Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази дунёдаги ислом санъати тўпламлари мавжуд музей, марказ, кутубхона каби жойларда бўлиб, ислом цивилизацияга оид коллекциялар билан танишмоқда. Марказ қуйида ислом санъати тўпламлари бўйича энг йирик музейлар бешлигини тақдим этади:
1. Ислом санъати музейи (Қоҳира, Миср)
Қоҳирадаги Ислом санъати музейи дунёнинг энг улкан музейларидан биридир. У ўзининг ноёб ва камдан-кам учрайдиган ёғоч ишловлари, артефактлар, керамикалар, шиша, кристаллар ва матолар билан бутун ислом дунёсидан тўпланган буюмлар билан машҳур. Йиллар давомида музейда 2500 дан ортиқ артефактлар 25 галереяда намойиш этилган бўлса-да, музейда 102 000 дан ортиқ буюм мавжуд. Энг муҳим артефактлардан бири — Қуръоннинг ноёб қўлёзмаси бўлиб, баъзи қисмларида кумуш сиёҳ билан ёзилган калиграфия мавжуд.
2. Ислом санъати музейи (Доҳа, Қатар)
Қатарнинг пойтахти Доҳа шаҳрида жойлашган ушбу музей 1980 йилларнинг охирларидан бошлаб тўпланган артефактлар билан танилган. Ушбу музейда дунёдаги энг катта ислом санъати коллекциялари жамланган бўлиб, бу музей 1400 йил давомида уч қитъада мусулмон санъати ва артефактларини намойиш этади. Баъзи артефактлар Испания, Ироқ, Эрон, Ҳиндистон, Туркия, Миср ва Марказий Осиёдан келтирилган. Музейда VII асрдан XIX асргача бўлган металл ишловлари, керамика, заргарлик буюмлари, ёғоч ишловлари, матолар ва шиша асарларини ўз ичига олган ижод намуналари намойиш этилади.
3. Оға Хон музейи (Торонто, Канада)
Бу музейда ислом санъати ҳамда Эрон санъатига доир ноёб топилмалар жамланган ва у Торонто шаҳрида жойлашган. Музейда ислом тарихининг барча даврларидан олинган санъат асарлари ва меросларининг тўплами мавжуд. Оға Хоннинг шахсий тўпламлари, Лондоннинг Ислом тадқиқотлари институти ва Садриддин Оға Хоннинг оилавий тўпламлари ҳам шулар жумласидан. Артефактлар орасида керамика, металл ишловлари ва расмлар мавжуд. Маълумотларга кўра, музейда Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асарининг энг қадимги нусхаси (1052 йил) ва IХ-Х асрларга оид Қуръони Каримнинг саҳифаси сақланади.
4. Турк ва Ислом санъати музейи (Истанбул, Туркия)
Истанбулнинг Фотиҳ туманида жойлашган ушбу музей 1524 йилда қурилган ва аввал Паргали Иброҳим Пошшонинг саройи бўлган. Музейда муҳим ислом хаттотлик санъати, плиткалар, гиламлар ва турли турк маданиятларини намойиш этувчи этнографик кўргазмалар мавжуд. Турли даврлар ва минтақалардан бўлган турар-жойлар реконструкция қилиниб, кўргазмаларда намойиш этилган.
5. Пергамон музейи (Берлин, Германия)
Пергамон музейи Берлин шаҳрида жойлашган бўлиб, 1910-1930 йилларда қурилган. Музей икки қисмга бўлинган: Яқин Шарқ музейи ва Ислом санъати музейи. Ҳар йили бир миллиондан ортиқ одам музейга ташриф буюради. Музей Германиядаги энг кўп ташриф буюрилган санъат музейи сифатида эътироф этилади. Музейда VII-ХIХ асрлар орасидаги артефактлар, Испаниядан Ҳиндистонгача бўлган минтақалардан келтирилган. Энг машҳур артефактлардан бири — Мшатта фасади, бу саҳродаги сарой деворининг бир қисми бўлиб, Иордания жанубида жойлашган.
Манба (https://rahyafteha.ir/en/14721/5-museums-with-the-largest-collection-of-muslim-art/)
Ислом цивилизацияси маркази
Ахборот хизмати
Савол: Масжиддаги жамоатда баъзан олдинги сафдаги одамнинг кийими калта бўлгани учун саждада орқаси қисман очилиб қолади ва бехосдан унга кўзимиз тушиб қолади. Шу ҳолатда таҳорат ёки намозимиз бузилмайдими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Уламолар таҳорат ва намозни бузувчи омилларни бирма-бир санаганлар. Улар ичида бировнинг авратига кўз тушиб қолиш сабабли бузилади, деган гап йўқ. Бировнинг, хоҳ аёлнинг, хоҳ эркакнинг авратига қараш сабабли бавл ёки бирор суюқлик чиқмаса, таҳорат синмайди. Аммо бу дегани қараш, назар солиш мумкин экан, деб тушунмаслик керак. Чунки бундай ишлар асло мумкин эмас.
Бир нарсани ёдда тутиш лозимки, намоз ўқиш учун тайёрланаётган инсон намоз ўқиш асносида авратлари очилиб қолмаслигининг чорасини кўриши керак бўлади. Чунки бир рукн (фарз амали) миқдорича авратининг тўртдан бири очилиб турса, унинг намози бузилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази