#kun_hikmati
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:
“Ҳилм – илмнинг вазири. Мулойимлик – илмнинг отаси. Тавозеъ эса илмнинг либосидир”.
– Ҳилм – қийинчиликларга сабрли ва матонатли бўлиб, ғазабни ичга ютиш, одамлар билан муомалада юмшоқ бўлишдир. Бунинг акси – ғазаб, жиззакилик ва сержаҳлликдир.
– Мулойимлик – юмшоқлик, оғир-босиқлик билан муомала қилиш. Унинг акси – дағаллик, қўполлик, бағритошлик, қўрсликдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ мулойимдир ва мулойимликни яхши кўрадир”, деганлар.
– Тавозеъ – ўзини катта тутмаслик. Бунинг акси – такаббурлик, ўзини катта санаш, ғурурланиш.
#hilm #ilm #muloyimlik
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан очиқ ва самимий мулоқотлари фуқаролар мурожаатларини ўрганиш ҳамда уларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугун, 16 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Диний идорага келган бир гуруҳ фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаат, арз ва таклифларини тингладилар.
Мулоқот давомида имомлар фаолиятини янада такомиллаштиришга оид таклифлар кўриб чиқилди. Шунингдек, устоздан хайрли дуо олиш ниятида келганлар, ўзлари ёзган китобларини тақдим этганлар ҳам бўлди. Моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқароларга эса белгиланган тартибда тегишли кўмак кўрсатилди.
Самимий қабул ва кўрсатилган эътибордан мамнун бўлган фуқаролар миннатдорлик билдириб, хайрли дуолар қилишди.
Дарҳақиқат, инсон дардига шерик бўлиш, унинг ташвишини енгиллатиш — савоби улуғ амалдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар:
«Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишини аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади» (Имом Бухорий ривояти).
Эслатиб ўтамиз, бундай қабуллар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудий вакилликлари ҳамда барча жоме масжидларида ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати