“Дунё” сўзи луғатда “бойлик”, “давлат” деган маъноларни англатади. Биз дунёга келганимиздан то вояга етгунимизча унинг гўзаллигини кўрамиз катта бўлган сари дунёнинг ташвишларга, адолатсизликарига, ғам-ташвишларига гувоҳ бўламиз ва аста-секин бунга кўникамиз. Яқинларимиз ва дўстларимиз билан мулоқот қиламиз, ўз юмушларимиз билан банд бўламиз, оила-аъзоларимиз билан шоду-ҳуррамликда вақт ўтказамиз.
Кундалик режалар ва мақсадлар билан кунимиз қандай ўтканини ҳам сезмай қоламиз. Дунёга, унинг зийнатларига шунчалик берилб кетганимиздан бир-биримизнинг ўртмиздаги меҳр-оқибатни, ота-онага яхшилик қилишни, қариндошлик ришталарини унутганмиз, ҳатто, намозимиздаги ҳушуни ҳам ёқотиб қўйганмиз.
Бунга сабаб нима? Аллоҳ таоло ҳузурида ҳар бир сониямиз учун жавоб беришимизни ўйламаймизми? Бу дунёни Аллоҳ таоло нима учун гўзал ва ундаги нарсаларни зийнатли қилиб яратди? Бунга Аллоҳ таолонинг Ўзи “Каҳф” сурасининг 7 оятида бундай марҳамат қилади: “Биз ер юзидаги нарсаларни, уларнинг қайсилари гўзалроқ амал қилишини синаш учун, зебу зийнат қилиб қўйганмиз”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Дунё осмон билан Ер ўртасида қамалган бўлиб, Аллоҳ таоло яратгандан бери унга қарамайди. Дунё қиёмат куни келганда: “Ё Роббим, бугун мени энг паст мақомдаги дўстларингга бўлса ҳам насиба қилиб бергин”, деб илтижо қилади. Аллоҳ таоло унга: “Эй ҳақир ва тубан нарса, жим бўл, мен сени уларга дунйода раво кўрмаган бўлсам, қандай қилиб энди раво кўрайин?” дейди. Мана, кўриниб турибдики, “дунё”ни ва ундаги зеб-зийнатларни синов учун, қай биримиз бу синовдан ўтолсак,унинг гўзаллигига алданмасак, Аллоҳ таолонинг Ўзи гўзал ажру-мукофот билан мукофотлайди.
Дунёни яхши кўриш узун орзу-ҳаваслар қилиш билан янада мустаҳкамланади. Агар Холиқ Зот дунё ҳақида хабар бериб, мисолини келтирмаганда, албатта, дунё ухлаганни уйғотиб, ғофилни ҳушёр қиларди.Аллоҳ таоло наздида дунёнинг мисқолча қадри йўқ. Пашша қанотича камайтирилмай дунё хазиналари калитлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрстатилганда, уни олишдан бош тортдилар.
Аллоҳ таоло синов-имтиҳон учун солиҳ бандаларидан дунёни пинҳон тутди, алдаш учун душманларига дунёни кенг ва бемалол қилиб қўйди.
Аъло ибн Зиёд: “Тушимда дунёни ўзига оро бериб, афт-башараси буришган кампир қиёфасида кўрдим. Одамлар унга топиниб, ҳар томондан ҳайратланиб қарарди. Кампир олдига бориб, унга бунчалик ажабланиб қараётганларидан ҳайрон бўлдим. Шунда кампирга: “Сен кимсан?”, дедим. У: “Мени танимаяпсанми?”, деди. Мен: “Йўқ”, дедим. “Сен кимсан?”, деб сўрадим. “Мен дунёман”, деди. “Аллоҳдан сенинг ёмонлигингдан паноҳ сўрайман”, дедим. У: “Агар ёмонлигимдан паноҳ топишни истасанг, дирҳамни ёмон кўр!”, деди.
Исо алайҳиссалом: “Дунё-кўприк, унда машғул бўлмасдан ўтинглар”, дедилар. Ҳақиқатан, бу дунё ҳаёти охиратга олиб боришга очиқ ва ёрқин мисолдир. Бешик шу кўприк бошидаги дастлабки масофа бўлса, лаҳад-охирги масофадир. Шу иккови орасида қисқа бир масофа мавжуд. Одамлардан қанчаси шу кўприкнинг ярмига етиб борса, қанчаси учдан бирини ва қанчаси учдан бирининг бирини босиб ўтадилар. Қанчасига бир қадамдан ортиқ юриш насиб қилмади. Ҳар қанақасига кўприкдан ўтилиши шарт. Аммо шу кўприкдан ўтиб олиш ҳақида ўйламай, унинг устида иморат қуриб, турли зийнатларга чалғиб яшаш ғоят жоҳиллик ва ютқизишдир.
Али каррамаллоҳу важҳаҳу бундай дедилар: “Билингларки, сизлар ўликсизлар, ўлгандан сўнг тириласизлар. Амалларингиз олдида турғизилиб, у туфайли жазо(мукофот)ланасизлар. Сизларни дунё ҳаёти алдаб қўймасин. Албатта, у бало-офатлар билан ўраб қўйилган, фонийлиги билан танилган ва алдамчилги билан васф қилинган. Дунёдаги ҳар бир нарсани завол тутади. Дунё ўз аҳли ўртасида гоҳ буёқ, гоҳ буёққа айланади. Дунё ҳеч қачон бир хил турган эмас, унинг ёмонлигидан низо, кураш тўхтаган эмас. Дунё аҳли сурур ва лаззатдан сарҳуш бўлиб турганида, тўсатдан бало ва алдовга йўлиқади”.
Ҳар бир нарсанинг ўртаси, яъни меъёри яхшидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз, дунёни деб охиратни, охиратни деб дунёни ташлаб қўймаганингиздир”, деганларидан кўриниб турибдики, бу дунёда Аллоҳ таоло бераётган неъматларга шукр қилиб, охиратимиз учун ажру-савоблар олиш, яхшиликлар қилиб олиш учун бу дунё айни муддаодир.
Барчамизга маълумки, дунё роҳати абадий эмас, у ажал сари етаклайди. Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса эса боқийдир. Бизни бу дунё ташвишлари, тўплаётган молимиз, фарзандларимиз Аллоҳнинг зикридан, ибодатидан жалғитиб қўймаслиги зарур. Бу ҳақда Аллоҳ таоло “Мунофиқун” сураси, 9-оятида: “Эй иймон келтирганлар. Молларингиз ва болаларингиз сизни Аллоҳнинг зикридан чалғитмасин. Ким шундай қилса, бас, ана ўшалар ютқазувчилардир”.
Бу ҳаётда озгина баҳраманд бўлиб, йўқлик оламига кўчиб ўтишда беш кунлик дунёда ўйнаб-кулиб ажални кутиб олиб, охиратига ҳеч қандай заҳира тайёрламасдан ўзларига ерни макон тутган инсонлар қанча? Уларга энди ортга йўл йўқдир. Бунга далил эса Муминун сураси, 100-оятида: “Шоядки тарк қилган нарсамда солиҳ амал қилсам, дер. Йўқ! Албатта, бу (қуруқ) сўз бўлиб, у айтгувчи, холос. Уларнинг ортида қайта тириладиган кунларигача тўсиқ бордир”.
Агар амалларимиз гувоҳлик берса, қалбимиздаги нарсалар чиқарилса, диллардаги барча сир-асрорлар ошкор қилинса, Малик ва Жаббор бўлган Зот ҳузурига олиб боришимиз учун турғизилса, қалблар олдинги гуноҳларига раҳм-шавқат сўраб, қўрқиб титраса, пардалар кўтарилиб, айб ва сирларимиз очилса, ана шу вақтда ҳар бир жон ўзи қилиб ўтган амалига яраша жазо олади.
Аллоҳ таоло “Нажм” сураси, 31-оятида: “Осмонлару ердаги барча нарсалар Аллоҳникидир. У ёмонлик қилганларни амалига яраша жазолар ва яхшилик қилганларни гўзал (мукофот) ила мукофотлар” деб марҳамат қилган.
Агар бизга ҳар бир кун шайланган амаллар ошкор қилинса, олдинда келаётган кунимиздан юз буриб қочардик, бой берган вақтимизни ўйлаб, ғам-қайғуга ботардик. Лекин Аллоҳ таоло ажойиб тадбир қўллаб, уларни кўришдан маҳрум қилди. Тасалли ва таскин бўлиши учун дунёнинг бало-офатлари қатига лаззат ва завқни жойлаб, ана шу таъмга машғул-овора қилиб қўйди. Дунёни ва охиратни ҳеч қачон бир-бирига тенглаштириб бўлмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Дунёнинг охиратга нисбати биронтангиз бармоғини денгизга теккизишига ўхшайди. Бундан ўзига нима қайтиб келишига қарсин”, дедилар.
Али каррамаллоҳу важҳаҳу айтадилар: “Сизларга Аллоҳдан қўрқишни, гарчанд алсо ҳоҳламасангиз ҳам, дунё меросини тарк этишни васият қиламан. Танангиз қариб-қартайиб бораётир, сизлар тетик ва бақувват бўлишни ҳоҳлайсизлар. Сизлар ва дунё мисоли бир йўлда сафарга чиққан қавмга ўхшайди. Гўё улар шу йўлни босиб ўтадигандек, сафарга чиқадилар, гўёки, етиб борадигандек, йўл белгисига қараб юрадилар. Охирига қадар етиб бориш учун йўл масофаси қанча деб ўйлайсиз?
Дунёда бир кун қолиш эҳтимолини қанча деб ўйлайсиз? Дунёнинг зарари ва ғам-қайғуси деб ташвиш чекманг, барибир шу дунёда интиҳо топади. Дунё матоси ва неъматларидан ортиқча ҳурсанд бўлманг, у барибир заволга юз тутади. Дунёни излагувчини ўлим таъқиб эта туриб, дунёни излаши ва ўлим ҳар қадамда пойлаб юрганини била туриб, ғофил бўлганига ҳайронман”.
Дунёда охират учун озуқа еғиб, мусофирлар қарз нарсадан фойдаланганидек, дунёдан баҳраманд бўлсак, ундан ажралган вақтда мусибатларимиз оғир бўлмаслиги учун қалбларимизни тўлиқ бермасак, дунёни муқим қолувчилар учун эмас, ундан ўтгувчиларга берилган зиёфат деб қарасак, дунёю-охиратимиз обод бўлади, инша Аллоҳ.
Дунёга ва унинг зийнатларига чалғиб қолмаслигимиз учун, ибодатларимизда бардавом бўлишимиз ва бу дунёдаги мусибатларга сабр қилиб, карам ва ҳилм билан гўзал тарзда бизга ёрдам беришини меҳрибон Зот Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.
Нодирабегим ФАҲРУТДИНОВА,
“Янги аср” университети “Филология ва тилларни ўқитиш (мумтоз тиллар бўйича)” факультети 1-курс талабаси.
Инсоният цивилизацияси тарихида айрим даврлар борки, улар фақат муайян халқ ёки минтақанинг эмас, балки бутун жаҳон тараққиётининг йўналишини белгилаб берган. Ислом цивилизациясининг IX–XV асрлардаги юксалиш даври ана шундай тарихий босқичлардан бири ҳисобланади. Бу даврда илм-фаннинг турли соҳалари бир-биридан ажралмаган ҳолда. ўзаро уйғунликда ривожланди. Математика астрономия билан, тиббиёт фалсафа билан, география математика билан, тилшунослик тарих билан, диний илмлар эса мантиқ ва тафаккур маданияти билан мулоқот қилган. Бугун фанлараро тадқиқот, рақамли гуманитаристика, сунъий интеллект ва комплекс илмий ёндашувлар жаҳон илм-фанининг энг муҳим йўналишларига айланган бир пайтда, ўша тарихий тажриба янада қизиқарли аҳамият касб этмоқда.
Мазкур уйғунлик тасодифий эмас эди. У Қуръони каримда илмга берилган юксак қадр, тафаккурга даъват, инсонни борлиқни англашга чорловчи ғоялар билан мустаҳкамланган илмий дунёқараш маҳсули эди. Шу сабабли ўша давр олимларини бугунги замонавий тушунчалардаги қатъий «мутахассисликлар» доирасига жойлаштириш қийин.
Форобий фалсафа, мантиқ, сиёсат, ахлоқ ва мусиқа назарияси билан шуғулланган. Хоразмий математика ва астрономия соҳаларида ишлаган. Беруний астрономия, география, геодезия, минералогия, тарих ва этнографияга оид асарлар яратган. Ибн Сино тиббиёт билан бир қаторда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар ҳақида ҳам кенг тадқиқотлар олиб борган. Улуғбек эса давлат бошқаруви, таълим ва астрономик тадқиқотларни бирлаштирган илмий муҳитни шакллантирган. Бу мисолларнинг умумий жиҳати шундаки, билим соҳалари ўртасидаги чегаралар қатъий бўлмаган.
Бугун «интердисциплинар тадқиқот» деб аталадиган ёндашувнинг айрим тамойиллари айнан ана шу интеллектуал анъаналар билан ҳамоҳанг.
Шунингдек, ислом цивилизациясининг интеллектуал меросини фақат табиий ва аниқ фанлар билан чеклаш ҳам тўғри эмас. Чунки диний илмлар соҳасида ҳам манбаларни йиғиш, текшириш, таснифлаш ва баҳолашга қаратилган мураккаб илмий анъаналар шаклланган.
Имом Бухорийнинг ҳадис илмидаги мероси бунга яққол мисол бўла олади. Ҳадисларни саралашда ровийлар ҳақидаги маълумотлар, ривоят занжири ва бошқа мезонлар ўрганилган. Имом Мотуридий эса ақидавий масалаларни ақл ва нақл уйғунлиги асосида таҳлил қилган. Унинг мероси ислом интеллектуал анъанасида ақлий далиллаш ва диний билим ўртасидаги муносабат масаласида муҳим ўрин тутади.
Шу жиҳатдан Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний ёки фақат илмий тарих сифатида эмас, кенг интеллектуал жараён сифатида кўриш мумкин.
Ўзбекистонда илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси тарихий илмий меросни замонавий тараққиёт эҳтиёжлари билан боғлашга қаратилган.
Бу ёндашувнинг марказида илм-фан, таълим, инновация, маданият ва маънавиятни ўзаро боғлиқ тизим сифатида ривожлантириш ғояси туради.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шу концепциянинг муҳим амалий ифодаларидан биридир.
Марказнинг вазифаси фақат тарихий экспонатларни намойиш қилиш билан чекланмайди.
Унинг концепциясида ислом цивилизациясининг илм-фан, таълим, фалсафа, санъат, меъморчилик ва инсонпарварлик соҳаларидаги меросини комплекс равишда ўрганиш ва намойиш этиш ғояси мужассам.
Нафақат музей, балки интеллектуал платформа
Марказни анъанавий музей тушунчаси доирасидагина баҳолаш унинг концепциясини тўлиқ ифодаламайди. Замонавий музей фақат экспонат сақлайдиган жой эмас. У тадқиқот, таълим, рақамлаштириш ва халқаро илмий мулоқот марказига айланиши мумкин. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази концепциясида ҳам ана шу ёндашув муҳим ўрин тутади.
Қадимий қўлёзма — шунчаки тарихий буюм эмас. У тил, тарих, матншунослик, кодикология, санъат, материалшунослик ва рақамли технологиялар нуқтаи назаридан тадқиқ қилиниши мумкин бўлган мураккаб манба. Археологик меросни ўрганишда эса геоинформацион тизимлар, рақамли моделлаштириш, 3D технологиялар ва бошқа замонавий усуллардан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Шундай қилиб, маданий меросни ўрганишнинг ўзи фанлараро жараёнга айланмоқда.
Ўтмишни сунъий интеллект билан боғлаш
Технологиялар маданий меросни ўрганиш усулларини ҳам ўзгартирмоқда.
Қўлёзмаларни юқори сифатда рақамлаштириш, матнларни электрон базаларга киритиш, сунъий интеллект ёрдамида матнларни таҳлил қилиш, 3D моделлар яратиш ва виртуал муҳитларда тарихий объектларни қайта тиклаш имкониятлари илмий тадқиқотлар учун янги йўналишларни очмоқда.
Бу ерда муҳим нуқта бор. Технология тарихнинг ўрнини босмайди — у тарихни янги авлод учун тушунарли ва тадқиқот учун янада очиқ қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг концепцияси ҳам ўтмишдаги илмий меросни замонавий технологиялар билан боғлашга қаратилган.
Бу ёндашув тарихий билимни архив ва китоблар доирасидан чиқариб, халқаро тадқиқотчилар, талабалар ва кенг жамоатчилик учун очиқ интеллектуал ресурсга айлантириш имконини беради.
«Маърифат билан жаҳолатга қарши»
Ислом цивилизациясининг илмий меросини ўрганишнинг яна бир аҳамияти бор.
Глобал ахборот маконида дин, тарих ва маданият ҳақида турли хил, баъзан бир-бирига зид тасаввурлар юзага келганда тарихий меросни илмий асосда тушунтириш нафақат маданий, балки маърифий аҳамиятга ҳам эга.
Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний маросимлар ёки сиёсий воқеалар орқали эмас, балки математика, тиббиёт, астрономия, фалсафа, география, меъморчилик ва бошқа соҳалардаги ютуқлар билан бирга ўрганиш унинг мураккаб ва кўп қиррали табиатини яхшироқ англаш имконини беради.
Шу маънода маърифат тарихий билимни замонавий ахборот муҳитидаги нотўғри талқинларга қарши муҳим воситага айлантириши мумкин.
Ўзбекистоннинг янги халқаро илмий платформаси
Ислом цивилизацияси бир мамлакат ёки бир халқнинг мероси эмас. У Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Жанубий Осиё ва бошқа ҳудудларни қамраб олган кенг тарихий ва интеллектуал маконни ифодалайди. Шу сабабли бу меросни ўрганиш ҳам халқаро ҳамкорликни талаб қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олдидаги муҳим вазифалардан бири ҳам турли мамлакатларнинг олимлари, университетлари, музейлари ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида мулоқотни кучайтиришдан иборат.
Бу Ўзбекистоннинг ўз тарихий меросини дунёга танитиш билан бирга, мамлакатни глобал гуманитар тадқиқотларнинг фаол иштирокчиси сифатида намоён этишига хизмат қилиши мумкин.
Учинчи Ренессанснинг асосий кучи
Учинчи Ренессанс ҳақида гап кетганда, масала фақат янги бинолар қуриш ёки янги муассасалар ташкил этишдан иборат эмас. Асосий савол бошқа: Ўзбекистон ўзининг бой илмий меросини замонавий билим ва инновацияларга қандай айлантира олади? Бу саволнинг жавоби илм-фан, таълим, технология, маданият ва инсон капиталининг бир нуқтада бирлашишини талаб қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ҳам шу нуқтада намоён бўлади. У тарихий меросни сақлаш билан бирга, уни тадқиқ қилиш, рақамлаштириш, халқаро илмий мулоқотга олиб чиқиш ва янги авлодга етказиш учун платформага айланиши кўзда тутилмоқда.
Шу маънода Марказни ўтмишга бағишланган иншоот эмас, келажакка йўналтирилган интеллектуал инвестиция сифатида баҳолаш мумкин.
Чунки цивилизациянинг ҳақиқий қиймати фақат унинг ўтмишда яратган мероси билан эмас, балки бу мерос янги авлод учун қандай янги билим ва ғояларга айланиши билан ҳам ўлчанади.
Хоразмийнинг ҳисоблаш усулларидан бугунги алгоритмларгача, Берунийнинг комплекс тадқиқотларидан замонавий фанлараро лойиҳаларгача, Улуғбек расадхонасидан рақамли астрономиягача бўлган йўл бир ҳақиқатни кўрсатади: илм тараққиёти чегаралар эмас, мулоқот ва ҳамкорлик орқали тезлашади.
Эҳтимол, Учинчи Ренессанснинг энг муҳим вазифаси ҳам ана шунда — аждодлар яратган билимларни шунчаки эслаш эмас, балки улардан янги билимлар яратиш учун фойдаланиш. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса ана шу ғоя атрофида шаклланаётган янги интеллектуал муҳитнинг муҳим платформаларидан биридир.
Муаллиф: Абулфайз Сайидасқаров, iccu.uz
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати