҳлар) тавбасидан беҳожат бўлмайди. У гуноҳи сағира учун ҳам тавба қилиши керак. Аҳли сунна наздида гуноҳи сағиралар сабабли иқоб қилиниши жоиз саналади.
Шу ўринда хавориж, мўътазила, муржиъа каби адашган фирқаларнинг даъволари ва уларга аҳли суннанинг жавоблари қандай эканига тўхталсак. Бу ҳозирги бузғунчиларга ҳам тегишли бўлади. Чунки уларнинг илдизлари айнан хавориж ва мўътазила каби фирқаларга бориб тақалади.
Хаворижлар: “Ким кичик ёки катта гуноҳ билан исён қилса, у кофирдир. У дўзахда абадий қолади. Чунки Аллоҳ таоло: ﴿وَمَنْ يَعْصِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ وَيَتَعَدَّ حُدُودَهُ يُدْخِلْهُ نَارًا خَالِدًا فِيهَا﴾ “Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига исён қилса ва Унинг чегараларидан ошиб ўтса, У Зот уни абадий қолиши учун дўзахга киритади”[2], деган. Гуноҳларнинг барчаси исёнга бориб тақалади. Аллоҳ таоло: ﴿وَاتَّقُوا النَّارَ الَّتِي أُعِدَّتْ لِلْكَافِرِينَ﴾ “Кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқинг”[3], деган. Дўзах кофирлар учун тайёрлаб қўйилган бўлгач, гуноҳ сабабли ваид қилинган (азоб ваъдаси берилган) ҳар бир киши кофирдир. Бу икки оятнинг жамланишидан осийнинг кофир экани, унинг ҳукми эса дўзахда абадий қолиш экани собит бўлди”, деган.
Бу даъво нотўғри. Чунки оятлар гуноҳкор кишининг кофир эмаслигига далолат бўлади. Аллоҳ таоло: ﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الْقِصَاصُ فِي الْقَتْلَى﴾ “Эй имон келтирганлар, сизга ўлдирилганлар учун қасос фарз қилинди”[4] дейди. Яъни, У Зот қасддан одам ўлдирганнинг гуноҳи кабира қилганини била туриб, уни “мўмин” деб атади. Оятнинг давомида ﴿فَمَنْ عُفِيَ لَهُ مِنْ أَخِيهِ شَيْءٌ﴾ “Кимга ўз биродаридан бир нарса афв қилинса”[5] деб, ўлдирган ва ўлдирилган кишилар ўзаро биродар эканини зикр қиляпти. Биродарлик эса, “Албатта, мўминлар биродардирлар”[6] каломига кўра, имонга оид ҳодисадир. Демак, бир жонни қасддан ўлдирган киши гуноҳкор бўлади, лекин кофир бўлмайди.
Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло: ﴿وَإِنْ طَائِفَتَانِ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ اقْتَتَلُوا﴾ “Агар мўминлардан икки тоифа уришса”[7], деган. Оятда икки тоифадан бири боғий (исёнкор) бўла туриб, иккиси учун ҳам “мўмин” сўзи қўлланган. Боғийлик эса исломда оғир гуноҳ саналади. Демак, у гуноҳкор бўлади, лекин имондан чиқмайди.
Хаворижлар далил сифатида келтирган ﴿وَمَنْ يَعْصِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ وَيَتَعَدَّ حُدُودَهُ يُدْخِلْهُ نَارًا خَالِدًا فِيهَا﴾ “Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига исён қилса ва Унинг чегараларидан ошиб ўтса, У Зот уни абадий қолиши учун дўзахга киритади”[8] ояти кофирлар ҳақидадир. Чунки У Зот: “Унинг чегараларидан ошиб ўтса”, деяпти. “Чегаралар” сўзи кўпликда келган. Мўмин Аллоҳнинг барча чегараларидан ошиб ўтмайди. Исён эса инкор қилиш ёки такзиб (ёлғонга чиқариш) жиҳатдан эмас, феъл жиҳатдан амрга қарама-қарши бўлишдир. Ўз-ўзидан аёнки, буни “такзиб” ё “инкор” деб бўлмайди. Чунки унда тасдиқ бор. Модомики шундай экан, у заруратан мўмин ҳисобланади.
Мўътазила фирқаси: “Гуноҳи кабира қилган киши фосиқдир, мўмин ҳам, кофир ҳам эмас. У ўша гуноҳи сабабли имондан чиқади, лекин куфрга кирмайди. У икки манзил орасида бўлади. Ҳукми шуки, тавбасиз вафот этса, дўзахда абадий қолади. Тоатлари фойда бермайди. Унинг афв ва мағфират қилиниши жоиз бўлмайди. Чунки Аллоҳ таоло: ﴿وَأَمَّا الَّذِينَ فَسَقُوا فَمَأْوَاهُمُ النَّارُ﴾ “Аммо фосиқлик қилганлар эса, бас, уларнинг жойлари дўзахдир”[9] ва ﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا﴾ “Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур”[10], дейди”, деган.
“Фисқ” луғатда чиқмоқдир. Ким Аллоҳнинг амрларидан бирига бўйсунишдан чиқса, у фосиқ бўлади.
Мўътазилийлар келтирган оятда мутлақ фосиқ назарда тутилган. У бундай давом этади: ﴿وَقِيلَ لَهُمْ ذُوقُوا عَذَابَ النَّارِ الَّذِي كُنْتُمْ بِهِ تُكَذِّبُونَ﴾ “У (фосиқ)ларга: “Ўзингиз ёлғонга чиқарган дўзахнинг азобини тотинг” дейилур”[11]. Ким дўзахни ёлғонга чиқарса, кофир ҳисобланади. Аллоҳ таоло бошқа бир оятда: ﴿أَفَمَنْ كَانَ مُؤْمِنًا كَمَنْ كَانَ فَاسِقًا لَا يَسْتَوُونَ﴾ “Ахир, мўмин бўлган одам фосиқ бўлган одамдек бўлурми?! Тенг бўлмаслар”[12] деб, мутлақ фосиқни мўмин билан таққослаган. Мутлақ фосиқ кофирдир. Мўмин киши мутлақ фосиқ эмас, балки маъсият (гуноҳ) қилгани сабабли фосиқ бўлади, лекин имони ва тоатлари сабабли итоат қилувчи ҳисобланади.
Қасддан одам ўлдирган кишига нассда (аниқ, очиқ ҳужжатлар – оят ва ҳадисларда) келган дўзахда абадий қолиш жазоси – ўша ишини ҳалол санаб қилгани учундир. Ўша ишни ҳалол санаш кофирлик бўлади. Аммо ким бу ишни ҳалол санамай қилса, унинг ҳукми Аллоҳ таолонинг ﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الْقِصَاصُ فِي الْقَتْلَى﴾ “Эй имон келтирганлар, сизга ўлдирилганлар учун қасос фарз қилинди”[13] деган сўзларига мувофиқ бўлади. Яъни, ўлдирган киши бу ишни ҳалол санамай қилгани учун кофир саналмайди. У гуноҳи кабира қилган бўлади. Абадий дўзахда қолмайди. Ундан қасос олинади. Ояти каримага биноан, одам ўлдирган шахсни қасос учун, албатта, ўлдириш шарт эмас, балки ўлдирилганнинг яқинлари кечиб юборса, ўлдирмай қўйиб юборса, ўрнига хун олса ҳам бўлади. Бунда хунни яхшилик билан сўраш лозим, айбдор томон ҳам яхшилик билан адо этиши зарур.
Юқорида мўътазилаларнинг “Гуноҳи кабира қилган киши тавбасиз вафот этса, дўзахда абадий қолади. Тоатлари фойда бермайди. Унинг афв ва мағфират қилиниши жоиз бўлмайди” деган сўзлари ҳам келтирилди. Бу даъво ҳам мутлақо нотўғри. Чунки Аллоҳ таоло: ﴿وَإِنَّ رَبَّكَ لَذُو مَغْفِرَةٍ لِلنَّاسِ عَلَى ظُلْمِهِمْ﴾ “Албатта, Раббингиз одамларнинг зулмига қарамай, улар учун мағфиратлидир”[14], деган. Бу тавбадан олдин ҳам мағфиратнинг жоизлигига далил бўлади. Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло: ﴿إِنَّ اللَّهَ لَا يَغْفِرُ أَنْ يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَلِكَ لِمَنْ يَشَاءُ﴾ “Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқа гуноҳни (Ўзи) хоҳлаган кишилар учун кечиради”[15], деган. Оятда зикр қилинган мағфират машиъатга (Аллоҳнинг хоҳиш-иродасига) боғланган, тавбага эмас. Ширкдан бошқа гуноҳни кечириш тавбага боғланганда, ширк ва ундан бошқа гуноҳ орасида фарқ қолмасди. У Зот хоҳлаган бандасининг ширкдан бошқа гуноҳини Ўз фазли билан кечириб юбориши мумкин. Чунки ﴿وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَلِكَ﴾ “Ундан (яъни ширкдан) бошқа гуноҳни кечиради” деган сўзлари ширкдан бошқа гуноҳни тавбасиз ҳам кечиришини ифодалайди.
Аллоҳ таоло афвли ва мағфиратли Зотдир. Афв ва мағфират азоблаш жоиз бўлган нарсага татбиқ этилади. Азоблаш жоиз бўлмаган нарсада азоблашни тарк қилиш афв ва мағфират эмас.
Муржиъалар: “Куфр билан бирга тоат фойда бермагани каби имон билан бирга гуноҳ ҳам зарар бермайди. Мусулмон киши гуноҳи кабиралардан бирортаси сабабли иқоб қилинмайди. Аллоҳ таоло: ﴿إِنَّا قَدْ أُوحِيَ إِلَيْنَا أَنَّ الْعَذَابَ عَلَى مَنْ كَذَّبَ وَتَوَلَّى﴾ “Албатта, бизга ваҳий қилиндики, “Ёлғонга чиқарганларга ва юз ўгириб кетганларга, шубҳасиз, азоб бўлур”[16], деган. Бу “ким Аллоҳ таолони ёлғонга чиқармаса, Унинг динидан юз ўгирмаса, у азобланмайди”, деган гап”, дейди.
Уларнинг даъвоси нотўғри экани кўриниб турибди. Инсон заррача гуноҳи учун ҳам жавоб бериши оятларда аниқ баён этилган (масалан, Залзала сурасининг охирги ояти). Аллоҳ таоло: ﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا تُوبُوا إِلَى اللَّهِ تَوْبَةً نَصُوحًا عَسَى رَبُّكُمْ أَنْ يُكَفِّرَ عَنْكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ﴾ “Эй имон келтирганлар, Аллоҳга холис тавба қилингиз! Шояд Раббингиз гуноҳларингизни ювса”[17] ва ﴿وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعًا﴾ “Аллоҳга барчангиз тавба қилингиз”[18], деб буюрган. Гуноҳи бўлмаган кишига тавбани буюриб бўлмайди. Гуноҳ инсон учун зарар бўлмаганда, тавбага амр қилишда мантиқ қолмасди.
Умумий қилиб айтадиган бўлсак, гуноҳи кабира қилган киши имондан чиқмайди. У гуноҳкор мўмин бўлади. Чин дилдан тавба қилса, Аллоҳ таоло кечиради. Тавба қилмасдан вафот этса, кейинги тақдири Аллоҳ таолонинг измида бўлади. Хоҳласа, фазл-марҳамати билан кечиради. Хоҳласа, адолати билан гуноҳига яраша азоблайди. У охир-оқибат жаннатга киради. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким “Ла илаҳа иллаллоҳ” деса, жаннатга киради”, деганлар.
Кўплаб оятларда солиҳ амаллар қилган киши жаннатга кириши айтилган. Хусусан, Аллоҳ таоло: ﴿إِنَّ الَّذِينَ آَمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ كَانَتْ لَهُمْ جَنَّاتُ الْفِرْدَوْسِ نُزُلًا خَالِدِينَ فِيهَا﴾ “Албатта, имон келтирган ва солиҳ амаллар қилганларга Фирдавс жаннати манзил бўлгандир. Унда абадий қолурлар”[19] деб марҳамат қилган. Гуноҳи кабира эгаси эса мўминдир. У солиҳ амаллар қилган. У ваъда қилинган жаннатга киришга ҳақли ҳисобланади.
Ақл юритадиган бўлсак, банда тоатларнинг энг афзали ва яхшиликларнинг олий даражаси бўлган имонни келтирди. У қилган ёмонлик инкорнинг олий даражаси бўлмиш куфрга етиб бормади. У дўзахда абадий қолганда ва энг афзал яхшилиги бўлган имоннинг савобини ва ёмонликнинг юқори даражасидан паст бўлган гуноҳи кабирани қилиши билан ўзи келтирган солиҳ амалларининг савобини ботил қилганда, албатта, ёмонликларнинг иқоби кўпайтирилган ва яхшиликларнинг савоби камайтирилган бўларди. Бу эса яхшиликка ўн баробар (ундан ҳам ортиқ) мукофот ва ёмонликка ўз мислича жазо бериш ҳақидаги илоҳий ваъдага хилоф келарди. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло ваъдага хилоф қилмайди.
Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими
[1] Абул Муин Насафий. Табсиратул адилла фий усулид дин. – Ж.1. – Қоҳира: Ал-мактабатул Азҳарийя лит турос, 2011. – Б.1037.
[2] Нисо сураси, 14-оят.
[3] Оли Имрон сураси, 131-оят.
[4] Бақара сураси, 178-оят.
[5] Бақара сураси, 178-оят.
[6] Ҳужурот сураси, 10-оят.
[7] Ҳужурот сураси, 9-оят.
[8] Нисо сураси, 14-оят.
[9] Сажда сураси, 20-оят.
[10] Нисо сураси, 93-оят.
[11] Сажда сураси, 20-оят.
[12] Сажда сураси, 18-оят.
[13] Бақара сураси, 178-оят.
[14] Раъд сураси, 6-оят.
[15] Нисо сураси, 48, 116-оятлар.
[16] Тоҳа сураси, 48-оят.
[17] Таҳрим сураси, 8-оят.
[18] Нур сураси, 31-оят.
[19] Каҳф сураси, 107-108-оятлар.